Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:40

Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига зўрлик қилганларга қатъий жазо чоралари қўлланилиши талаб қилинмоқда


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Тошкентдаги «Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти” нодавлат ташкилоти Бош прокуратурага Марғилондаги 1-сонли Меҳрибонлик уйининг собиқ раҳбарлари ва тарбиячиларига чиқарилган суд ҳукмидан норозилик билдириб, шикоят аризаси киритди.

Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига зўрлик қилганларга қатъий жазо чоралари қўлланилиши талаб қилинмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:00 0:00

Аризада Марғилон шаҳридаги 1-сонли Меҳрибонлик уйида етимларга ҳукумат ва халқаро ташкилотлар тарафидан ажратилган хайр-эҳсон пулларини талон-тарож қилганликда, болалар уйи тарбияланувчиларини жинсий ва жисмоний эксплуатация қилинганликда айбланганларга нисбатан “суд томонидан ўта енгил жазо чоралари қўлланилгани”дан норозилик билдирилган.

-Биз жуда кўпчилик билан бу масалада мулоқот қилдик. Ҳамма суд ҳукмидан норози эканини айтди. Лекин ҳамма ҳам Бош прокуратурага ўз норозилигини билдириб мурожаат қилишга ботина олмас экан. Ўзбекистонда “Жамоатчилик назорати тўғрисидаги қонун” қабул қилинди. Мана шу қонун нодавлат ташкилотларининг боғлиқ қўлларини ечиб ташлади. Шу қонунга таянган ҳолда биз Бош прокуратурага мурожаат қилдик, - деди «Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти” нодавлат ташкилоти раҳбари Сайёра Хўжаева Озодлик радиоси мухбирига овозини ёзиб олмаслик шарти билан берган суҳбатида.

Сайёра Хўжаеванинг билдиришича, ариза Бош прокуратурага махсус почта орқали юборилган. Нодавлат ташкилоти раҳбари Бош прокуратура 10 кун ичида суд чиқарган ҳукм устидан протест киритиш ҳуқуқига эга эканини таъкидлар экан, бу масалада, албатта, кенг жамоатчилик фикри эътиборга олинишидан умид қилишини айтди:

-Ҳар бир жиноятга унинг нақадар оғир эканига қараб жазо чоралари белгиланиши лозим. Афсуски, Марғилондаги Меҳрибонлик уйида болаларни мунтазам калтаклаб, қийнаб ва ҳатто зўрлик қилиб келган шахсларга нисбатан ўта енгил жазо чоралари қўлланилди. Бу ҳолат рецедивга сабаб бўлади. Жамиятда “Бундай жиноятлар жазосиз қолаверар экан”, деган нотўғри тушунча пайдо бўлади. Бунинг оқибатида бу каби жиноятлар яна такрор-такрор содир этилиши мумкин. Шунинг учун мурожаатимиз охирида Бош прокурорга қонунчилик ташаббуси ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда вояга етмаганларга нисбатан жиноят содир этганларга нисбатан жазо чораларини кучайтириш борасидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишни таклиф қилдик, -деди Сайёра Хўжаева.

Марғилондаги 1-сонли Меҳрибонлик уйининг собиқ раҳбарлари ва тарбиячиларига нисбатан 18 апрелда бошланган суд жараёни августнинг бошида якунлангани тўғрисида ЎзА 7 августда хабар берган эди.

Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига ҳукумат ва халқаро ташкилотлар томонидан ажратилган маблағларни талон-тарож қилиш, вояга етмаган болаларни калтаклаш ва қийноқларга солиш, шахснинг ҳомиласини мажбурий равишда сунъий тушириш, вояга етмаган болаларга нисбатан зўрлик ишлатмай уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этиш каби қатор айбловлар билан судланган собиқ директор Камол Якубов ва директор ўринбосари Собиржон Усмонов 4 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Бундан ташқари фельдшер Ихтиёр Йўлдошев 3 йилу 6 ойга, тарбиячи Равшан Абдуфаттоев 3 йилга қамалди.

Тарбиячилар Хуршида Якубова, Наргиза Солиева, энагалар Дилдора Жўрабоева ва ХанифаТўраеваларга 3 йил озодликни чеклаш, бош ҳисобчи А.Муйдинова ва ҳисобчи А.Саидкамоловага 3 йил муддатга моддий жавобгарлик ва мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Мазкур жиноят иши юзасидан жами 10 нафар одамга ҳукм чиқарилди.

Суднинг бу ҳукми ижтимой тармоқларнинг ўзбек контентида ҳам фойдаланувчиларнинг кескин норозилилига сабаб бўлди.

Фойдаланувчилар “суд ўта енгил жазо чораларини қўллаган” қабилидаги фикрларни айтиб, Марғилондаги 1-сонли Меҳрибонлик уйининг собиқ раҳбарлари ва тарбиячиларига қатъйироқ жазо чоралари қўлланилишини талаб қилмоқда.

Бош прокуратура ҳозирча жамоатчиликнинг бу талабига муносабат билдиргани йўқ.

XS
SM
MD
LG