Жиззах, Самарқанд ва Бухоро вилоятларида қалбаки пул ясаганликда гумонланган олти киши қўлга олинди. Жиззах вилоят Ички ишлар бошқармасининг билдиришича, улар камида 462 миллион 400 минг сўмлик қалбаки пулларни тайёрлаб, муомалага киритган.
Расман билдирилишича, қалбаки пул ясовчилардан бири 3 февраль куни Жиззах вилоятининг Пахтакор туманида пластик картага 4,3 миллион сўм қалбаки пул ўтказаётганида қўлга олинган.
Дастлабки тергов давомида Жиззах вилоятида яна икки киши қўлга олинган. Улардан бири Самарқанд вилоятида яшовчи шахсдан 18 миллион сўмга қалбаки 28 миллион сўм сотиб олганини тан олган.
Самарқандлик шахс қўлга олинганидан сўнг дастлабки терговда қалбаки пулларни Бухоро шаҳрида яшовчи шахсдан сотиб олганини айтган. Шундан сўнг Бухорода 100 миллион қалбаки пулни 30 миллионга сотмоқчи бўлган уч киши қўлга олинди.
Бундан аввал 2021 йилнинг апрелида Бухоро вилоятида 50000 ва 100000 сўмлик купюраларни қалбакилаштириш билан шуғулланиб келган жиноий гуруҳнинг фаолиятига чек қўйилгани хабар қилинганди.
2021 йилнинг мартида эса Тошкент вилояти Зангиота туманида ва Тошкент шаҳрининг Миробод туманида қалбаки евроларни сотаётганлар ушланган. 2021 йил февралида Тўрақўрғон туманида 200 дона қалбаки 100 долларликни 9 минг долларга сотаётган шахслар қўлга олинган.