Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:48

Мухолифатдаги “Эрк” партияси вакилларини Адлия вазири қабул қилди


"Эрк" партияси бош котиби Атаназар Арифов
"Эрк" партияси бош котиби Атаназар Арифов

10 январда мухолифатдаги “Эрк” демократик партияси Бош котиби Атаназар Арифов еткчилигидаги 5 кишилик гуруҳни Ўзбекистон Адлия вазири Русланбек Давлетов қабул қилди.

Учрашув давомида вазир "Эрк" партияси вакилларига "Бу партия тарихда қолди" дея уқтиришга уринган.

"Эрк"чилар фикрича, партия низоми 1991 йилнинг сентябрида расман қайд этилган ва у бекор қилинган эмас.

Учрашувда кузатувчи сифатида қатнашган инсон ҳуқуқлари фаоли, қароргоҳи Прагада жойлашган People in Need ташкилотининг 2019 йилги мукофоти совриндори Аъзам Турғунов мулоқот тафсилотларини Озодликка гапириб берди.

- Вазир Давлетовнинг ўзи қабул қилиб бизнинг фикрларимизни диққат билан эшитди. Аммо вазир "Бундай партия тарихда қолди унутинглар деган гапни айтди. Ўзбекистон “Эрк” демократик партияси низоми 1991 йилнинг 3 сентябрида Адлия вазирлиги тарафидан рўйхатга олинган. Партияни ëпиш ë тугатиш ҳақида суд қарори ë бошқа ҳужжат йўқ. Шу боис, биз вазирдан фаолият учун рухсат сўрадик. Аммо вазир 1991 йилги ҳужжат ўз кучини йўқотган деган маънода бизга эътироз билдирди. Аммо энг муҳими - мухолифат билан ҳукумат мулоқотга киришгани. Ўзбекистон Адлия вазири охирги марта 1997 йили “Эрк” раҳбарияти билан учрашган эди. Мулоқот қайта бошланганини маъқуллайман.

Адлия вазирлигидаги учрашувда “Эрк” демократик партияси Марказий кенгаши аъзолари Атаназар Арифов¸ Салават Умрзоқов¸ Ҳамидулла Нурмухаммедов,ва Санжарали Имомов қатнашгани маълум бўлди.

"Эрк" партияси вакиллари Адлия вазирлиги биноси олдида
"Эрк" партияси вакиллари Адлия вазирлиги биноси олдида

Озодлик билан суҳбатда учрашув қатнашчиси Салават Умрзоқов “жамиятнинг мухолифатга эҳтиëжи кун тартибига қўйилган пайтдаги бу учрашув мамлакатнинг демократия сари ўзгараëтганига кичкина мисол бўлганини” таъкидлади.

Президент Шавкат Мирзиёев иқтидорга келганидан бери илк маротаба Ўзбекистон сиёсатида мухолифатга йўл берилиши ҳақида 2019 йилнинг 27 декабрида гапирган эди.

Мирзиёев Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабда ёшлар билан учрашувда мухолифат Ўзбекистонга қандай фойда келтиради дея риторик савол қўйган эди.

"Ижтимоий тармоқларда мухолифат муҳокама қилинмоқда. У бизга қандай фойда келтирди? Мен Президент сифатида мухолифатга қарши эмасман. Бироқ у ўзимизда пайдо бўлиши учун муҳит яратишимиз керак. Бу шахслар халқнинг дардини билиши, улар билан барча муаммоларни бошидан кечириши ва шу ернинг нонини еб, сувини ичиши керак", деган президент Мирзиёев.

Ўзбекистон президентининг бу гаплари Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг кузатувчилари Ўзбекистонда 22 декабрдаги парламент сайлови нисбатан эркинроқ ўтган бўлса-да, тизимдаги ўзгаришлар мухолифатнинг ўрнини тўлдира олмагани айтганидан сўнг янграган эди.

22 декабрь куни эса Ўзбекистон Марказий Сайлов Комиссияси раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов биринчи марта мухолифатдаги "Эрк" ва "Бирлик" ташкилотлари номини тилга олган ва уларнинг рўйхатга олиниши мумкинлигига ишора қилганди.

Президентнинг “шу ернинг нонини еб, сувини ичган” мухолифат зарурлиги ҳақидаги гапидан 13 кун ўтиб Адлия вазири “Эрк” партияси гуруҳини қабул қилди. Бундан олдин “Бирлик” партияси вакиллари ҳам Адлия вазирлиги бошқарма бошлиқлари томонидан қабул қилинган эди.

"Бирлик" партияси Марказий кенгаши аъзоси Анвар Усмоновнинг Озодликка айтишича¸"охирги марта 2019 йилнинг декабрида "Бирлик" вакиллари аризасини Адлия вазирлиги бўлим бошлиғи олиб қолган".

Ўзбекистонда 80- йиллар охирида "Эрк" демократик партияси , "Бирлик " халқ ҳаракати каби мухолиф сиёсий ташкилотлар ўртага чиққанди.

Ўзбекистон мустақиллик декларацияси ёзилишига ва унинг Олий мажлис томонидан қабул қилинишига айнан шу партиялар бош қўшгани айтиб келинади.

1992 йилги президент сайловида "Эрк" партияси раиси Муҳаммад Солиҳ президентликка номзод сифатида 12 фоиз овоз олгани расман айтилганди.

1992 йилги сайловдан кейин мухолифат лидерлари бирин-кетин хорижга кетишга мажбур бўлгандилар.

(Тузатиш: Мақола чоп қилинганида ëзилганидек, "Аъзам Турғунов "Эрк" демократик партияси Марказий кенгаши аъзоси" эмас. Бу нарса аниқлангани ортидан мақолага тузатиш киритилиб, "Аъзамжон Турғунов инсон ҳуқуқлари фаоли" деб ўзгартирилди - таҳр.)

XS
SM
MD
LG