Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:46

Кимёвий қуролдан жабрланган 100 минг эронлик ҳаёти коронавирус туфайли хавф остида қолди


Теҳронликлар коронавирусга қарши воситалар олиш учун навбатда турибди. 2020, 15 март.
Теҳронликлар коронавирусга қарши воситалар олиш учун навбатда турибди. 2020, 15 март.

Ўлим хавфини солувчи коронавирус Эронда кўпроқ тарқалгани сари нафас йўллари касалликларидан ва силдан азият чекаётган ўн минглаб кимёвий уруш жабрдийдаларига икки карра хавф солаётганидан хавотирлар пайдо бўлмоқда.

Ҳисоб-китобларга кўра, Ироқ диктатори Саддам Ҳусайн Эрон-Ироқ уруши вақтида уюштирган кимёвий қуроллар ҳужумидан омон қолган 100 минг эронлик бор. Уларнинг аксарияти хантал ва асабни фалажловчи газ таъсирида сурункали хасталиклар орттириб ногирон бўлиб қолган.

Ўша кимёвий ҳужум оқибатида соғлиғини йўқотган бир неча киши яқинда коронавирус юқтириб ўлди. Айни вирус кексалар, айниқса юрак-қон томир ва ўпка касалликларига чалинган кишилар учун ўта хавфлидир.

Эрон Соғлиқни сақлаш вазирлиги 16 мартда тарқатган маълумотга кўра, шу кунгача COVID-19 вирусини юқтирган жами 16 169 кишидан 998 нафари вафот этди. Касаллик юқтирганларнинг ҳақиқий сони ушбу рақамдан бир неча бор кўп бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.

Ислом инқилоби соқчилари корпусининг (ИИСК) истеъфодаги генерали Ҳаж Муртазо Малик ва Ғамсардаги собиқ жума намозлари пешвоси, ҳужжат ул-ислом Абулқосим Оромий кимёвий қуроллардан зарар кўрганлардан бўлиб, яқинда коронавирус юқтиргани сабаб дунёдан ўтди.

Иккаласи ҳам Эрон-Ироқ уруши вақтида Саддам Ҳусайн Эрон ғарбида ушбу мамлакат аскарлари ва тинч аҳолисига қарши бир неча марта кимёвий қуроллар билан ҳужум уюштирган пайтда зарар кўрган эди.

Khabaronline.ir сайтига кўра, Малик ўтган ҳафтада Дамғонда, Оромий эса 15 мартда Кашандаги шифохонада ўлган.

Тасдиқланмаган хабарларга кўра, ИИСКнинг кимёвий қуроллардан зарар кўрган бошқа ветеранлари ҳам яқинда коронавирус юқтиргандан сўнг вафот этган.

Ислоҳотлар тарафдори бўлган сиёсий фаол Файзуллоҳ Арабсурхий 6 мартда Твиттерда маълум қилишича, кимёвий қуроллардан зарар кўрган 18 киши коронавирус сабаб ўлган. Аммо у ушбу маълумотни қаердан олганини айтмади.

Ҳокимият идоралари кимёвий қуроллар ҳужумидан омон қолган кишилардан айнан неча киши COVID-19 ни юқтириб ўлгани ҳақида ҳеч қандай маълумот бергани йўқ. Лекин айни пайтда 31 та вилоятга тарқаб кетган вирус ўша кишилар ҳаёти учун ўта хавфли бўлишидан огоҳлантирди.

Пандемия шусиз ҳам мамлакат иқтисодиёти АҚШ санкцияларидан қаттиқ зарар кўраётган пайтда касалхоналар ва тиббиёт ходимлари гарданига оғир юк бўлиб тушди.

Шаҳидлар ва ветеранлар масалалари бўйича фонд 26 февралда берган баёнотга кўра, кимёвий қуроллар ҳужумидан зарар кўрган ветеранлар коронавирусга бардош бериши қийин. Ўша баёнотда улар ва оилалари ҳимоя чоралари кўришга, жумладан, қўлларни совунлаб ювиш, грипп аломатлари бор одамлардан узоқроқ юришга даъват этилади.

Парламент аъзоси ва уруш вақтида кимёвий қуроллар ҳужумига дучор бўлган Пироншаҳр ва Сардашт шаҳарлари вакили Расул Ҳизрий 15 мартда ўша жойда яшаётган ва ҳужумлардан омон қолган бир неча минг кишининг саломатлигидан хавотир изҳор қилди.

Эроннинг Қизил ярим ой жамияти кўнгиллилар ташкилоти раҳбари Муҳаммад Носирий 14-15 мартда 1987 йил июнидаги кимёвий қуроллар ҳужуми жабрдийдалари бўлган сардаштликларга 4000 дона ичида бактерияга қарши гел, ва ниқоблар бор дори қутилари жўнатилганини ва коронавирус йўқ қилингунга қадар яна жўнатиб турилишини айтди.

Ўша кимёвий қуроллар ҳужумидан омон қолган Ҳамидризо Ҳақшунос коронавирус кенг тарқалаётган пайтда ўзига ўхшаш уйидан чиқа олмайдиган кишиларни Шаҳидлар ва ветеранлар масалалари бўйича фонд кислород ниқоблари билан таъминлаб туриши шартлигини айтди.

Кимёвий уруш жабрдийдаларига кўпинча нафас олиш билан боғлиқ муаммоларни енгиллатиш учун ингаляторлар ва кислород ниқоблари керак бўлади.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG