Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:44

Тадбиркорлар Тошкент кўчаларидаги баннерлар орқали президентга мурожаат қилишди (ФОТО)


Тошкент кўчаларидаги тадбиркорларнинг президентга мурожаати.
Тошкент кўчаларидаги тадбиркорларнинг президентга мурожаати.

Тошкентлик тадбиркорлар реклама баннерлари орқали Ўзбекистон президентига мурожаат қилишди.

Ўзларига таҳдидлар бўлаётганини гапираётган реклама агентликлари ходимлари шаҳарда баннер рекламаси бизнесини йўқ қилишни тўхтатишни сўрашмоқда.

19 май куни Тошкентнинг марказий кўчаларида жойлашган қатор реклама баннерларида қуйидаги мазмунда ёзувлар пайдо бўлди:

Ушбу реклама қурилмаси ФАҚАТ СУД ҚАРОРИ асосида демонтаж қилиниши мумкин. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20-февралдаги 104 сонли қарори. Ҳурматли ПРЕЗИДЕНТИМИЗ, бизга ёрдам беринг!!!”

Бизнесменлар адолатли суд талаб қилмоқда
Бизнесменлар адолатли суд талаб қилмоқда

Ҳозирда пойтахт кўчаларида шундай мурожаатлардан 15 тачаси осилгани айтилмоқда.

Тошкент шаҳри кўчаларида кўргазма рекламаси билан шуғулланадиган тадбиркорлар шу йўсин Ўзбекистон президенти эътиборини ўз муаммоларига жалб этишга қарор қилишган.

Озодлик баннерлар можароси шу йилнинг апрел ойида бошланиб ҳозирга қадар пойтахтнинг бир нечта туманида 500 дан зиёд реклама баннерлари бузиб ташланганини аниқлади.

Озодликка исми сир қолиши шарти билан бу ҳақда маълумот берган реклама бизнеси ишчиларидан бири реклама устунларини қулатиш билан маҳаллий ҳокимият ходимлари шуғулланаётганини айтди.

- Баннерларни бузиш 8 апрелдан бошланиб, ҳозиргача давом этмоқда - кунига 20-30та баннерни йўқ қилишмоқда. Ўтган йилги Вазирлар Маҳкамасининг реклама бозорини тартибга солувчи 104-сонли қарори мавжудлигига қарамасдан, мосламалар демонтажи суд қарорисиз давом этмоқда. Бизнинг деярли ҳамма жойга юборилган мурожаатларимиз жавобсиз қолмоқда. Шу сабабли реклама билан шуғулланувчи ташкилотлар шундай акцияни бошлаб, президент эътиборини ўзига қаратмоқчи. Ҳокимиятлар ноқонуний тарзда ўз пулига техника ёллаб кечаси билан баннерларни бузмоқда, - деди суҳбатдош.

Унинг сўзларига кўра, ўзларини маҳаллий ҳокимият вакиллари деб таништираётган шахслар ҳеч қандай қоғоз-ҳужжатсиз амал қилмоқда. Ишчи баннерларни бузиш ишлари билан ҳозирча бир нечта туман ҳокимлиги фаол шуғулланаётгани маълум бўлди.

- Биринчи бўлиб бузишни Мирзо Улуғбек тумани бошлади, чунки у президент трассаси бошида. Кейин президент трассаси бўйлаб Яккасарой, Чилонзор, Шайхонтоҳур туманлари кетди. Мана энди, Олмазор тумани бошлади. Тадбиркорларни одам ўрнида кўришмаяпти! Биз ҳужжатларни кўтариб, кечалари баннерлар тагида туриб, уни қўриқлашга мажбурмиз. Бу акция - раҳбарият эътиборини бўлаётган ноҳақликка қаратишнинг ягона усули бўлиб қолмоқда.

Озодликка маълум бўлишича, Тошкент шаҳрида 400-дан зиёд ширкат реклама ишлари билан шуғулланади, ҳар бир ширкатда камида 10та фуқаро ишлаб келади.

Ўзбекистон Реклама агентликлари уюшмаси маълумотига кўра, Тошкент кўчаларида 3000 дан зиёд реклама баннери бор.

Озодлик суҳбатлашган яна бир реклама бизнеси вакили бу баннерлар жами 200 дан ортиқ тадбиркорга тегишлилиги, бироқ реклама бизнесига юзлаб бошқа фирмалар ҳам жалб этилганини айтди. Унинг айтишича, олдинги йилларда Тошкент ҳокимияти судлар орқали баннерларни олиб ташлашга самарасиз урингани, зеро 80-90 фоиз тортишувлар судлар томонидан тадбиркорлар фойдасига ҳал этилган.

