Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:34

OzodDayjest: Мирзо Улуғбек мадрасаси ҳужралари омборга айлантирилгани маълум бўлди


Бухоро манзараси.
Бухоро манзараси.

Фарзандига Роналдо деб исм қўймоқчи бўлган ота ФҲДЁ бўлимида жанжал кўтарди. “Суюнчи” фильмидаги Назиранинг дараги Африкадан чиқди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Бухорода тарихий обидаларга ҳурматсизлик: қадимий мадраса ҳужралари омборга айлантирилган

Бухородаги тарихий обидалар ва маданий мерос объектларини муҳофаза этиш борасида камчилик ва муаммолар аниқланди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати матбуот хизматига таяниб қатор матбуот нашрлари хабар беради.

“Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, аҳоли уй-жойи маҳаллий аҳамиятга молик моддий маданий мерос объектлари теграсидан камида 50 метр, республика аҳамиятига молик бўлганларидан эса 100 метр узоқликда бўлиши керак. Аммо Бухоро вилоятидаги кўплаб объектларда мазкур талаб бажарилмаяпти.

Ғиждувондаги Мирзо Улуғбек мадрасасининг 3 та ҳужраси озиқ-овқат ва бошқа буюмлар омборига айлантирилгани аниқланган.

“Қассабони боло” масжиди ёнида эса чиқиндихона ташкил этилган. Бу каби ҳолатларда тарихий объект муҳофазаси талаблари қўпол равишда бузилган ва обидалар қийматига путур етказилган.

Қайд этилишича, Сенат ва халқ депутатлари Бухоро вилоят кенгаши қўшма қарори билан муаммоларни бартараф этиш борасида тегишли идораларга кўрсатма берилган.

Фарзандига Роналдо деб исм қўймоқчи бўлган ота ФҲДЁ бўлимида жанжал кўтарди

Она тилига бўлган муҳаббатни фарзандларимизга ўзбекона исм қўйишдан бошлашимиз керак, деб ҳисоблайди Тошкент вилояти Бўка тумани ФҲДЁ бўлими мудираси Маҳлиё Усмонова (“Инсон ва қонун” газетаси, 27 октябрь).

Аммо чақалоқларга ёқимсиз, хунук, маъносиз ёки хорижлик инсоннинг исмини қўйиш ҳолатлари ҳамон учраб турибди.

“Яқинда фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимига туғилганлик тўғрисида гувоҳнома олиш учун Миллиардер исмли ота келди. Гувоҳноманинг отаси деган устунига ўз исмини қўйишдан уялишини айтди. Сабаби, исми Миллиардер бўлса-да, ўзи мардикор бозорида тирикчилик қилар экан.

Яна бир ота ўғил фарзандли бўлиб, ФҲДЁ бўлимимизга туғилганлик тўғрисида гувоҳнома олиш учун маст ҳолатда келиб, ўғлига Роналдо деб исм қўйишини айтиб жанжал кўтарди. Биз унга тўғри тушунча бериб, эртага келишини айтиб жўнатиб юбордик. Эртаси куни ҳушёр ҳолатда келиб, гувоҳномага Роналдо деб ёзиб бермаганимиз учун миннатдорлик билдирди. Фарзандига Муслимбек деб чиройли исм қўйди”, - деб ёзади М.Усмонова.

Таъкидланишича, чиройли исм қўйиш ҳам ота-онанинг бурчларидан ҳисобланади. Фарзандга қўйилган исм куни келганда уни ноқулай аҳволга соладиган, ҳар сафар ўз исмини эшитганида азият чекадиган бўлмаслиги лозим.

“Суюнчи” фильмидаги Назиранинг дараги Африкадан чиқди

Ўзбек киносининг олтин фондидан муносиб жой олган “Суюнчи” бадиий фильмида Назира ролини ижро этган Шаҳноза Шамсиева (Ҳамроева) айни пайтда Африка қитъасидаги Замбия Республикасида истиқомат қилаётгани маълум бўлди (www.daryo.uz, 28 октябрь).

“Эпизод роль орқали томошабинларнинг тилига тушишни тасаввур қилмаганман. Балки у пайтларда ёш бўлганим учунми ёки машҳурликка қизиқмаганманми, билмадим... Ҳалигача ижром ҳақида илиқ фикрлар айтишса, қувонаман”,-дейди Ш.Шамсиева.

Қайд этилишияа, “Суюнчи”дан кейин кўплаб фильмларга таклифлар бўлган, “Келинлар қўзғолони”даги Нигора образини ҳам Ш.Шамсиевага топширмоқчи бўлишган, аммо отаси кўнмаган.

“Ўзимда санъатга қизиқиш кучли бўлса-да, аммо уйдагиларнинг қаршилиги сабаб роса иккиланганман ва охири ўқишимни устун билдим. Ота-онам хоҳлагандек, болалар шифокори бўлдим. Тошкент педиатрия институтини тамомлагач, Тошкент шаҳридаги 1-болалар шифохонасида ишладим... 1997 йилнинг апрелида турмуш ўртоғим иккимиз Замбияга келишга қарор қилдик. Ҳозир шифохоналардан бирида педиатр бўлиб ишлайман” , - дейди Ш.Шамсиева.

Собиқ актрисанинг айтишича, у ватандан олисда бўлса-да, ҳамиша қалбан ўзбекистонликдир. “Ўзбекча гапириш ва ўзбекона урф-одатларимизни ҳеч қачон унутмаганман” дейди у.

“Суюнчи” фильми 1982 йилда таниқли режиссёр Мелис Абзалов томонидан суратга олинган бўлиб, картина салкам 40 йилдан буён экранлардан тушмай келади.

XS
SM
MD
LG