Жорий йилнинг 1 сентябрида Россияда ота-она қарамоғисиз қолган қийин вазиятга тушиб қолган 14 нафар ўзбекистонлик бола ватанига қайтарилган. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Агентлик қайдича, бу болалар “Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳридан Ички ишлар ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирликлари масъул ходимларининг хизмат сафарлари доирасида” Тошкентга олиб келинган.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги юртга қайтган болалар ота-онаси ва ўз яқинларининг қарамоғига қайтарилишини билдирган. Айни пайтда Ўзбекистонга қайтарилган болаларнинг Россияда нима сабабдан ота-она қарамоғисиз қолганига аниқлик киритилмаган.
“Уларга ўзларининг яшаш манзилига яқин “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари томонидан бир қатор ижтимоий хизматлар, жумладан, болаларнинг ўзлари ва уларнинг оила аъзоларига психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиб бориш белгиланган”, дейилган агентлик хабарномасида.
Аввалроқ Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили матбуот хизмати ўтган ойда Россияда қаровсиз қолдирилган 31 нафар бола, сўнгра эса “Дунё” ахборот агентлиги Қозоғистонда қаровсиз қолган 3 нафар бола Ўзбекистонга олиб келингани ҳақида маълум қилган эди.