Тошкентлик реклама агентлиги ходими уларга "ниқоблилар" ва давлат идоралари ходимлари томонидан очиқчасига таҳдидлар бўлаётганини ҳам айтди.

- Раҳбарларимизга очиқчасига “Озодлик билан боғланиб ўтирманглар - ҳамма рекламангизни кесиб чиқамиз”, деб таҳдид қилишибди. Билмадим, нега қўрқишяпти Озодликдан. Бирор мамлакат рекламасиз яшамайди. Яқинда бизнинг бузилган баннерларимиз ўрнида бирор монополчининг LED телевизорлари пайдо бўлса, ажабланмайман. Бизга “Сизнинг конструкциянгиз энди ноқонуний!”, дейишяпти ва экскаваторлар билан бузишяпти. Буни кимга кераклигини тахмин қилишгаям иккиланиб турибман: мумкин шаҳар ҳокимига, мумкин ҳақиқатан президент кўзига ёмон кўрингандир. Бундан хулоса - биринчи ёки иккинчи шахс томонидан оғзаки буйруқ берилган бўлиши мумкин. Чунки ҳокимиятдагилар “Реклама устунларини қулатишни президентнинг ўзи шахсан буйруқ берган!”, дейишяпти. Бунга ишонгим йўқ - наҳот президент шу майда-чуйдалар билан шуғулланиб ўтирса?!, - деди рекламачи йигит.

Тадбиркорлар акциясидан бир кун ўтар-ўтмас, айрим плакатлар маҳаллий ҳокимият вакиллари томонидан олиб ташланди.

Баннерлар бир кун давомида ҳокимият буйруғи билан олиб ташланди.
Баннерлар бир кун давомида ҳокимият буйруғи билан олиб ташланди.

"Биз атайлаб президент ўтадиган йўлга жойлаштирувдик, шаҳар ҳокими ўринбосари Сардор Абдуллаев буйруғи билан плакатлар олиб ташланди. Энди президент эмас, халк юрадиган йўлларга жойлаштиряпмиз", - деб ёзди норозилардан бири.

Озодлик суҳбатлашган акция ташаббусчилари ўз талабларини қуйидагича ифода қилишди:

- Биз ҳукуматдан ҳокимиятлар реклама соҳасидаги тадбиркорларни йиғиб, расмий тарзда “У ёки бу баннерларни олиб ташлашга мана шунча муддат, сабаби - мана шунақа!” тушунтириш беришларини хоҳлаймиз.

- Бузилган баннерлар ўрнига жой эгаларига ўзларига қонунга мувофиқ ўз пулимизга LED-экранлар ўрнатишга рухсат беришсин.

- Ҳокимият саволларимизга жавоб берсин ва биз билан доимо алоқада бўлсин.

- Барча масалалар ҳуқуқ доирасида ҳал этилишини талаб қиламиз.

Тошкент йўлларидан реклама баннерлари 8 апрелдан бери олиб ташланмоқда
Тошкент йўлларидан реклама баннерлари 8 апрелдан бери олиб ташланмоқда

Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги вакили Озодлик сўровига бу масалада изоҳ бермасликлари, Яккасарой туман ҳокимлиги эса баннерлар масаласида ҳеч қандай маълумотга эга эмасликларини айтишди.

Тадбиркорларнинг айтишича, муаммога бизнес-омбудсман Дилмурод Қосимов ўз этиборини қаратган ва у Ўзбекистон пойтахтида 50 фоизга реклама баннерлари етишмовчилиги мавжудлигини гапирган.

Дилмурод Қосимов мазкур муаммо устида бизнес вакиллари, Монополияга қарши қўмита ва бошқа жамоатчилик ташкилотлари билан музокаралар олиб борилаётганини билдирган.

Бундан олдинроқ Монополияга қарши қўмита Тошкентдаги реклама шчитларининг ярмиси “ноқонуний ўрнатилгани” тўғрисида қарор чиқарган эди.

Қўмита расмий хабарида айтилишича, ҳукумат қарорига биноан биринчи даражали марказий кўчаларда 2020 йилнинг 31 декабригача, иккинчи даражали марказий кўчаларга эса 2021 йилнинг 31 декабригача “юқори технологик қурилмалар”, яъни реклама мониторлари ўрнатилиши кўзда тутилган.

Озодлик Тошкент шаҳар кўчаларида ўрнатилган юзлаб реклама баннери шу йилнинг 8-дан 9га ўтар кечаси олиб ташлангани тўғрисида хабар қилганди.

XS
SM
MD
LG