Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:43

Юнусободдаги “снос” можароси: 14та дўконни қурган тадбиркор ҳибсга олинди


Юнусободдаги дўконларни бузиш пайти. 25 январь, 2022 йил
Юнусободдаги дўконларни бузиш пайти. 25 январь, 2022 йил

31 январь куни Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди ASIA GAMMA LINE МЧЖ бошлиғи Ашраф Нажмиддиновни судгача ҳибсда сақлаш ҳақида ажрим чиқарди. Шу куни Нажмиддиновнинг уйида тинтув ҳам ўтказилган.

Яқинларига кўра, тадбиркор Нажмиддинов 29 январь куни гувоҳ сифатида прокуратурага чақиртилган пайти ҳибсга олиниб, икки кундан бери тергов изоляторида сақланаётган эди.

37 яшар Ашраф Нажмиддиновга тегишли Юнусобод туманидаги 14 та савдо дўкони Ўзбекистонда блэкаут юз берган 25 январь куни бузила бошланган. Шу куни воқеага блогерлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари аралашгач, бузиш ишлари ярим тунда тўхтатилган.

Тадбиркорнинг яқинларига кўра, уларнинг қўлида Юнусобод туман ҳокимининг 2018 йилда дўконлар қурилишига рухсат берган қарори мавжуд.

Тошкент шаҳар прокуратураси эса Нажмиддиновни ҳоким қарорини қалбакилаштирганлик ва 14 та дўконни савдогарларга ноқонуний равишда ижарага берганликда айбламоқда.

Айни пайтда “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти кучишлатар идоралари ходимларини тадбиркор Нажмиддиновнинг шахсий мулкига ноқонуний зарар етказганликда айблаб, уларга қарши жиноят иши қўзғатиш талаби билан прокуратурага мурожаат қилган.

Суд қарори: Тадбиркор ҳибсда қолади

ASIA GAMMA LINE МЧЖ бошлиғи Ашраф Нажмиддинов билан боғлиқ воқеани ўрганаётган “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти бошқарув кенгаши аъзоси Мурод Мақсудовнинг Озодликка билдиришича, 31 январь куни Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди Нажмиддиновни ҳибсда қолдириш ҳақида қарор чиқарган:

- 28 январь куни Нажмиддиновни куч билан олиб кетишмоқчи бўлишган. Бироқ яқинлари видеога олиб қаршилик қилгач, ўша куни уни олиб кетишмаган. Эртасига гувоҳ сифатида чақириб, кейин унга 228-модда билан ҳокимнинг қарорини қалбакилаштириш айблови қўйилган ва эҳтиёт чораси сифатида уни ҳибсда ушлашган. Бугун туш пайти суд уни тергов пайти ҳибсда қолдириш ҳақида қарор чиқарди.

Тадбиркорнинг акаси Саидаъло Нажмиддиновнинг Озодликка айтишича, 31 январь куни орган ходимлари укасининг уйида тинтув ҳам ўтказган:

- Бугун тинтув бўлди. Прокуратура ва ички ишлардан 4та одам келди. Қўлида тинтув қилиш ҳақида қоғоз бор эди. Нима қидиришди номаълум. Ҳеч нарса олиб кетишмади.

Блэкаут кунги буз-буз

Ўзбекистон энерготизимида йирик авария - блэкаут содир бўлган 25 январь куни Тошкентнинг Юнусобод тумани, 6-мавзесидаги Ҳусниобод маҳалласида жойлашган Ашраф Нажмиддиновга тегишли 14 та савдо дўконини бузиш ишлари бошланди.

- 25 январь куни дўконларда савдо бўлаётган пайти тракторлар билан бузишга келишди. Бизга ҳеч нарса кўрсатишмади. Снос ҳақида суд қарорини кўрсатишмади. Дўконларимизнинг учдан бирини бузиб ташлашди,- дейди Саидаъло Нажмиддинов.

Ўша куни воқеа жойида бўлган “Эзгулик” фаоли Мурод Мақсудов ҳам кучишлатар идоралари ходимлари дўконларни бузишга оид бирор ҳужжат кўрсатишмаганини айтади:

- 25 январь куни, блэкаут бўлган куни ҳамма жойда энергоресурслар ўчган пайти тушдан кейин 2-сектор яъни прокуратура сектори котиби Умид Азизов билан ички ишлар идоралари томонидан экскаваторлар олиб келинган. Бузиш ҳақида оғзаки айтилган, лекин ундан олдин ҳам шу куни ҳам ҳеч қандай ёзма огоҳлантириш бўлмаган. Менга ўша куни соат кечқурунги 5ларда қўнғироқ бўлди. Тадбиркорлар ҳуқуқий ёрдам сўрашди. Мен ўша жойда Фейсбук орқали жонли эфирлар қилгач ва тадбиркорларнинг бузишга қаршиликлари кучайгач, биз бузишларни тўхтатишга муваффақ бўлдик. Мен прокуратура ходимидан бузиш учун қандай асослар борлигини сўраганимда, у ҳеч қандай ҳужжат тақдим қилмади. Фақат оғзаки “бор” деб айтилди.

