Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:39

“Ўзбекистон танқидга ҳануз тоқатсиз”. Польшалик журналист аккредитациядан маҳрум қилингани ҳақида


Агнешка Пикулицка шу йил февралида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ходими ўзига аккредитация жараёнида ижобий мақолалар ёзишни сўраб, босим ўтказганини айтган эди.  
Агнешка Пикулицка шу йил февралида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ходими ўзига аккредитация жараёнида ижобий мақолалар ёзишни сўраб, босим ўтказганини айтган эди.  

Польшалик журналист Агнешка Пикулицка-Вильчевска Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг аккредитациясини узайтирмаслик ҳақида 2 июнь куни эълон қилган қарори ўзи учун кутилмаган бўлмаганини айтди.

“Бу қарор мени ажаблантиргани йўқ. Сўнгги икки ой давомида бўлган ҳодисаларга қарасак, менга берилган аккредитация узайтирилмаслиги олдиндан маълум эди. Чунки менга босимлар бўлди. Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги менга қарши ҳақорат ва туҳматларга тўла айбловлар билан чиқди. Бу Ўзбекистон сўз эркинлигига ҳамон тайёр эмаслиги, танқидга ҳануз тоқатсиз эканини кўрсатади. Бу Ўзбекистонда журналистика ва инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланадиганлар учун, афсуски ёмон янгиликдир”, - деди Агнешка Пикулицка 2 июнь куни Озодлик билан суҳбатда.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида айтилишича, польшалик журналистга “Ўзбекистон Республикаси қонунчилигининг бузилиши ҳолатлари қайд этилганлиги сабабли” аккредитация муддатини узайтириш сўрови рад этилган.

“Al Jazeera” телеканали мухбири А.Пикулицка-Вильчевска томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунчилигининг бузилиши ҳолатлари қайд этилганлиги сабабли Ташқи ишлар вазирлиги унинг аккредитациясини узайтирмаслик тўғрисида қарор қабул қилди”, - дейилади ТИВ баёнотида.

Бундан олдин Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги журналистни “Ўзбекистон Республикасининг “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни 6 моддаси, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонуни 7-моддаси ҳамда “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонуни 6-моддаси талабларини бузганликда айблаб чиққанди.

Агнешка Пикулицка бу “туҳмат” эканини таъкидларкан, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги билан судлашишга тайёрлигини айтди.

“Улар мени фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситганлик, этник ва диний адоват қўзғаш ва мамлакатнинг ички ишларига аралашганликда айблашмоқда. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг мени бундай айблашига асос йўқ. Ҳеч қанақа суд қарори ҳам йўқ бундай айб қўйишга. Буни мен ўзимга нисбатан туҳмат, деб биламан ва ТИВ устидан судга арз қиларман балки. Ўзбекистондан кетиш ниятим йўқ, ҳозирча бу мамлакатда яшашим мумкин”, - деди журналист 2 июнь куни Озодлик билан суҳбатда.

Аккредитация ва шилқимлик айбловлари

Агнешка Пикулицка шу йил февралида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ходими ўзига аккредитация жараёнида ижобий мақолалар ёзишни сўраб, босим ўтказганини айтган эди.

Бундан ташқари, журналист вазирлик ходимини шилқимликда ҳам айблаган.

Бу иш шов-шув бўлгач, вазирлик шилқимликда айбланган ходим ишдан бўшатилганини маълум қилди ва журналистни аккредитациядан ўтказди.

Польшалик журналист: ТИВ ходими мени ўпишга уринди, тегажоғлик қилди ва ҳар хил жойларга таклиф қилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:29 0:00

“Ўша пайтда Ташқи ишлар вазирлиги Рустам исмли ходимининг менга шилқимлик қилгани билан боғлиқ жанжал марказида қолиб, ўта ноқулай вазиятга тушиб қолган, деб ўйлайман. Менга шилқимлик қилган ходимини ишдан бўшатиб, кечирим сўрашгача боришганди вазиятдан чиқиш учун. Аккредитацияни олганимдан кейин мен бу масалага қайтмадим. Орадан тўрт ой ўтиб, мени ЛГБТ тарғиботчисига чиқаришди, энди аккредитациямни узайтиришмади. Аслида бу аккредитациянинг менга фойдаси ҳам бўлгани йўқ.”, - дейди Агнешка Пикулицка.

Журналист Агнешка Пикулицка Миллий масс-медиани ривожлантириш жамғармаси васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов билан.
Журналист Агнешка Пикулицка Миллий масс-медиани ривожлантириш жамғармаси васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов билан.

Матбуотга ҳужум

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг польшалик журналист аккредитациясини узайтирмаслик қарори ва унга қарши айбловлар эркин матбуотга ҳужум сифатида баҳоланмоқда.

Америкалик ҳуқуқшунос профессор, Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Ўзбекистондаги собиқ вакили Стив Свердлоу: “Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг журналистга аккредитациясини рад этиш қарори эркин матбуотга берилган зарбадир”, - деб ёзди.

Норвегиядаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Ҳелсинки қўмитаси вакили Ивар Дэйл: “Халқаро ҳамжамият Ўзбекистон ҳукуматининг инсон ҳуқуқларини яхшилаш бўйича ваъдаларини бажаришини кутмоқда. Матбуот эркинлиги ҳар қандай ислоҳот учун муҳим аҳамиятга эга. Бу қарор ўзбек ҳукуматини фақат ёмон томондан кўрсатади”, дея баёнот берди.

Ўзбекистонда хорижий ОАВларга ишловчи мухбирлар Оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот маркази орқали аккредитация қилинади.

2005 йилги Андижон воқеаларидан сўнг мамлакатда "Би-Би-Си", “Озодлик” радиоси, “Америка овози” ва бошқа қатор халқаро оммавий ахборот воситалари аккредитациядан маҳрум қилинганди.

2019 йилда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги "Би-Би-Си", “Америка овози” ҳамда "Фарғона" агентлиги мухбирларини аккредитациядан ўтказган.

Ўзбекистонда ишлаган халқаро журналистлар аккредитация жараёни узоқ вақт олиши ва шаффоф эмаслигини айтишади.

АҚШ Давлат департаменти шу йил апрелида эълон қилган йиллик ҳисоботида Ўзбекистонда “хорижий ва маҳаллий барча оммавий ахборот воситалари субъектлари рўйхатдан ўтиши ва уларнинг муассиси, бош муҳаррири ва ходимлари исмларини кўрсатиши шарт қилиб қўйилгани”ни танқид қилган.

Ҳисоботда қайд этилишича, қонун барча хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари ўзлари бераётган маълумотлари тўғрилиги учун жавобгар бўлишини талаб қилади, чет эл журналистларининг мамлакатда расмий аккредитациясиз ишлашини тақиқлайди ва чет эл оммавий ахборот воситаларини ички оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонунларга бўйсундиради.

“Ҳукумат баъзи хорижий журналистлар ва оммавий ахборот воситаларини мамлакатда ишлаш имкониятидан маҳрум қилиш учун аккредитация қоидаларидан фойдаланади. Масалан, ҳукумат Озод Европа / Озодлик радиосининг аккредитация учун сўровини рад этишда давом этди”, дейилади АҚШ Давлат департаменти ҳисоботида.

XS
SM
MD
LG