Жо Байден: Асаднинг қулаши - “адолат тантанаси”

АҚШ президенти Жо Байден

АҚШ президенти Жо Байден Сурия президенти Башар Асад режимининг қулашини “адолат тантанаси” деб атаган. Айни пайтда у Суриядаги ҳозирги вазият беқарор ва хатарли эканини эътироф этиб, ўтиш даврида Сурияга ва минтақа мамлакатларига ёрдам беришни ваъда қилган.

Байден Суриядаги қуролли мухолифат отрядлари Дамашқни эгаллаб олгани, Сурияни 24 йил давомида бошқарган Башар Асад эса мамлакатни тарк этгани маълум бўлганидан кейин 8 декабрь оқшомида Оқ уйда чиқиш қилган.

АҚШ президенти унда Асаднинг қаерда эканига оид аниқ маълумот йўқлиги, бироқ Асаднинг Москвада экани ҳақида хабарлар келаётганини қайд этган. Суриянинг собиқ лидерига Россиядан бошпана берилгани хусусида аввалроқ ТАСС агентлиги Кремлдаги манбадан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилганди.

Ўз чиқишида Байден Асаднинг иттифоқчилари – Россия, Эрон ва Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” радикал ҳаракати (АҚШда террор ташкилоти деб тан олинган) Сурияда фуқаролар уруши бошланганидан буён илк бор унга ёрдам беролмаганини таъкидлаган. Унинг иддаосича, бунга Қўшма Штатлар ва иттифоқчиларининг сиёсати Москва ва Теҳрон кучсизланишига олиб келгани ҳам сабаб бўлган.

Байден шу кунда Сурия халқи олдида “тарихий имконият” пайдо бўлаётганини қайд этган. Айни пайтда у ҳозирда ҳокимият тепасига келган қатор мухолифатчи кучлар ўтмишда террор фаолиятига ва инсон ҳуқуқлари бузилишига дахлдор бўлганини ҳам урғулаган. Хусусан, мухолифатнинг сўнгги ҳужумида асосий ролни ўйнаган “Ҳайъат Таҳрир уш-Шом” гуруҳи АҚШ расмийлари томонидан ҳалигача террор ташкилоти ўлароқ эътироф этилади. Байден Вашингтон мухолифат лидерларини қилаётган ишларига қараб баҳо бериши ҳамда АҚШ ўтиш даврида Сурияга ёрдам беришга тайёр эканини қайд этган.

Сурияда дунёнинг кўплаб мамлакатларида террор ташкилоти деб тан олинган “Ислом давлати” гуруҳига қарши курашни мақсад қилган АҚШ контингенти мавжуд. Америкалик ҳарбийлар жойлашган ҳудуд Сурия демократик кучлари деб аталган гуруҳи назорати остида бўлиб, мазкур гуруҳда асосий ролни курдлар ўйнайди. Дамашқни ишғол қилган кучлар мухолифатнинг бошқа қанотига мансуб бўлиб, уларнинг кўпи Сурия демократик кучларига душманона кайфиятда бўлган Туркия томонидан дастакланади. Исроил ҳам Асад режими қулашини олқишлаётган бўлса-да, Суриядаги вазият юзасидан хавотир изҳор қилмоқда. Байден Исроил АҚШни исроиллик ҳарбийлар Ғўлон тепалигидаги буфер ҳудудини эгаллаши ҳақида огоҳлантирганини билдирган.

Қўшма Штатлар 2011 йили Сурияда фуқаролар уруши бошланганидан кейин Башар Асаднинг ҳокимият тепасидан кетиши ва Сурияда кенг кўламли мулоқот асосида янги ҳокимият шакллантирилишини талаб қилган. АҚШ ва иттифоқчилари Асадни тинч норозилик чиқишларини бостирганлик ва инсон ҳуқуқларини бузганликда ҳамда кимёвий қурол қўллаганликда айблашган. Бироқ АҚШ Сурия мухолифатига Асадга қарши курашда қурол-аслаҳа билан дастак беришдан бош тортиб, Дамашққа қарши санкциялар жорий қилиш, кимёвий қурол қўлланилганига жавобан бир неча зарба бериш ҳамда “Ислом давлати”га қарши амалиётлар билан чекланган.