Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:33

Туяқушчи "Straus house" эгаси терговчиларни 1 миллион доллар пора сўраганликда айблади


Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди биносида 27 февраль куни бошланган маҳкамада Иброҳим Исроилов журналистларга гапирмоқда.
Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди биносида 27 февраль куни бошланган маҳкамада Иброҳим Исроилов журналистларга гапирмоқда.

Юзлаб одамни чув туширганликда айбланаётган "Straus house" туяқуш ширкати раҳбари Иброҳим Исроилов 27 февраль куни ўзи ва яна уч шериги устидан бошланган очиқ маҳкамада терговчи ишни бости-бости қилиш учун ўзидан 1 миллион АҚШ доллари миқдорида пора сўраганини иддао қилди.

Исроилов ва у асос солган туяқушчилик ширкати директори, директор муовини ва ҳисобчиси 300 дан ортиқ фуқаронинг миллиардлаб сўм миқдордаги пул маблағларини фирибгарлик йўли билан талон-торож қилишда айбланмоқда.

Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди биносида 27 февраль куни бошланган маҳкамада Исроиловга журналистларга гапириш имкони берилди.

Суд залидан олинган видеода Исроилов қамоққа олинганидан кейин, ширкати мол-мулки талон-торож бўлгани, қамалгани ортидан туяқуш бизнеси касодга учрагани ва шу боис мижозлар пулларини қайтариш имконидан ҳам маҳрум қолганини айтади.

- Тўрт юздан ортиқ жўжа олганларнинг тақдирини ким ўйлайди? Менку қамалиб кетавераман. Ўзбекистонда туяқуш бозорини ривожланишида бизнинг ширкатнинг ҳиссаси катта бўлди. Биз ишлаётган пайт бозор қандай ривожланаётган эди. Бизнинг "Straus House" ширкати синди, бозор ҳам синди. Ким туяқуш олаяпти - ҳеч ким. Терговчилар ширкатга бориб, компьютерлармизгача олиб кетган. Мени қамаб қўйди. Қандай қилиб одамларнинг пулларни қайтариб беришим мумкин? Тағин мендан ишни бости-бости қилиш учун терговчилар 1 миллион АҚШ доллари сўрашган, - деди Исроилов.

Исроилов бу иддаосини қўлловчи далилларни судга тақдим қилган-қилмагани ҳақида Озодликда маълумот йўқ.

Олий суд эълон қилган баëнотга кўра¸ тергов жараëнида 300дан ортиқ жабрланувчи ва фуқаро даъвоси ўрганиб чиқилгани ва уларга етказилган моддий зарар миқдори қарийб 8 миллиард сўм деб баҳоланган.

Шундан дастлабки тергов мобайнида¸ айтилишича¸ 1,8 миллиард сўмдан ортиғи ундирилган.

Ҳозиргача тадбиркорларнинг туяқуш жўжалари учун "Straus House" га тўлаб қўйган пуллари қандай қайтарилиши борасида расмий маълумот берилмади.

"Straus House" ширкати эгаси Иброҳим Исроиловнинг исми очиқланмаслигини истаган яқинларидан бири Озодлик билан суҳбатда суддаги ҳужжатларда қарздорлик икки баравар кўп қилиб кўрсатилганини иддао қилди.

- 8 миллиард қилиб орттириб кўрсатилаяпти. Бундан ташқари юзлаб жўжа олганлар ҳам олмадим деб¸ ёки жўжалар ўлиб қолди¸ деб даъво қилган. Биз беш кун ичида ўлиб қолган жўжаларга жавоб берамиз. Ундан ортиқ муддатда ўлиб қолган жўжаларнинг пулини қайтариб беролмаймиз. Бизнинг ҳисоб-китобимиз бўйича қарздорлик 4 миллиард сўм атрофида. Ҳозир мана туяқуш жўжаси олиш учун Покистонга ўтказилган 200 минг АҚШ доллари қайтариб олинди. Ҳозир 100 минг АҚШ доллари Малайзияда турибди. 34 минг доллар Покистонда. Шу пуллар ҳам қайтарилса, пул қайтарилади. Бунинг учун Иброҳимни қамоқдан чиқариш керак, - деди Исроилов яқинларидан бири.

Бу суҳбатдош, тергов жараёнида Исроиловнинг бувисига тегишли Тошкентдаги уй ҳам хатланганини айтди.

- Бу уй Иброҳимники эмас¸ бувисиники. У уйга уч опа-сингил даъвогар. Иброҳим ​уй эгасига невара бўлади. Онаси биринчи эридан ажраб кетганидан кейин, бувисиникида яшаган, шу уйда яшаган холос. Булар шу уйни ҳам хатлашди, - деди Исроиловнинг исми очиқланмаслигини истаган қариндоши.

Озодлик Иброҳим Исроилов ва шерикларининг иддаолари юзасидан Ўзбекистон Бош прокуратурасидан изоҳ ола олмади. Прокуратура матбуот хизмати электрон манзилига 28 февраль куни юборилган саволлар жавобсиз қолди.

Исроилов ва шериклари устидан маҳкама 2 март куни Яккасарой туман суди биносида давом этади.

Икки йил аввал маҳаллий матбуот ва телевидение ¸ шунингдек ижтимоий тармоқларда "Strаus House" ширкати Жанубий Африкадан келтириладиган туяқуш жўжалари донасини ўртача 2 миллион сўмдан сотиб олиб¸ бойиш ҳақидаги реклама эълонлари билан танилди.

Исроилов¸ бир ёшга тўлган туяқушнинг ҳар бирини аҳолидан ўртача 9-10 миллион сўмдан қайта сотиб олишни ҳам ваъда қилди.

Ўзларини туяқуш бизнесида синаб кўрмоқчи бўлган фуқароларнинг Озодликка айтишича, улар шу рекламага учиб туяқуш жўжаларини ҳарид қилиш учун “Straus House” билан шартнома тузганлар.

Айтилган пул май ойида тўлиқ тўланганига қарамай¸ жўжалардан дарак бўлмагани ортидан¸ улар давлат идораларига шикоят қилишга киришган.

Озодлик гаплашганлар орасида¸ "Straus House" ваъдаларига учиб¸ банкдан кредит олиб, 200 миллион сўм тўлаб қўйганлар ҳам бор.

XS
SM
MD
LG