Ўзбекистон халқ артисти Тўлқин Тожиев вафот этди

Тўлқин Тожиев мингдан зиёд бадиий фильмни ўзбек тилига дубляж қилишда қатнашган.

Ўзбекистон халқ артисти, дубляж санъати устаси Тўлқин Тожиев 88 ёшида вафот этди.

Таъзиянома ёйинлаган Ўзбек миллий академик драма театри марҳум актёрни “ўзбек дубляж санъатининг қироли” деб атаган.

Тўлқин Тожиев 1936 йил 13 апрелда Тошкент шаҳрида туғилган. 1959 йили Тошкент театр ва рассомлик институтининг актёрлик факультетини тамомлаб, узоқ йиллар театр, кино ва дубляж соҳасида ижод қилган.

Актёр “Ревизор”, “Ҳамлет”, “Қирол Лир”, “Отелло”, “Алишер Навоий”, “Мирзо Улуғбек” каби спектаклларда, “Маҳаллада дув-дув гап”, “Алангали йиллар”, “Беш оғайнилар” каби фильмларда роль ижро этган.

Тўлқин Тожиев мингдан зиёд бадиий фильмни ўзбек тилига дубляж қилишда қатнашган. Хусусан, “Иван Васильевич касбини ўзгартиради”, “Нофелет қаерда?”, “Автомобилдан сақланинг”, “Садоқат”, “Филлар менинг дўстларим”, “Рам ва Шам” каби бадиий фильмларга овоз берган.