Кейинги ўқув йилидан “дарслик пули” қайта тикланади

Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда 2025/2026 ўқув йилидан эътиборан мактаб дарсликлари ва машқ дафтарлари тўплами ижараси учун тўловлар қайта жорий этилмоқда.

Янги бюджет лойиҳасига кўра, 2024 йилда бир ўқувчи учун битта дарслик ва иш дафтарларининг ўртача нархи 450-500 минг сўмни ташкил этган.

Ҳукумат битта дарслик тўплами учун 80 минг сўм, яъни умумий нархнинг қарийб 18 фоизи миқдорида тўлов жорий этишни таклиф қилмоқда.

Дарсликлар ва машқ дафтарларининг тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан чоп этилиши ота-оналар масъулияти пасайиб кетиши ва дарсликларга нисбатан эътиборсиз муносабатда бўлиш ҳолатларини келтириб чиқармоқда”, дейилган бюджет лойиҳасида.

Gazeta.uz хабарига кўра, Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Темуржон Комилов 29 октябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида ижара тўлови киритилиши бюджет юкламасини тахминан 376 миллиард сўмга камайтиришини айтган.

Жорий йилда дарсликлар учун 1,5 триллион сўм, келаси йили эса 1,3 триллион сўм сарфланиши кутилмоқда.

2022 йилда Таълим вазирлиги “жаҳон бозорида қоғоз нархи ошгани” важидан дарсликлар ижара ҳақини кескин оширганди. Ўшанда жамоатчиликнинг кучли эътирози ортидан “дарслик пули” бекор қилинган.

Ҳозир ҳам фаоллар дарсликлар учун ижара тўлови тикланишини Конституцияга зид чора, дея танқид қилишмоқда.