Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:39

Диний идора рухсатисиз Ҳажга борганларни ДХХ Тошкент аэропортида сўроқ қилди


Аҳолиси 32 миллиондан ошган Ўзбекистонда  Ҳаж квотаси 7200 та қилиб белгиланган. Суратнинг 28 август куни Тошкент аэропортида бўлган воқеага алоқаси йўқ.
Аҳолиси 32 миллиондан ошган Ўзбекистонда  Ҳаж квотаси 7200 та қилиб белгиланган. Суратнинг 28 август куни Тошкент аэропортида бўлган воқеага алоқаси йўқ.

Ўзбекистон Мусулмонлар диний идораси рухсатисиз, Дубайдаги ҳусусий ширкатлар орқали Саудия Арабистонига Ҳаж сафарига бориб қайтган 35 нафар ўзбек ватандоши 28 август куни Тошкент аэропортида тўхтатилди.

Исми очиқланмаслигини истаган ҳожилардан бири уларни аэропортда Давлат хавфсизлиги ходимлари 7 соат давомида сўроқ қилгани, паспортларини олиб қолиб, кейин қўйиб юборганини Озодликка айтди.

Диний идора рухсатисиз Ҳажга бориб қайтган ўзбекистонликлар нега сўроқ қилингани ҳақида Давлат хавфсизлик хизматидан ҳам Ўзбекистон Бош прокуратурасидан ҳам изоҳ олиб бўлмади.

Ўзбекистон Мусулмонлар идорасининг Ҳаж ва Умра сафарларини ташкил этиш бўлими раҳбари Саидакмалхон Шокиров ҳожиларнинг Тошкент аэропортида тўхтатилиб, сўроқ қилинганидан хабари йўқлигини айтди.

Шокиров ўзбекистонликларнинг Cаудия Арабистонига диний идора руҳсатисиз хусусий ширкатлар орқали ибодат учун бориши ноқонуний эканини ҳам қўшимча қилди.

Аммо, қайси қонунга мувофиқ бу ноқонуний ҳисобланади ва туристик фирмалар орқали Ҳажга борганларга қандай жазо бор деган Озодлик саволини Шокиров жавобсиз қолдирди.​

Тошкент аэропортида тўхтатилиб, сўроқ қилинган ўзбекистонлик ҳожилардан бири ДХХ ходимлари уларни “Ким билан боргансан? Гуруҳ раҳбаринг ким? Қанчадан пул бердинг? У ерда кимлар билан кўришдинг?", каби саволларга тутганини Озодликка айтди.

Етти соат ушлаб туриб, ҳаммамизни паспортимизни олди. Ички ишлар бўлимларига сўроққа борганларингда оласизлар, деб қўйиб юборишди

- Кеча 28 август куни Дубайдан Тошкентга 16.30 ларда қўндик. Аэропортга келишимиз билан ДХХ ходимлари бизни тўхтатиб, алоҳида хоналарга олиб кириб сўроқ қилди. Сўроқ пайти соқол қўйган Даврон исмли тошкентлик йигит билан ҳам юзлаштиришди. "Бу одамга қанча бергансизлар", деб сўрашди. Аёлларимиздан бири "маҳаллада 30 йилдан бери навбатим келмайди, биз у ерда президентимизни дуо қилиб келдик ахир", деб жанжал кўтарганидан кейин, вазият юмшади. Етти соат ушлаб туриб, ҳаммамизнинг паспортимизни олди. Ички ишлар бўлимларига сўроққа борганларингда оласизлар, деб қўйиб юборишди”, - деди ўзбекистонлик ҳожи.

Ўзбекистонлик мусулмонларнинг Мусулмонлар диний идораси рухсатисиз хусусий ширкатлар орқали Саудия Арабистонига Ҳаж ва Умра сафарига бориши 2017 йил 7 июнидаги Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси Дин ишлари қўмитасининг "Ҳаж" ва "Умра" тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низомга мувофиқ тақиқлаб қўйилди.

