Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:46

Маданий мерос департаменти бошлиғи Камола Оқилова ишдан олинди


Камола Оқилова телеканалларда мунтазам чиқишлар қилар эди
Камола Оқилова телеканалларда мунтазам чиқишлар қилар эди

Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати Озодликка Маданий мерос департаменти бошлиғи Камола Оқилованинг ишдан олинганини тасдиқлади.

Оқиловага яқин манба эса собиқ мулозиманинг "яна айни лавозимга қайтиши" кутилаётганини билдирди.

Унинг сўзларига кўра, «бу техник процедура бўлиб, департаментнинг Маданият вазирлигидан Туризм вазирлигига ўтиши асносидаги жараëндир".

Аммо Туризм ва спорт вазирлигидаги Озодлик манбаси "Оқилова бошчилигидаги департамент фаолияти вазирнинг жиддий эътирозига сабаб бўлгани"ни айтди.

Ўзбекистон туризм ва спорт вазирлиги ҳузурида янги тузилган Маданий мерос агентлигининг 21 июнь куни бўлиб ўтган илк йиғилишида сўзга чиққан Бош вазир ўринбосари¸ Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов департаментнинг сўнги йиллардаги реставрация фаолиятини “миллий фалокат” деб атаган эди.

Бухородаги Ситораи Моҳи Хосса саройини таъмир қилиш давомида қадимий нақшларни вайрон қилган Маданий мерос реставрация гуруҳи устидан жиноят иши очилгани ҳақида Озодлик ўтган ой хабар берган.

Азиз Абдуҳакимовнинг мажлисдаги нутқини эшитган меъморга кўра, Бош вазир ўринбосари “Ичан қалъа” музей қўриқхонаси директорининг зудлик билан ишдан бўшатилишини талаб қилган.

Мажлисда Хиванинг “Тош ҳовли” мажмуасида олиб борилган, Бош вазир ўринбосари таъбирича¸ “ўта малакасиз” реставрация жиддий танқид қилинган.

Озодлик “Тош ҳовли” мажмуасида олиб борилган реставрация оқибатида қадимий нақшу нигорлар вайрон қилингани ҳақида мутахассисларнинг хавотирлари акс этган видеолавҳаларни эълон қилган эди.

Бу репортаж эфирга узатилганидан бир неча кун ўтиб, Хоразм вилоят прокуратураси ЮНEСКО ҳимоясидаги тарихий обида - Хива "Ичан қалъа" музей-қўриқхонасидаги Тош ҳовли саройининг қадимий девори қонунга хилоф равишда олиб борилаётган таъмирлаш-тиклаш ишлари оқибатида бузилгани юзасидан куни жиноят иши очган эди.

Сурхондарë вилоятида маданий обида ўлароқ давлат тарафидан қўриқланадиган Варроқ Термизий мақбарасининг қаровсиз қолиб нурагани ҳақида Озодлик мақоласи ортидан мақбара жойлашган археологик ëдгорлик зонасида тупроқ қазган «Complex Technical Services» МЧЖ устидан жорий хафтада вилоят прокуратураси суриштирув бошлаган эди.

Тупроқ қазиш оқибатида давлат томонидан қадимий обидалар рўйхатига киритилган Варроқ Термизий мақбарасига жиддий шикаст етган.

Антик тарихий манбаларда буюк саркарда Александр Македонский эрамиздан олдинги 329-326 йилларда барпо эттиргани айтиладиган Сурхондарëдаги Кампиртепа ёдгорлигининг жануби-ғарбий деворининг ўрта қисми декабрь ойи бошида қулаб тушгани ҳақида Озодлик мақола ëзганидан кейин муаммога мутасадни ди ташкилотлар эътибор қаратган эди.

Хивадаги "Ал-Хоразмий" ҳайкали ташландиқ аҳволда.
Хивадаги "Ал-Хоразмий" ҳайкали ташландиқ аҳволда.

