Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:06

Шоҳи Зинда мажмуасида икки мақбара гумбази ëрилди. Махсус комиссия тузилди


 “Шоҳи-Зинда” мажмуаси
“Шоҳи-Зинда” мажмуаси

Кейинги бир ой давомидаги сурункали ëмғир ортидан Самарқанддаги Шоҳи Зинда мажмуасида 1372 йилда қурилган Шодимулк Оқо мақбараси хамда Қусам ибн Аббос зиёратхонасидаги гумбазларда ёриқлар пайдо бўлди.

Гумбазлардаги ёриқлар узунасига тахминан 45 см ва 90 см атрофида экани айтилди.

Жароҳат етган мақбаралар ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси объектлари рўйхатига киритилган ҳудудда жойлашган.

16 май куни Самарқанд вилоят Маданий мерос бошқармаси ходимлари ва реставратор мутахассислардан ташкил топган комиссия Шодимулк Оқо мақбараси ва Қусам ибн Аббос зиёратхонасидаги аҳвол жиддий эканлигини аниқлади.

Ўзбекистон Маданият вазирлиги мулозими Озодликка мақбараларда юзага келган ëриқларни бартараф қилиш ишлари яқинда бошланишини билдирди.

Туристлар учун хавф йўқ

Иккала гумбаздаги ëриқ пайдо бўлгани ва бу ëриқлар кенгайиши обида учун хатарли экани ҳақида 13 май куни санъатшунослар telegram тармоғи орқали ўз ҳавотирини билдиришган эди. Бу ҳавотирлар ортидан Маданий мерос бошқармаси текширув бошлади.

Маданият вазирлиги мулозимига кўра¸ бу ëриқлар пайдо бўлган бинолар маҳаллий ва хорижий туристлар учун хавфли эмас:

“Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти томонидан мутахассислар билан биргаликда Ишчи гуруҳ ташкил этилди. Ишчи гуруҳ томонидан шаҳарда жойлашган моддий маданий мерос объектларнинг ташқи ва ички ҳолати, улар деворларидаги пайдо бўлган ёриқ ёки бошқа даврий ўзгаришлар юзасидан аниқланган ҳолатлар ўрганилмоқда”.

Озодлик суҳбатлашган Маданият вазирлиги мулозимининг айтишича, Самарқанд шаҳридаги ëмғир ва сизот сувларнинг қадимий биноларга зарар кўрсатмаслиги учун қадимий коллекторлар тизими айни ўзанларида қайта тикланиши лозим:

“Сел оқибатида Самарқанддаги Кулолон маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи Чашма суви коллекторга сиғмасдан шаҳарнинг Регистон ва Дахбед кўчалари кесишмасида тўпланиб обидаларга зарар берди. Бу сувларни коллекторларга тақсим қилиб мавжуд хавфни камайтирса бўлади”.

Вазирлик мулозимига кўра¸ бир неча юз йил олдин барпо этилган мажмуадаги бино ва иншоотларда реставрация, қайта тиклаш ҳамда ободонлаштириш ишлари олиб бориш режаланган.

Шоҳи Зинданинг фақат номи қолган

Россия Дизайнерлар иттифоқи аъзоси¸ қадимшунос рассом Ғайрат Қўзибоевнинг айтишича, 2004 йилда олиб борилган “малакасиз таъмир ортидан обида ўз таровати ва оригиналлигидан махрум бўлган:

“Шоҳи Зинданинг фақат номи қолди, холос. Мана мен сизга жўнатган суратлардан ҳам кўришингиз мумкин. Бир вақтлар Шоҳи Зинда номаълум авлиëлар мозорларидан иборат сирли маскан бўлган. Бугун эса бу ер фойда келтирадиган туристик зонага айлантирилган. 900 йиллик обида деворларини тешиб оқинти сувлар тизими учун замонавий алюмин қувурлар ўрнатилган. Замонавий канализация люклари эса мени даҳшатга солди. Обида атрофига эса, замонавий қурилиш плиталари ëтқизилган. Туристларнинг обидага келиш йўли қулай бўлсин деб қадимий мозорларни текислаб бузиб ташлашди. Шоҳи Зинданинг аслидан нима қолганини билмайман. Мақбара деворини дазмоллагандай қилиб текислаб қўйишган. Янги сувоқ ва замонавий бўëқ шундай кўзингизга ташланади. Мен сизга “таъмир” қилинган Шоҳи Зинда” кошинларидан бирининг расмини юбордим. Қаранг, керамик кошин устидаги ўчиб кетган нақшларни мойбўëқ билан чизиб “тиклаб” қўйишган. Бундай “таъмир” битта ëмғирдан кейин чиппакка чиқиши аниқ”.

Санъатшунос Абдумалик Турдиевнинг Озодликка айтишича¸ охирги марта Шоҳи Зинда мажмуасидаги реставрация ва қайта тиклаш ишлари 2004-2005 йилларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2004 йил 16 июлдаги 337-сонли карорига асосан амалга оширилган:

“Таъмир ишларида Самарқанд археология институти ходимлари ҳам қатнашган. Умуман 16 йил олдинги таъмирда аслини сақлаб қолиш вазифаси қўйилган. Сиз айтган кўзбўяма таъмирлар эса ҳар сафар VIP меҳмон келиш олдидан амалга оширилган. Оқ қисмларини сувли эмульсия бўëғи билан бўяш. Кошинларни мойбўеқ билан чизиб қўйиш музей ходимларининг қўлбола ҳаваскорлик фаолияти деб ҳисоблайман”.

Ўзбекистон Маданият вазирлиги мулозими қўлбола таъмирлаш билан шуғулланган ширкатлар жазоланишини билдирди:

“Реставрация жиддий илмий ëндашувни тақозо қилади. Буни биладиган одам қилиши керак. Битта мисол айтай. “Мерос чашмаси” ДУК лойиҳалаш ташкилоти томонидан тақдим этилган лойиҳа асосида “Ижод-ижод” хусусий корхонаси “Часовня Святого Георгия Победоносца” объектини лойиҳадан четланмаган ҳолда таъмирлаши зарур эди, аммо тасдиқланган лойиҳа амалда бажарилмаган. Шу боис “Ижод-ижод” хусусий корхонаси ўрнатилган тартибда меъёр талабларига риоя қилмаганлиги сабабли, жавобгарликка тортилди".

Шоҳи Зинда тагида шаҳар кўмилганми?

Санъатшунос Абдумалик Турдиевга кўра, Шоҳи Зинда ҳудуди қадимдан муқаддас маскан бўлган:

“Гумбази ёрилган Шодимулк Оқо мақбараси тарихий манбалар¸ кошинлардаги ëзувларга кўра, 1372 йили қурилган. Лекин илмий изланишлар чоғида Шоҳи-Зинда тагида ҳам қадимий бинолар борлиги маълум бўлди. Бу ҳудуд исломдан олдин ҳам муқаддас худуд бўлганига ашëвий далиллар бор. 2004 йилда Самарқанд археология институти ходимлари бу ҳудудда қадимий ҳаммом биноси қолдиқларини топишди. Бино ëғингарчилик ва мавсумий омиллар боис жиддий шикастланган. Аммо бинонинг дарз кетган қисмини тузатаман деб янгилаб ташлаш зарарли идея. Мажмуа консервация қилиниши керак”.

Ўзбек миллий меъморчилик дурдонаси сифатида эътироф этилган ноёб тарихий “Шоҳи-Зинда” мажмуаси XI-XV асрларда қурилган ҳамда ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси объектлари рўйхатига киритилган ҳудудда жойлашган.

XS
SM
MD
LG