“Шахсий мулкка зарар берганлар жазолансин!"

“Эзгулик” фаоли Мурод Мақсудовга кўра, тадбиркор Нажмиддинов дўконларининг бузилиши борасида Тошкент шаҳар прокуратурасига 27 январь куни ташкилот номидан мурожаат қилинган.

- “Эзгулик” жамияти номидан Тошкент шаҳар прокуратурасига мурожаат қилганмиз. Мутасадди идоралар томонидан фуқаронинг шахсий мулкига зарар етказилгани ҳолати бўйича жиноят иши қўзғатиш бўйича ёзма мурожаат қилганмиз. Ҳеч қандай суд қарорисиз, огоҳлантиришсиз бузиш ҳолатига Ўзбекистон қонунчилигида чек қўйилган. Лекин шунга қарамасдан ҳеч қандай ҳужжатсиз, огоҳлантиришсиз шахсий мулкка зарар етказиш ҳолати бўлган.

Саидаъло Нажмиддинов ҳам жавобгарлар жазоланишидан умидвор:

- Буни ўзининг қонун-қоидаси борку. Бузиш керак бўлсаям, келиб ишлаётган пайти бузилмайди. Бизга огоҳлантириш келиши керак эди. Ёки қандайдир бузиш учун муддат бериши керакку. Бизнинг шахсий мулкимизни бунчалик даражада бузиш нотўғрику.

Тадбиркорлар: Қўлимизда ҳоким қарори бор

Саидаъло Нажмиддиновга кўра, Ҳусниобод маҳалласидаги 14 та дўконни қуриш учун 2018 йилда Юнусобод туман ҳокимининг қарори олинган. Унинг ҳисоб-китобича, 14та дўконни қуриш учун тахминан 300 минг АҚШ доллари миқдорида ҳаражат қилинган.

- Ҳокимнинг 2018 йилги қарори асосида ойнаванд дўкон қилганмиз. Ҳокимият томонидан қатор талаблар қўйилган. Болалар майдончаси қилиш, кейин атрофни асфальт қилиш, ҳудудларга қараш талаби бўлган. Тахминан 300 минг доллар кетган бўлса керак. Лекин ҳамма ҳужжатлар укамнинг ўзида. Қанча кетганини аниқ у билади. 14та дўконни ойнаванд қилиб қурдик. Асфальтлар қилинди. Дўконларни қуриб, тайёр бўлгач тадбиркорларга ижарага бердик.

“Эзгулик” фаоли Мурод Мақсудовга кўра, тадбиркор Нажмиддинов қўлида кадастр идорасидан ташқари ҳамма ташкилотлардан олинган ҳужжатлар бор:

- Қўлида 2018 йилги Юнусобод тумани ҳокимининг қарори бор. Ободонлаштириш ва енгил турдаги конструкциявий маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларини қуриш учун ер ажратиш қарори бор ва туман архитектурасидан шу дўконларга тасдиқлатган лойиҳаси бор. Лекин айрим баҳоналар билан кадастр томонидан ҳужжатлар тақдим қилинмаган. Лекин қўлида тасдиқлатган лойиҳалари бор.

Озодликка тақдим қилинган ҳужжатлардан бири 2018 йил 24 августдаги Юнусобод туман ҳокими Бахтиёр Абдусаматовнинг 1517-сонли қарори нусхаси бўлиб, унда 4та муҳр ва 2 та имзо бор.

Ҳужжат нусхасида ASIA GAMMA LINE МЧЖга болалар боғи ташкил қилиш ва унинг таркибида енгил турдаги ойнаванд кўринишдаги савдо дўкони, умумий овқатланиш шохобчаси ва хизмат кўрсатиш масканлари ўрнатишга рухсат берилган.

Прокуратура: Ҳоким қарори қалбакилаштирилган

Тошкент шаҳар прокуратурасининг тадбиркор Нажмиддинов дўконларининг бузилиши борасида берган расмий изоҳ билдирди.

“ASIA GAMMA LINE” МЧЖ таъсисчиси А.С.Наджмитдинов Юнусобод тумани ҳокими (собиқ) Б.Абдусаматовнинг 24.08.2018 йилги қарорини қалбакилаштириб ва шу ҳужжатдан фойдаланган ҳолда, архитектура-қурилиш, давлат қурилиши назорати, кадастр ва бошқа идораларнинг тегишли рухсатномаларини олмаган ҳолда, ноқонуний равишда умумий майдони 800 кв.м. дан иборат 14 та дўконларни қурган ва ушбу қурилмаларга кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилмаган ҳолда, фуқароларга ноқонуний равишда ижарага бериб келган”, дейилади расмий изоҳда.

Депутат: Дўконлар ноқонуний бузилган

Олий Мажлис депутати Расул Кушербаев тадбиркор Нажмиддиновга қарашли дўконлар ноқонуний бузилган деб ҳисоблайди.

