Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:31

Тинчимаган дунё. Ўнлаб одам отишма ва фалокатларда ҳалок бўлди


Шу ҳафтанинг сўнгги уч кунида, яъни 11,12,13 июнь кунлари жаҳон ахборот агентликлари “қонли хабарлар”ни тарқатди.

“Канадада мусулмон оиласи ўлдирилди”, “АҚШнинг учта штатида қуролли одамлар тинч аҳолига ҳужум қилди”, “Сурияда яна камида 13 киши ўлди”, “Хитойда газ портлаб,12 киши нобуд бўлди”...

Хабарларнинг умумий мазмуни мана шундай.

Бу каби хабарлар деярли ҳар куни пайдо бўлади. Муштарий ҳам бу каби хабарларин ўқишга кўникиб қолган. Ўқир экан, балки жунжикмай ҳам қолган...

Аммо уч кун давомида турли агентликлар эълон қилган бу каби хабарлар мажмуаси бир жойга жамланса, аниқ манзара пайдо бўлади – тинчимаган дунё, қонга тўймаган нафрат...

Хулоса ўзингиздан...

Канадада теракт қурбони бўлган мусулмон оиласи учун юзлаб одамлар мотам тутмоқда

Канаданинг Лондон шаҳрида теракт қурбони бўлган покистонлик мусулмон оиласи хотираси учун ўтказилган ибодат маросимида юзлаб канадаликлар иштирок этди.

Канадага Покистондан кўчиб келган мусулмон оиласини ўтган ҳафтада ирқчилик кайфиятидаги шахс автомашинада босиб кетган эди.

Полиция мазкур жиноят диний нафрат асосида амалга оширилгани аниқланганини билдирди.

12 июнь куни Канаданинг Лондон шаҳрида ўтган маросимда Афзал оиласининг терактда ҳалок бўлган оила аъзоларидан тўрт нафарининг тобути устига Канада байроғи ёпилди.

Мазкур байроқ Онатриодаги Ислом маркази томонидан тайёрланди.

6 июнь куни Салман Афзал онаси, 15 ёшли қизи ва рафиқаси Мадиҳа Салман билан кўчани кесиб ўтаётганида ирқчи ўз машинасида уларни босиб кетган.

Полиция бу жиноятни 20 ёшли ирқчи Натаниэль Велтман содир этганини айтмоқда. Билдирилишича, Велтман Афзал оиласини аввалдан кузатиб юрган, улар Лондон шаҳридаги қўшни бўлган.

Афзал оиласининг бешинчи аъзоси - 9 ёшли ўғил терактда тан жароҳати олган. У айни пайтда касалхонада даволанмоқда.

АҚШнинг учта штатида 11-12 июнда қуролли шахслар тинч аҳолига ўқ узди

АҚШда коронавирус пандемияси билан боғлиқ чекловлар юмшатилгани ортидан учта штатда номаълум шахслар тинч аҳолига ўқотар қуроллар билан ҳужум қилди.

Ҳужумлар оқибатида камида икки киши ҳалок бўлди, камида 30 киши яраланди.

Расман билдирилишича, ҳужумлар 11-12 июнь кунлари ярим кечаси Техас, Иллинойс ва Жоржия штатларида содир этилган.

Шу кунлари АҚШда Флоридадаги гей клубига 2016 йилда амалга оширилган террор ҳужумида ҳалок бўлган 46 кишини хотирлаш маросимлари ўтказилаётган эди.

Техаснинг Остин штатида 12 июнь куни кўнгилочар масканга ҳужум қилишда гумонланган икки нафар ҳужумчидан бири қўлга олингани хабар қилинди.

Мазкур ҳужум натижасида Остинда 14 киши яраланган, улардан икки нафари ўта оғир аҳволда.

Чикагода эса икки эркак марказий кўчалардан биридаги пиёдаларга қарата ўқ отган. Натижада бир аёл отиб ўлдирилган ва 9 киши яраланган. Ҳужумчилар полициядан қочишга муваффақ бўлган.

Жоржия штатининг Саванна шаҳрида 11 июнь куни кечқурун номаълум шахс кўчадаги одамларга ўқ отгани ортидан бир киши ҳалок бўлди, 7 киши яраланди.

Мазкур қотилликларни амалга оширган ҳужумчилардан фақат бир нафари Остин шаҳрида қўлга олингани билдирилди. Қолган ҳужумчилар полиция томонидан қидирилмоқда.

Суриянинг Туркия назорати остидаги Африн шаҳридаги отишмада камида 13 киши ҳалок бўлди

Суриянинг Туркия назорати остидаги Африн шаҳри замбараклар воситасида ўққа тутилгани оқибатида камида 13 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Туркия ҳукуматидаги манбалар ва мазкур шаҳар тиббиёт хизмати маълум қилди.

Расман билдирилишича, 12 июнь куни дастлаб Африн шаҳар мавзеларидан бири, кейинроқ эса шаҳар касалхонаси замбараклардан бомбардимон қилинган.

Сурия инсон ҳуқуқлари марказининг маълум қилишича, Африндаги Ал Шифо касалхонаси бомбардимони оқибатида бир врач, касалхонанинг уч ишчиси, икки аёл ва икки бола ҳалок бўлди.

Мазкур касалхона Туркия томонидан қўллаб-қувватланаётган исёнчи жангарилар назорати остида бўлган. Сурия инсон ҳуқуқлари маркази бомбардимонда камида 18 киши ўлганини иддао қилмоқда.

Анқара замбарак бомбардимони Суриядаги YPG гуруҳига мансуб курд жангарилари томонидан амалга оширилганини айтмоқда.

Бироқ АҚШ томонидан қўллаб-қувватланаёган курдларнинг YPG ташкилоти ҳужум учун масъулиятни зиммасидан соқит қилди.

Хитойда газ портлаши оқибатида 12 киши ҳалок бўлди

Хитой давлат матбуотининг билдиришича, 13 июнь куни Хубэй вилоятининг Шиян шаҳрида газ қувури портлаши оқибатида камида 12 киши ҳалок бўлди ва 39 киши жиддий жароҳатланди.

Бундан ташқари, яна 150 киши турли тан жароҳатлари билан касалхоналарга ётқизилди.

Шаҳар ҳокимлигининг билдиришича, қутқарув ишлари давом этмоқда. Жабрланганлар сони кўпайиши эҳтимол. Бироқ ҳокимият портлаш сабабларини маълум қилмади.

Хитойда бундан аввал 2013 йилда Циндао шаҳрида ҳам газ қувури портлаган эди. Ўшанда камида 55 киши ҳалок бўлганди.

XS
SM
MD
LG