Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:32

"Ортиқхўжаев учун имтиёз". Импортни чеклаш учун келтирилган важлар экспертларни ишонтиролмади


Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев президент Мирзиёевнинг куёви ҳамда хавфсизлик мулозими Отабек Умаров билан - Президент матбуот хизмати
Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев президент Мирзиёевнинг куёви ҳамда хавфсизлик мулозими Отабек Умаров билан - Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг импортни чеклашга доир навбатдаги қарори мамлакатдаги шундоқ ҳам кўпгина имтиёзлар билан сийланган монополистлар ва ҳокимиятга яқин бир ҳовуч тадбиркорлар манфаатини ўйлаб чиқарилган қарор, дея танқид қилинмоқда.

Адлия вазирлигининг пандемиядан зарар кўрган маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб - қувватлаш тўғрисида келтирган асослари тармоқдаги мустақил иқтисодчилар ҳамда Озодлик суҳбатлашган экспертларни ишонтира олмаган.

29 январь куни Вазирлар Маҳкамаси маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида чиқарган 41 - сонли қарори билан 529 номдаги товар ва хизматларни давлат идоралари тарафидан харид қилиниши тақиқланади.

Чет эл автомобиллари¸ трактор ва гўшт маҳсулотлари бу рўйхатдан ўрин олган.

529та товар орасида Тошкент шаҳар ҳокими Жахонгир Ортиқхўжаев бенифициар бўлган ширкатлар ишлаб чиқарадиган маиший техника¸ дераза- ром ясаш учун алюмин профил ва алюминдан ясалган жиҳозлар ҳамда шоколад-вафли маҳсулотлари бор.

Бир киши учун давлат преференцияси

Вазирлар Маҳкамаси 41 - сонли қарорининг иккинчи иловасидаги жадвалда акс этган 100 дан зиëд маҳсулот Ортиқхўжаевга мансублиги айтилган Ўзбекистондаги ширкатларда ишлаб чиқарилади.

Чехиядаги Боҳемия университети ўқитувчиси, иқтисодиёт фанлари доктори Холназар Омоновнинг Озодликка айтишича, ушбу қарор иловаларида келтирилган маҳсулотларнинг 70 фоизи Ўзбеккистондаги битта монополистга оидлиги ташвишланарли:

“Бу қарор бир монополистни бой қилади, аммо волюнтаристик қарор оқибатида нархлар кўтарилгани билан боғлиқ юк асосий аҳоли зиммасига тушади. Маҳсулот сифати ëмонлашади¸ танлов бўлмайди. Балиқ кўпайтириш учун емларнинг ҳам киритилмагани оқибатида балиқ маҳсулотлари қимматлайди. Умуман, озиқ-овқат секторига жиддий зарба берадиган қарор бу”.

Омонов “биргина монополист” дея айтган шахс исмини ўзбекистонлик журналист Алексей Волосевич ўз мақоласида очиқ-ойдин айтади. Мақолада ëзилишича, Вазирлар Маҳкамаси “имтиëзлар саватини ато қилган шахс тадбиркор ва ҳоким деган рутбани ўзида бирлаштирган Жахонгир Ортиқхўжаевдир”.

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев
Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев

Тараққиëтни орқага сурадиган “вақт бомбаси”

Иқтисод фанлари номзоди Бахриддин Саломовнинг Озодликка айтишича¸ “фақат икки ëки уч махаллий мулозимга оид ишлаб чиқариш линиясини қўллаб-қувватлайдиган ва уларга мисли кўрилмаган имтиëз берадиган бу қарор, аслида Ўзбекистон тараққиëтини ортга сурадиган вақт машинасидир”.

“Ўзбекистонда 100га яқин турли вазирлик¸ қўмита ва давлат акциядорлик жамиятлари бор. Бу идоралар харид пайтида танловдан маҳрум қилинди. Энди улар фақат Ортиқхўжаевга тегишли дераза-эшик ва маиший техника сотиб олиб, ҳокимни бойитиш учун хизмат қилишга маҳкум. Бутун давлат бюджети асосан, икки ëки уч монополист корчалон чўнтагига пул туширадиган тизимга асос солинди. Бундай очиқ ва безбетларча преференция билан шу пайтгача илк марта юзлашдим".

