Олий суд вакили терговда куч ишлатилишини қоралади

Иллюстратив сурат

Терговчи томонидан гумонланувчига нисбатан куч ишлатилишига чек қўйиш зарур. Бу масалага Олий суд раисининг биринчи ўринбосари – Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Икром Муслимов 13 декабрь куни Тошкентда ОАВ вакиллари билан учрашув чоғида эътибор қаратди.

Daryo.uz нашри мухбири матбуот анжуманида Ўзбекистонда судга қадар тергов органи томонидан гумонланувчиларга нисбатан куч ишлатилиши ва босим ўтказилиши ҳолатлари юз бераётган бўлса-да, суд тиббий экспертизаси ўз вақтида ўтказилмагани сабаб уни тасдиқлаш имконсиз бўлиб қолаётганини қайд этган.

“Док-1 Макс” иши билан боғлиқ судда айнан шундай ҳолат кузатилган. Судланувчилар судда терговчи томонидан уларга куч ишлатилганидан арз қилган. Аммо жисмоний тазйиқ ҳолати беш-олти ой илгари бўлгани сабаб экспертизада жароҳат факти тасдиқланмаган.

Олий суд раисининг биринчи муовини Икром Муслимов бу саволга жавобан “шахсга дастлабки тергов органи томонидан жисмоний, руҳий тазйиқ ўтказилган бўлса, судлар бу ҳолат юзасидан хизмат текшируви тайинлашга ва хулоса олишга мажбур” эканини таъкидлаган.

Ўтган ой Олий суд раиси Бахтиёр Исломов билан учрашган маҳаллий адвокатлар қамоқ эҳтиёт чорасини қўллашда суиистеъмолчиликлар муаммосини кўтарганди. Ўшанда Исломов қамоққа олиш эҳтиёт чораси оммавий қўлланаётгани сабаб вақтинчалик сақлаш изоляторлари тўлиб кетганини тан олган эди.