Бухоро вилоятида 50000 ва 100000 сўмлик купюраларни қалбакилаштириш билан шуғулланиб келаётган жиноий гуруҳнинг фаолиятига чек қўйилган.
Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати маълумотига кўра, жорий йилнинг 11 март куни Жондор тумани ИИБга туманнинг Самончуқ маҳалласида яшовчи Л.Р. исмли фуқаро ариза билан мурожаат қилиб, шу куни савдо дўконига мижоз сифатида келган нотаниш кимса дўкондан 12 дона елим тоғора харид қилиб, унга 10 дона 100000 ва 1 дона 50000 сўмлик купюрадаги - жами 1 миллион 50 минг сўм бериб, ҳисоб-китоб қилгани, нотаниш мижоз кетганидан сўнг пулларни кўздан кечирганида, унга берилган купюраларнинг серия рақамлари бир хил эканлигини билиб, пуллар қалбаки эканлигига гумон қилганини билдирган ва бу номаълум шахсни аниқлаб, унга нисбатан чора кўришни сўраган.
Мурожаат юзасидан текширув ўтказилган пайтда мазкур купюралар Ўзбекистон Республикаси пул бирликларини ишлаб чиқарувчи босма корхона томонидан тайёрланмагани, яъни компьютер техникасидан фойдаланиб, рангли томчи-пурковчи принтер ёрдамида қўлбола усулда тайёрлангани аниқланган.
Ҳолат юзасидан туман ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан номаълум шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 176-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Жиноят иши бўйича ўтказилган тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни Бухоро туманида яшовчи Р.А., унинг жиноий шериклари К.У. ҳамда ромитанлик Д.Н. олдиндан тил бириктириб содир этганлари аниқланган.
Тинтув чоғида Р.А. нинг яшаш уйидан 25 дона 50000 сўмлик бир хил серияли, жами 1250000 сўм қалбаки купюралар, жиноий гуруҳнинг яна бир аъзоси Д.Н.нинг яшаш хонадонидан бир дона компьютер жамланмаси, бир дона “EPSON” русумли рангли принтер, бир дона қоғоз кесувчи ускуна, 120 дона қирқилмаган оқ қоғознинг ҳар бирига уч нусхадан чоп этилган, бир хил серияли, 50000 сўмлик купюрадаги, жами 18600000 сўм миқдордаги пул купюралари ҳамда бир дона хотирасида бир нечта давлатларнинг пул бирликлари электрон суратлари бўлган 16 гигабайтли флешкарта ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинган.
Бухоро вилояти ИИБ хабарномасида айни кунда Жондор тумани ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан ушбу жиноий гуруҳнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани қайд этилган.