Биринчи декабрь куни Чэнду шаҳрида Ўзбекистон ва Хитой ташқи ишлар вазирлари ўзаро визадан озод қилиш тўғрисида ҳукуматлараро битимни имзолади. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари Бахтиёр Саидов Телеграмдаги расмий саҳифасида маълум қилди.
Битимга мувофиқ, Ўзбекистон ва Хитой фуқаролари икки давлат ҳудудларига кириш, ундан чиқиш ёки транзит қилиш учун 30 кунгача муддатга виза талабларидан озод қилинади.
“Бу ҳужжат алоқаларимизни янада фаоллаштириш, савдо айланмасини ошириш ва халқлар ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш йўлидаги яна бир муҳим қадамдир”, деган Саидов.
Расмий Тошкент изоҳига кўра, “мазкур халқаро шартнома томонлар зарур бўлган давлат ички тартиб-таомилларини бажарганидан сўнг кучга киради”.
Озодлик ўтган ҳафта бошида Тошкент Пекинга виза тартибини эркинлаштиришни таклиф қилгани ҳақида хабар қилган эди.
Маълумот ўрнида: Ўзбекистон 2021 йил март ойидан Хитой фуқаролари учун 10 кунлик визасиз режим жорий қилганди.
Хитойнинг Ўзбекистондаги элчиси Юй Сзюн 2023 йил октябрь ойида Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида икки давлат ўртасида визасиз режимни жорий этиш бўйича Пекин ҳукуматида “кучли хоҳиш борлиги”ни таъкидлаганди.