Ўзбекистон 2023 йилда Европага саноат экспортини 600 та маҳсулотга, экспорт ҳажмини 700 миллион долларга етказиши лозим. Бу ҳақда президент Мирзиёев саноатни ривожлантириш масалаларига бағишланиб 7 ноябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида билдирган.
Ўзбекистон “GSP+” тизимига қўшилганига бир йилдан ошгани, Европа бозорида сотиладиган тайёр маҳсулотлар учун транспорт харажатларига 70 фоизгача субсидия берилаётганига эътибор қаратган Мирзиёев, президент матбуот хизмати маълумотига кўра, Европага “GSP+”га кирадиган 6 минг 200 та божсиз маҳсулотнинг бор-йўғи 325 тури экспорт қилинаётганини урғулаган.
“Сабаби - корхоналаримиз йирик етказиб бериш занжирларига қўшила олмаяпти, халқаро сертификати йўқ. Сифати яхши бўлса ҳам, маҳсулотини сота олмаяпти”, деган Ш. Мирзиёев.
Ўтган йилнинг 10 апрелида Ўзбекистон учун Европа Иттифоқининг барқарор ривожланиш ва самарали бошқарув бўйича махсус преференциялар тизими (GSP+) кучга кирган. Ўшанда Ўзбекистон мазкур тизимга Преференциялар бош тизими (GSP) доирасида бенефициар мамлакат сифатида қабул қилинган эди.