“Юнусобод туманида фуқаролар томонидан тадбиркорлик фаолияти учун қурилган қурилмаларни бузиш ишлари ноқонуний амалга ошрилган. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 июлдаги 467-сон қарори билан тасдиқланган низомга кўра, ўзбошимчалик билан қурилган иморатларни аниқлаш ҳамда уларни бузиб ташлашни ташкил этиш соҳасидаги ваколатли давлат органларига ҳокимият, кадастр, архитектура, экология ва маданий мерос департаменти киради. Бу ерда прокуратурага ҳам, ички ишлар органларига ҳам ўзбошимча қурилмани буздириш ваколати берилмаган”, -дейди депутат.

Кушербаев агар бирор иморат ноқонуний қурилгани аниқланган тақдирда уни бузиш тартибига тўхталаркан, суд қарори чиққачгина бузиш ишлари бошланиши лозимлигини айтади.

“Токи суднинг якуний қарори чиқмагунга қадар ҳеч бир орган ёки шахс фуқароларнинг қурилмаларини ўзбошимча деб, шикаст етказиши, бузиши ва босим ўтказиши мумкин эмас! Юнусобод туманида содир бўлган ҳолатда прокуратура ва ички ишлар органлари масъул ходимлари мансаб ваколатидан четга чиқиб, фуқароларнинг ҳуқуқлари қўпол даражада бузилишига йўл қўйишган. Бу жиноий жавобгарлика сабаб бўлиши мумкин. Шу муносабат билан, Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги ўз тизимининг қуйи бўғинида содир этилаётган ушбу қонунбузилиши ҳолатига ҳуқуқий баҳо бериб, қонуний чоралар кўриши шарт, деб ҳисоблаймиз”, дейди Кушербоев.

Ноқонуний қурилишлар бўйича яна икки киши ҳибсда

Тошкент шаҳар прокуратураси расмий маълумотига кўра, Юнусобод туманида ноқонуний қурилган иморатлар борасида жиноят иши қўзғатилган бўлиб, ушбу иш доирасида Нажмиддиновдан ташқари яна икки шахс ҳибсга олинган.

Юнусобдда яшовчи Ш.Ш. исмли шахс бирон-бир ҳужжатларсиз, лойиҳа-смета ҳужжатларини тасдиқламаган ҳолда фирибгарлик йўли билан, ҳокимлик мансабдор шахслари кўмагида кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб беришга ҳаракат қилганликда гумонланиб ушланган.

Юнусобод тумани ҳокимининг капитал қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келган Ш.Қўчқоров эса ноқонуний қурилишларга рухсат бергани учун қамоққа олинган.

Суд қарорисиз бузишларни Омбудсман ўрганмоқда

Тадбиркор Нажмиддинов дўконларининг суд қарорисиз бузилиши ҳолатини Бизнес-омбудсман томонидан назоратга олинди. Бу ҳақда Бизнес-омбудсман Матбуот хизматининг хабар берди.

“Мазкур мурожаат Бизнес-омбудсман томонидан белгиланган тартибда ўрганиб чиқиш учун қабул қилиниб, ҳолатга аниқлик киритилмоқда”, дейилади расмий хабарда.

Янги Ўзбекистон буз-бузлари

Юнусободда ўтган йилнинг сентябрь ойида ҳам суд қарорисиз “Max Disegm House” МЧЖ қурган 14та дўконнинг бузилиши тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлганди.

Озодлик суриштируви Юнусободдаги 100 дан ортиқ тадбиркорга тегишли 6 гектарлик ҳудуд Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг 2019 йил 31 декабридаги қарори билан президентнинг тўнғич куёви Ойбек Турсуновга алоқадор ширкатга бериб юборилганини ўртага чиқарганди.

$11.5 млнлик "совға"- Ортиқхўжаев 100га яқин тадбиркор ерини президент куëвига алоқадор ширкатга текинга берган
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:39 0:00

“The World Justice Project” халқаро ноҳукумат ташкилоти 2021 йил ҳисоботида Ўзбекистонни мулк дахлсизлиги таъминламанган давлатлар рўйхатига киритди. Ушбу рўйхатда Ўзбекистон 139 та мамлакат ичида 138-ўринни эгаллаган.

Бош прокуратура маълумотига кўра, 2020 йилда бузилган уйларнинг 55 фоизига товон пули тўланмаган. Уйи бузилган мулкдорларга давлат 400 миллиард сўмдан кўпроқ қарз бўлиб қолган. Бу қарзнинг фақат 202 миллиард сўми тўланган.

Ҳозирча 2021 йилги ҳолат бўйича расмий маълумот эълон қилинганича йўқ.

2020 йилнинг декабрида Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев хусусий мулк даҳлсизлигини таъминлаш мақсадида “снос”ларга мораторий эълон қилишни таклиф этди. Аммо бу таклиф шу кунгача ҳукумат томонидан эътироф этилмади.

XS
SM
MD
LG