Тадқиқот: Одамлар совға беришни коррупция эмас, миннатдорлик деб билади

Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда аксар кишилар совға беришни коррупция эмас, балки миннатдорлик белгиси деб ҳисоблайди. Пора олди-бердисини кўпчилик қораласа-да, муносиб хизмат учун кичик совғалар одатийдек қабул қилинади.

“Ўзбекистонда коррупцияга қарши миллий экотизимни мустаҳкамлаш” қўшма лойиҳаси томонидан ўтказилган тадқиқот жамоатчиликнинг коррупцияга доир шу каби янглиш тасаввурларини ўртага чиқарган.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги маълум қилишича, Ўзбекистоннинг 14 та ҳудудида мақсадли гуруҳлар, эксперт интервьюлари ва телефон орқали сўровлар ёрдамида жамоатчилик фикри ўрганилган.

Сўровномада эркаклар ва аёллар, шунингдек, шаҳар ва қишлоқ аҳолиси тенг равишда иштирок этган. Ёш гуруҳлари бўйича 25 ёшдан 34 ёшгача бўлган гуруҳ кўпчиликни ташкил қилган.

Респондентлар коррупция иллатини мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, қариндошларни ишга жойлаштиришда устунлик, давлат хизматчисига пул кўринишида миннатдорлик, қонун ва меъёрий ҳужжатларнинг шахсий манфаатлар учун шакллантиришга таъсир кўрсатиш, аҳоли истеъмоли учун мўлжалланган товарлар ва хизматларни ўзлаштириш дея изоҳлаган.

Мавзуга алоқадор Коррупция учун жазо кучаймоқда- коррупционерлар муддатидан аввал қамоқдан чиқди

Сўров қатнашчиларининг 74 фоизи коррупция ҳолатлари ҳақида хабар беришга, жумладан, 82,2 фоизи электрон платформа ёки мобил илова орқали хабар беришга тайёр. 12 фоиз респондент эса коррупция ҳақида хабар беришни салбий ҳолат деб ҳисоблайди. Хабар бермасликнинг асосий сабаблари сифатида бу бефойда экани, ҳеч ким бунга эътибор бермаслиги (24,8 фоиз), кимга мурожаат қилишни билмаслик (20,4 фоиз), коррупциядан ўзлари манфаатдорлиги (19,8 фоиз) кўрсатилган.

Корея Республикаси Коррупцияга қарши курашиш ва фуқаролик ҳуқуқлари бўйича комиссияси (АCRC), БМТ Тараққиёт дастурининг Сеулдаги сиёсий маркази ва Европа Иттифоқи билан ҳамкорликда ўтказилган ушбу тадқиқот 500 дан ортиқ сўров иштирокчиларининг маълумотларига ва вазирлик, идораларнинг аноним ходимлари фикр-мулоҳазаларига асосланган.

Аввалроқ Коррупцияга қарши курашиш агентлиги 2024 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда 3837 нафар шахс коррупцияга оид жиноят содир этгани учун суд томонидан жиноий жавобгарликка тортилганини билдирганди.

Агентликка кўра, 2023 йилда коррупция билан боғлиқ жиноятлар натижасида давлат манфаатларига етказилган зарарнинг юқори улуши Андижон, Наманган, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларига тўғри келди.