Ўзбекистоннинг “Газли” ва “Хўжаобод” ерости газ омборларида қиш мавсуми учун 5,1 млрд куб метрдан ортиқ газ захираси жамланди, деб маълум қилди Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов YouTube’даги “Лолазор” подкастида.
Мулозим бу йил ўтган йилга нисбатан 1,1 млрд куб метр кўпроқ газ захираси йиғилганини урғулаган.
Ҳозирда мамлакатда “Газли” ва “Хўжаобод” ерости газ сақлаш омборидан фойдаланилмоқда. Мирзамаҳмудов маҳаллий блогерлар билан мулоқот мобайнида “Сўх” газ омбори бўйича эса ишчи гуруҳ тузилгани, ўрганиш ишлари олиб борилаётганини қайд этган. Мазкур омбор Қирғизистон ҳудудида жойлашган бўлиб, компрессорлар ва бошқа технологик ускуналар Ўзбекистон ҳудудида ҳисобланади.
Аввалроқ “Газли” қувватини 2025 йилга қадар икки баробар ошириб, 3 млрд куб метрдан 6 млрд куб метргача ошириш режаси эълон қилинганди. Вазирга кўра, ҳозирча омбор қуввати 4,5 млрд куб метргача кенгайтирилган.
Маълумот ўрнида, 2023 йили куз-қишга ҳозирлик доирасида “Газли” ва “Хўжаобод” омборлари 98 фоизга тўлдирилгани маълум қилинган, аммо ўтган йили ҳам совуқ мавсум газ тақчиллиги билан ёдда қолганди.
Умуман, кейинги уч-тўрт йилда мамлакатда куз-қиш мавсумида газ тўлдириш шохобчаларида турнақатор навбатлар пайдо бўлиши, ҳатто АЁҚШларда чекловлар жорий этилиши одатий ҳолга айланган.