Мулозим энди Bentley сотиб олмайди

Иқтисодий таҳлилчи Юлий Юсуповнинг Fаcebook саҳифасида ëзишича, бу қарорнинг яхши тарафи давлат идоралариннг чет эл авотомобили сотиб олмаслигидадир:

“Давлат тизимидагиларга импорт автомобиль сотиб олиш тақиқлангани тўғри қарор. Бу Ўзбекистондаги чалажон автопромни қўллаб-қувватлаб келаëтган мулозимларга лойиқ жазо бўлибди. Энди, марҳамат қилиб, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобилларда юришсин. Улар шунга лойиқ”.

Иқтисодиёт фанлари доктори Холназар Омонов эса, маҳаллий мулозимнинг маҳаллий автомобиль минишига ишонмайди:

“Улар бу қарорни айланиб ўтиб, барибир импорт автомобиль сотиб олади. Сал қимматроққа бўлса ҳам подставной фирма орқали олишади. Пировардида, давлат бюджети зарар кўради. Бу қарорнинг умуман ижобий тарафи йўқ”, - дейди суҳбатдош.

Ўзбек мулозимлари энди маҳаллий улов минади
Ўзбек мулозимлари энди маҳаллий улов минади

"Хачирга омоч қўшиб ер ҳайдаймиз"

Таҳлилчи Юлий Юсупов ўз изоҳида қўштирноқ ичида “маҳаллий ишлаб чиқариш” билан шуғулландим, дея аслида Хитойдан келтирилган маиший техника сотадиган ва солиқ тўловчилар ҳисобидан имтиëзлар билан сийланган “ватанимиздаги ишлаб чиқарувчи”га яна бир имтиëз яратилганига эътибор қаратади.

“Майли. Биз бундай “қўллаб-қувватлашга кўникишимиз қийин. Кино қаҳрамони айтганидек, “оқлар келди, талади¸ қизиллар келди, талади. Бечора деҳқон нима қилсин? Бундан буëн ўзбек деҳқонига ҳам ҳавас қилиб бўлмайди. Амалдорлар маҳаллий ишлаб чиқарувчига “ëрдам” қилгани ортидан тракторлар эришиб бўлмас орзуга айланади. Деҳқон энди, техникани унутиб, хачирга омоч қўшиб, ер ҳайдаши ва кетмонни маҳкам ушлаши зарур бўлади".

Мустақил иқтисодчи Юлий Юсупов
Мустақил иқтисодчи Юлий Юсупов

Гўшт ва дори тақчил бўлади

Ўзбекистонлик фаол, Азиза Умарова ижтимоий тармоқ орқали қилган чиқишида бу қарорнинг икки жиҳатини танқид остига олди:

“Гўшт маҳсулотлари умуман етишмайдику, ахир. (Қишлоқ хўжалигидаги ночор сиëсат амри билан мол ўти экиладиган ерларнинг паст навли буғдой ва пахта етиштириш учун олиб қўйилгани оқибатида гўшт танқис)".

Шу билан бирга, Умарова бу қарорнинг миллат саломатлигига таҳдид эканига эътибор қаратди:

“Ва энг муҳими – нега реагентлар ва дори-дармонлар киришига тақиқ қўйилди?

Мана, бир мисол. Бугунги кунда саратонга қарши даволашда яроқли бўлган барча дорилар мутлақо четдан келтирилади. Уларнинг аксарияти Фармацевтика қўмитаси томонидан лицензияланмаган ва чет элдан ноқонуний равишда қўлда олиб келинади. Давлат шунчаки беморнинг оиласига дорилар рўйхатини беради, одамлар ўзлари топиб сотиб олишади. Бу ҳолат бошқа жиддий касалликларга ҳам тегишли. Чунки юқори сифатли импорт дори-дармонларгина натижа беради.

