Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:38

Зокиржон Алматов ИИВга қайтди. Вазирлик обрўсини кўтаришга ваъда берди.(ВИДЕО)


Генерал Зокиржон Алматов (чапдан иккинчи) 2005 йилда хавфсизлик тизими расмийлари билан.
Генерал Зокиржон Алматов (чапдан иккинчи) 2005 йилда хавфсизлик тизими расмийлари билан.

Ўзбекистон собиқ Ички ишлар вазири¸ 68 яшар генерал-полковник Зокиржон Алматов яна вазирликка қайтди.

27 февраль куни Ички ишлар вазирлигида ўтказилган селектор йиғилишида вазир Пўлат Бобожонов Алматовнинг янги таъсис этилган вазир маслаҳатчиси лавозимига тайинланганини эълон қилди.

Мазкур йиғинда бевосита қатнашган мулозим томонидан Озодликка юборилган аудиоëзувда Зокиржон Алматов¸ ўзининг вазирликка қайтиши учун президент Шавкат Мирзиëев ва Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновга миннатдорчилик билдиради.

"Ички ишлар вазирлигининг барча ходимлари президентимиз¸ вазир бошчилигида олдиларига қўйилган вазифаларни ситқидилдан бажариб¸ халқимизнинг олдида обрў-эътиборли бўлиб юришини ҳаммамиз тарафдоримиз. Бу ерда ман кўп эски сафдошларимни кўриб турибман. Жуда хурсандман. Жуда қийин вазиятлардан чиқиб кетдингизлар¸ ишладик¸ озми-кўпми меҳнат қилдик. Ҳозирги пайтда президентимиз¸ ҳукуматимиз вазирлик ходимларининг олдига жуда улкан вазифаларни қўйдилар.Ана шу вазифаларни бажаришда четдан қараб туриш¸ манимча¸ номардлик бўлса керак.Шунинг учун вазиримизнинг таклифини қабул қилдим"¸ дейди Алматов Ички ишлар вазирлиги йиғилишида қилган чиқишида.

Зокиржон Алматов янги лавозимини миннатдорчилик билан қабул қилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:28 0:00
Бевосита линк

1991-2005 йилларда Ўзбекистон Ички ишлар вазири лавозимида ишлаган Зокиржон Алматов¸ Андижон воқеаларига қадар 1-президент Ислом Каримовга энг яқин вазирлардан бўлган.

Андижон воқеаларидан саноқли ой ўтиб - 2005 йилнинг декабрь ойида Алматов истеъфога чиқарилди ва у раҳбарлик қилган ички ишлар тизимида таркибий ўзгаришлар бошланди. 2005 йилга келиб Алматов раҳбарлигида Ўзбекистондаги энг қудратли вазирликка айланган ИВВнинг кўплаб функциялари 2005-2007 йиллар ичида Рустам Иноятов раҳбари бўлган Миллий хавфсизлик хизматига олиб берилди.

Зокиржон Алматов: Президент бизга жуда катта вазифаларни юклади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:18 0:00

Кузатувчиларга кўра¸ Алматов истеъфосидан кейин Ички ишлар вазири ва бошқа раҳбарлик лавозимларига асосан МХХ кадрлари тайинланган.

2018 йилнинг 31 январь куни Рустам Иноятов МХХ раислигидан бўшатилиши билан¸ бундай таркибий ўзгаришлар энди МХХда бошланди ва 2005-2007 йилларда бу тизимга ўтказилган бошқармалар яна Ички ишлар вазирлиги тасарруфига қайтарилди.

Озодлик гаплашган ИИВдаги айрим мулозимлар¸ МХХ даги коррупцияга қарши кураш бошқармаси тугатилиб¸ унинг аксар функциялари Ички ишлар вазирлиги қошидаги Жиноят-қидирув бошқармасига берилганини билдирди.

Тошкент ҳукуматига яқин мулозимнинг Озодликка айтишича¸ Зокиржон Алматов янги тайинловдан олдин президент Шавкат Мирзиëев билан узоқ суҳбатлашган ва у айнан кучишлатар тизимларидаги коррупцияга қарши курашни мувофиқлаштириш вазифаси ҳам Алматовга топширилган.

2005 йилнинг 13 май куни Андижонда рўй берган қонли воқеалар ортидан Европа Иттифоқи Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан жазо чоралари қўллаган эди. Бу санкцияларнинг бир қисми ўлароқ Андижондаги қонли воқеаларга бевосита масъул деб кўрилган бир гуруҳ Тошкент расмийларининг Европа Иттифоқи ҳудудига кириши тақиқланган ва Зокиржон Алматов номи ана шу рўйхатнинг тепасига қўйилган эди.

Шунга қарамай¸ 2005 йил охирида Зокиржон Алматовнинг Германияда даволанишига инсонийлик нуқтаи-назаридан рухсат этилган ва бу истисно халқаро инсон ҳақлари гуруҳлари танқидига учраган эди.

Вазирликдан кетганидан сўнг Зокиржон Алматовнинг Тошкентда маълум муддат норасмий уй қамоғида сақлангани айтилади.

Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келганидан сўнг Зокиржон Алматовнинг янги президент даврасида кўрилгани ва унга куч ишлатар тизимлари фаолияти бўйича маслаҳатчилик қилаëтгани ҳақида хабарлар тарқаган эди.

Алматовнинг президентга маслаҳатчи этиб тайинлангани ҳақидаги хабарлар расмий тасдиғини топмади.

Айни пайтда¸ унинг Ички ишлар вазирига маслаҳатчи этиб тайинлангани ҳақида ҳам ҳозирча вазирлик сайтида расмий хабар йўқ.

XS
SM
MD
LG