Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганлигининг 31 йиллиги муносабати билан амнистия эълон қилинди. Президент матбуот хизматининг 6 декабрда билдиришича, президент Шавкат Мирзиёев “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 109-моддаси 23-бандига асосан содир этган жинояти учун жазони ижро этиш муассасалари ва пробация органларида жазо ўтаётган ҳамда “қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган” 334 нафар шахс афв этилди.
Афв этилган шахсларнинг 34 нафари асосий жазодан тўлиқ озод этилди, 249 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 6 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди. Шунингдек, 45 нафар шахсларга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.
Афв этилганларнинг 18 нафарини чет эл фуқаролари, 23 нафарини аёл, 15 нафарини 60 ёшдан ошган шахслар ҳамда 88 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.