Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:34

Кореяга ишга кетолмаганлар Korean & Migrationsдан пулни қайтаришни талаб қилмоқда


Меҳнат мигрантлари - Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигидан олинган сурат.
Меҳнат мигрантлари - Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигидан олинган сурат.

Бош офиси Тошкент шаҳрида жойлашган Korean&Migrations хусусий бандлик агентлигининг чет давлатларда ишга жойлаб қўйиш ҳақидаги ваъдаларига ишониб, шу ташкилотга миллионлаб сўм тўлаб қўйган ўнлаб ўзбекистонлик пулларини қайтариб беришни талаб қилмоқда.

Озодликка мурожаат қилганларнинг даъвосига кўра, Korean&Migrations уларни Жанубий Кореяга ишга юбориш ваъдаси билан ҳар бир кишидан 32 миллион 400 минг сўм миқдорида ҳақ олган, аммо ваъда қилинган муддат якунига етса ҳам, ҳеч ким чет элга ишга юборилмаган.

Айни пайтда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ​ходими Korean&Migrations хусусий бандлик агентлиги мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси, фирибгарлик бўйича жиноят иши қўзғатилгани, агентликнинг уч нафар раҳбар ходими ҳибсга олингани, агентлик лицензияси тўхтатилганини Озодликка маълум қилди.

Тошкентлик Улуғбек (исми суҳбатдошнинг илтимосига кўра ўзгартирилган) Жанубий Кореяга ишга кетиш учун Korean&Migrations ташкилотига 32 миллион 400 минг сўм тўлагани, бунга қўшимча 2 минг АҚШ доллари миқдорида "шапка" пул ҳам бергани, аммо ваъда қилинган муддат якунига етса ҳам, ҳеч ким чет элга ишга юборилмаганини Озодликка 12 ноябрда айтди.​

Кореяга кетиш учун "Турон банк"га 32 миллион 400 минг сўмдан шартнома билан тўлаганмиз, ҳар бир одам. Бу пул медосмотр, виза ҳаражатлари, учоқ билети ва Кореяда бир кун яшаш учун дейишган. Бундан ташқари агентлик хўжайинларига 2 минг АҚШ доллари миқдорида "шапка" тўладик.

- Кореяга кетиш учун "Турон банк"га 32 миллион 400 минг сўмдан шартнома билан тўлаганмиз, ҳар бир одам. Бу пул медосмотр, виза ҳаражатлари, учоқ билети ва Кореяда бир кун яшаш учун дейишган. Бундан ташқари агентлик хўжайинларига 2 минг АҚШ доллари миқдорида "шапка" тўладик. Ҳар битта одам берган буни, шуни бермаса кетмайди, дейишган-ди. Мана уч ойдан ошди, ҳеч ким ҳали кетгани йўқ, пулимизни ҳам паспортимизни ҳам агентлик қайтариб бермаяпти.

Korean&Migrations агентлигидан зарар кўрганларнинг Телеграмдаги хос канали аъзоларининг айтишича, улар 800 га яқин кишидир.

Korean&Migrations хусусий бандлик агентлигининг Озодлик саволига жавоб берган ходими ширкатда прокуратура томонидан текширув бўлаётгани, агентлик фаолиятини вақтинча тўхтатганини айтди.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ​мулозими Korean&Migrations хусусий бандлик агентлиги мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси, фирибгарлик бўйича жиноят иши қўзғатилгани, агентликнинг уч нафар раҳбар ходими ҳибсга олинганини Озодликка тасдиқлади.

Аммо, фуқаролар тўлаб қўйган пуллар қайтариладими-йўқми - бу борада бирон расмий маълумот йўқ.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Озодлик суҳбатлашган ходими ​Korean&Migrations хусусий бандлик агентлигидан жабр кўрган мижозлар тегишли тартибда мурожаат қилганлари тақдирда, уларнинг аризалари кўриб чиқилишини айтди.

Озодлик мазкур масала юзасидан изоҳ олиш мақсадида Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига ҳам боғланди.

Вазирлик матбуот хизмати вакили бу борада тез орада расмий изоҳ берилишини айтиш билан чекланди.

Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграция агентлигининг Жанубий Кореядаги вакили Алишер Сулаймонов эса Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистондан Кореяга ишчи юбориш билан фақат уларнинг агентлиги шуғулланишини айтди:

Ўзбекистондан ишчи кучини ёллаш фақат Корея Бандлик ва меҳнат вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат вазирлиги ўртасида имзоланган меморандум асосида амалга оширилади. Бу Кореяни талаби.

- Ҳусусий ангенлик қайси ташкилот билан ҳамкорлик қилган, нима асосда фуқаролардан пул олган, буни энди тегишли идоралар аниқлайди. Лекин, ҳусусий ширкатлар Жанубий Кореяга фуқароларни ишга жўнатолмайди. Сабаби Кореяда бандликка рухсат этиш тизими бор. Ушбу тизимга мувофиқ Ўзбекистондан ишчи кучини ёллаш фақат Корея Бандлик ва меҳнат вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат вазирлиги ўртасида имзоланган меморандум асосида амалга оширилади. Бу Кореяни талаби. Ҳусусий бандлик агентликлари мана шу тизим бўйича фуқароларни меҳнатга ёллашга ҳаққи йўқ. Фақат бу билан Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграция агентлиги шуғулланади.

Алишер Сулаймоновга кўра, ҳозирги кунда Ташқи меҳнат миграция агентлиги орқали 14 мингдан ортиқ ўзбекистонлик Жанубий Кореяда ишламоқда.

Korean&Migrations ташкилоти Ўзбекистонда норозиликка сабаб бўлаётган ягона ҳусусий бандлик агентлиги эмас.

Бундан олдин Германия, Чехия, Туркия каби мамлакатларга ишга юбориш ваъдаси билан фуқаролардан 35 миллион сўмдан пул олган Human ҳамда International Job Organisation хусусий бандлик агентликлари ҳам жанжал марказида қолган эди.

Август ойида Ўзбекистонда ишга жойлаштириш билан шуғулланган Тошкент, Самарқанд, Навоий ва Фарғона вилоятидаги 8 та хусусий агентлик фаолияти тафтиш этилгани хабари чиққанди.

Бу агентликлар ишга жойлаштириш учун одамлардан 100 фоиз тўловни ундириб, ваъдасини бажармаганликда, гражданлар хусусий агентликдан пулини қайтаришни талаб қилса, маблағ қайтарилмаяпти ёки хизмат кўрсатилмаган бўлса-да маблағнинг бир қисми ушлаб қолинаётганликда айбланган эди.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда уюшган ҳолда ишга жойлаштириш тизимини янада такомиллаштириш ва тубдан қайта кўриб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида” 725-сон қарори қабул қилинган эди.

Шу қарор асосида Ўзбекистон фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низоми тасдиқланган.

Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати маълумотига кўра, иш қидираётганларга чет элдан иш топиб бериш мақсадида лицензияга эга бўлган жами 65 та хусусий бандлик агентликларидан 30таси бирорта ҳам фуқарони хорижий давлатларга ишга юбормаган.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг раҳбарлари 2018 йилнинг октябрида коррупцияда айбланиб оммавий равишда қамоққа олинганди.

Миграция агентлигининг 20 га яқин расмийси Кореяга ишга кетаётганлардан 20 миллион доллар пора олганликда гумонланаётганини айтган эдилар.

XS
SM
MD
LG