Алишер Убайдуллаев тушунтирганидек, тақиқдан фақат ТНВЕД кодларидаги онкопрепаратларгина истисно қилинган. Аммо шунга қарамай, моҳиятини тушунтириб бераман.

Давлат тиббиёти ёмон аҳволда. Беморларни юқори сифатли даволаш мақсадида барча касалликлар учун замонавий халқаро протоколларни қабул қилиш ва чет элдан беморлар учун зарур сифатли дори-дармонларни сотиб олиш зарур. Давлат тиббиёт тизимига дори-дармонлар олиб кирилишини тақиқлаш ҳар қандай кўринишда зарарлидир. Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни бу тарзда қўллаб-қувватлаш ножоиз".

Smartgov Consulting ширкати ижрочи директори ва блогер Азиза Умарова
Smartgov Consulting ширкати ижрочи директори ва блогер Азиза Умарова

Ўзиникини оëқдан чалиш

Умарованинг бу фикрига жавобан тармоқ фаоли Умида Ҳақназар мана буни ëзди:

Бу маҳаллий ишлаб чиқарувчини қўллаб-қувватлаш эмас, балки протекционизмдир. Ҳа, давлат харидлари алоҳида мавзу, ҳатто Жаҳон савдо ташкилотининг давлат харидлари тўғрисидаги шартномаси барча аъзолар учун мажбурий эмас ва бундан кўплаб давлатлар фойдаланишади. Айнан давлат харидлари бундан дискриминацияга учрайди. Бироқ ҳатто келишувсиз ҳам ҳар ким учун мажбурий бўлган камситилмасликнинг асосий тамойиллари мавжуд.

Бундан ташқари, давлат харидлари бўйича тендерларда қатнашиш тартиб-қоидалари мувофиқ бўлиши керак. Ахир биз нафақат чет эл товарлари бўйича камситилмоқдамиз. Жараёнлар муайян бир ширкатларгагина мослаштирилмоқда ва бошқа маҳаллий иштирокчилар априори бундай тоифага киритилмаяпти. Ҳатто мавжуд процедураларга риоя қилинмаяпти, қўпол равишда бузилмоқда ва ҳоказо. Бошқа мамлакатлар бозорига киришни тақиқлашдан ташқари бу “ўзингникининг оёғидан чалишдир”.

Мирзиëев ва Ортиқхўжаев
Мирзиëев ва Ортиқхўжаев

“Россия ҳам шундай қилди”

Ўзбекистон ҳукумати хорижда ишлаб чиқарилган 529 хил маҳсулотнинг давлат харидларидаги иштирокини тақиқлаб чиқарган қарорга Адлия вазирлиги изоҳ берди.

Вазирлик масъул ходими Д.Ражабоев имзоси билан эълон қилинган баёнотга кўра, бу қарор ички бозор ва маҳаллий тадбиркорларни ҳимоя қилиш учун қабул қилинган. Расмий муносабат, мана “Россия давлат харидларида 170 дан ортиқ товарлар ва хизматлар импортини тақиқлаган” деган “тушунтириш” билан бошланади:

“2019 йилда республикада 55 мингта корхона ташкил этилган бўлса, 2020 йилда бу кўрсаткич 96 минг 743 тани ташкил қилган. Демак, янги ишлаб чиқариш қуввати икки баробар ошган. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар сонининг ортиши аҳоли бандлигини таъминлаш, солиқ тушумларининг ҳам кўпайишига замин яратади.

Тақиқ ва чеклов фақат давлат харидлари доирасида мавжуд, хусусий тадбиркорлар ёки фуқаролар ўз эҳтиёжлари учун исталган товарни харид қилиши ёки хизматлардан фойдаланиши мумкин”, дейилади расмий изоҳда.

Адлия вазирлиги
Адлия вазирлиги

XS
SM
MD
LG