Ўзбекистондаги Саудия Арабистони элчихонаси ҳам шу низомга мувофиқ Ўзбекистон Мусулмонлар диний идораси руҳсатисиз ўзбек ватандошларига виза беришни тўхтатган.

Аммо, хусусий ширкатлар орқали Ҳаж ва Умрага бормаслик ҳақидаги Низомга қарамай, сўнгги икки йил ичида айрим ўзбек ватандошлари Дубайдаги хусусий сайёҳлик ширкатлари орқали виза олиб Саудия Арабистонига Ҳаж ва Умрага бориб келгани ҳақида Озодлик хабар берган.

Аэропортда тўхтатиб қолинган ҳожилардан бири диний идора йўналиши бўйича Ҳажга бориш қийин ва қиммат эканини айтади.

“Диний идора Ҳажга боришни монополия қилиб олган. Йиллаб кутиб, навбати келмаётганлар бор. Иккинчидан, қиммат, 4 минг АҚШ долларига тушяпти. Дубайда ҳусусий ширкатлар 3 минг доллар таклиф қилишади. Шароитлари диний идораникидан анча яхши”, - дейди ўзбекистонлик ҳожи.

Хорижий каналлар орқали ўзбекистонликларнинг Умра ва Ҳаж сафарларини уюштириш билан қайси ширкатлар шуғулланиши, улар орқали неча киши Умра ва Ҳажга борганига оид маълумот Озодликда йўқ.

Ўзбекистон Мусулмонлар идорасининг Ҳаж ва Умра сафарларини ташкил этиш бўлими раҳбари Саидакмалхон Шокиров эса ҳожиларнинг Тошкент аэропортида тўхтатилиб, сўроқ қилинганидан хабари йўқлигини айтди.

Шокировга кўра, Cаудия Арабистонига ибодат сафарларига ҳусусий ширкатлар орқали бориш ноқонуний ҳисобланади:

Туристик фирмалар орқали Ҳажга бориш бизда қонуний ҳисобланмайди, фақат диний идора орқали борилади, бошқа йўллар билан бориш ноқонунийдир.

- Бизда Ҳажга маҳаллада рўйхатдан ўтиб, кейин туман, вилоят, республика комиссиялари орқали ўтиб бориш ҳақиқий бориш ҳисобланади. Туристик фирмалар орқали Ҳажга бориш бизда қонуний ҳисобланмайди, фақат диний идора орқали борилади, бошқа йўллар билан бориш ноқонунийдир. Бизда Ҳаж ва Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида низом бор, ҳамма мусулмонлар шунга амал қилиши керак.

Аммо, қайси қонунга мувофиқ бу ноқонуний ҳисобланади ва туристик фирмалар орқали Ҳажга борганларга қандай жазо бор деган Озодлик саволини Шокиров жавобсиз қолдирди.

- Бу саволга бош прокуратурадан жавоб оласиз, - деди Шокиров.

Диний идора руҳсатисиз Ҳажга бориб қайтган ўзбекистонликлар нега сўроқ қилингани ва улар нега ички ишлар бўлимларига боришлари кераклиги ҳақида Давлат хавфсизлик хизматидан ҳам Ўзбекистон Бош прокуратурасидан ҳам изоҳ олиб бўлмади.

Аҳолиси 32 миллиондан ошган Ўзбекистонда Ҳаж квотаси 7200 та қилиб белгиланган.

2017 йилда қабул қилинган Ҳаж ва Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, Ҳажга бир борган одам иккинчи марта бормайди.

Ўзбекистон ижтимоий тармоқларида эса Ҳаж зиёрати учун навбат бир неча йилларга чўзилиши, таниш-билишчилик ва айрим ҳолатларда порахўрлик ҳам кузатилаётгани тилга олинади.

XS
SM
MD
LG