“Док-1 Макс” иши оқибатида ногирон бўлиб қолган ўзбекистонлик болаларга ҳар жиҳатдан кўмак кўрсатилаётгани ҳақидаги расмий баёнот шубҳа остига олинди.
Соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажарувчи Асилбек Худоёров 21 октябрь куни журналистлар билан мулоқотда “Док-1 Макс” дорисининг ножўя таъсири оқибатида ногирон бўлиб қолган болаларга “давлат томонидан кафолатланган тиббий ёрдам кўрсатилаётгани”ни айтганди.
Фарзанди 2022 йил декабрь ойида ушбу доридан заҳарланган ва 65 кун комада ётган Феруз Нуриддиновнинг Daryo.uz нашрига айтишича, вазир жамоатчиликка ёлғон маълумот берган.
“Ўша вазир ҳам, унинг ходимлари ҳам ҳатто давлатнинг бирорта шифохонаси шифокорлари бирор марта ўғлимнинг ҳолидан хабар олмаган-ку! Ҳатто уйимнинг эшиги қайси томонга очилишини билмай туриб, “биз ногирон бўлиб қолган болаларни даволаяпмиз, кўмак беряпмиз” дейишга уялмадими? Ўша вазирдан сўранг-чи, доримас, бирорта шприц берганмикан?” деган жабрдийда ота.
Қайд этилишича, вазирнинг бу гапидан сўнг кўпчилик ота-оналар у билан кўришиш ниятида юрибди.
Феруз Нуриддинов 5 яшар ўғли Алибекни даволатиш учун уйини сотиб, яқинларидан қарз олишга мажбур бўлган. Шунга қарамай, бола гапиролмайдиган, юролмайдиган бўлиб қолган.
“Док-1 Макс” Ўзбекистон фармацевтикаси тарихидаги энг можароли ишлардан бири саналади.
Мамлакатда 2022 йил охирида Ҳиндистоннинг Marion Biotech ширкати ишлаб чиқарган дори воситаларидан болаларнинг заҳарланиши кузатилган. Расмий маълумотларга кўра, бунинг оқибатида 68 нафар бола вафот этган, камида 18 нафар бола ногирон бўлиб қолган.