Озодлик шунингдек, Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Саида Мирзиёева Тошкент вилоятининг Бўка туманида президентнинг беш ташаббусини тақдим қилганидан икки йил ўтиб, бу ердаги 4-асрга оид археологик ёдгорлик устига қурилган ёшлар мажмуаси вайронага айлангани ҳақида ёзган.

Департамент ходимлари тарихий ëдгорликлар вайрон қилинишидан олдин нега чора кўрилмагани ҳақидаги саволга аниқ жавоб бера олмаган.

Маданий мерос департаментининг фаолиятсизлиги оқибатида Қашқадарëнинг Яккабоғ туманидаги дунë археологлари тарафидан мунтазам ўрганиб келинган еттита қадимий тепалик йўқ бўлиб кетиш арафасида қолгани ҳақида Озодлик туркум мақолалар эълон қилган эди.

Мақолада маҳаллий аҳоли тепаликларга уй қуриб олган ва тадбиркорлар тепалик тупроқларини экскаваторлар билан қазиб олиб, ғишт қуйиб сотаëтгани танқид қилинган.

“Олтин мерос” халқаро хайрия жамғармаси раҳбари Амирқул Карим Озодлик билан суҳбатда 12000 деб рўйхатга олинган маданий мерос объектларидан ҳозирги кунда 9000 га яқини қолганидан ташвиш билдиргвнди.

Суҳбатдошга кўра¸ Яккабоғ марказидаги қадимий «Чашма бўйи», «Сандалтепа», «Киндиктепа,» каби ўнлаб тепаликлар вайрон этилиб, ғишт заводлари учун хом-ашё, тадбиркор учун иншооот қурилиши, фермерлар учун экин майдонларига айлантирилмоқда.

Ўзбекистон маданият вазирининг собиқ ўринбосари Камола Оқилова 2020 йилнинг 22 сентябрь куни «Ўзбекистон 24» каналига интервьюсида «агар обидаларни бузиб ташлаш тенденцияси давом этса, Ўзбекистон маданий мерос обидаларидан бутунлай маҳрум бўлади», деб айтган бўлса-да, ўтган бир йил мобайнида маданий меросга муносабат ўзгаргани йўқ.

Бухородаги изнсиз қурилиш
Бухородаги изнсиз қурилиш

Ўзбекистонлик меъмор ва санъатшунос Абдумалик Турдиев Озодлик билан суҳбатда Камола Оқилова даврида 100га яқин обидани реставрация қилиш баҳонасида давлатдан миллиардлаб сўм ундирилгани, аммо малакасиз таъмир боис обидалар аслий тароватини йўқоттанлигини айтади:

«Камола Болтабоевна замонавий ўзбек рангтасвири бўйича ўртача таҳлиллар ëзадиган санъатшунос. Ундан кўп эмас. Оқилова хоним йиллар давомида шаклланган қадимий обидаларга ноилмий муносабат тизимини ўзгартира олмади. Айнан Оқилова даврида Хива ва Бухородаги обидалар вайрон қилинди. Қадимий бинолар «Вақф» жамғармасига шубҳали тарзда ўтказиб юборилди. Камола Болтабоевна ўзаро суҳбатда ўзини қадимий обидаларни ҳимоя қилаëтган аскардай тутади. Замминистр сифатида «Камолон» маҳалласидаги рус босқинчиларига аталган бутхонани таъмирлаш ташаббусчиси ўлароқ тарихга кирди. Аммо бутхонани ҳам ремонт асносида тарихий аслиятидан буткул мосуво қилишди».

Кампиртепа ëдгорлиги қолдиқлари.
Кампиртепа ëдгорлиги қолдиқлари.

Жорий йилнинг 7 апрель куни президент Шавкат Мирзиëев фармони билан Маданият вазирлигидаги энг катта ташкилот - Маданий мерос агентлиги янги ташкил қилинган Туризм ва спорт вазирлигига ўтказилган эди.

Президентнинг бу фармони Озодлик суҳбатдошларига кўра¸ Маданий мерос обидаларини асраш тизимидаги номукаммалликка барҳам бериш истаги натижасидир.

XS
SM
MD
LG