Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:05

Ери тортиб олинаётган қизириқлик 500 фермер вакиллари Олий Мажлисга арз қилиб борди


Қизириқлик фермерлар ерлари тортиб олинаётганига норозилик билдириб, президентга мурожаат қилган эди - видео скриншоти
Қизириқлик фермерлар ерлари тортиб олинаётганига норозилик билдириб, президентга мурожаат қилган эди - видео скриншоти

Сурхондарё вилоят, Қизириқ туманилик 500 фермернинг 30 га яқин вакили 5 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бир гуруҳ депутатлар ҳамда тегишли идоралар вакиллари томонидан қабул қилинди.

Қизириқлик фермерлар ўз ерларининг босим ва тазйиқ билан тортиб олинаётганидан норозилик билдириб, президент Мирзиёевга видеомурожаат қилган, мурожаат декабрнинг сўнгги кунларида ижтимоий тармоқларда эълон қилинган эди.

Ери тортиб олинаётган қизириқлик 500 фермер вакиллари Олий Мажлисга арз қилиб борди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:18 0:00

Фермерлар билан учрашувда кузатувчи сифатида иштирок этган effekt.uz сайти мухбирининг Озодликка билдиришича, Олий Мажлис депутати Расул Кушербаев уюштирган учрашувда унинг ҳамкасблари, Бош прокуратура, Бизнес-омбудсман, Монополияга қарши курашиш қўмитаси вакиллари иштирок этган.

Озодлик учрашувда қатнашган фермерлар билан ҳам гаплашди. Исмлари айтилишини истамаган фермерларнинг сўзларига кўра, учрашув давомида уларга талабларини баён қилишга имкон берилган.

Айтилишича, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган учрашув бир соатдан кўпроқ давом этган. Мулоқот якунида Қизириқда юзага келган вазиятни ўрганиш учун Идоралараро ишчи комиссияси тузишга қарор қилинган. Комиссия келаси ҳафтанинг чоршанбасида Қизириқ туманига бориб, вазиятни жойида ўрганишга қарор қилгани билдирилди.

Фермерларни Тошкентга боришга нима мажбур қилди?

Қизириқлик фермерлар ижтимоий тармоқлар орқали президентга йўллаган очиқ мурожаатида тумандаги 500 фермернинг ери тортиб олинаётгани айтилиб, бунга норозилик билдирилади.

“Фермерлардан аризани олмай туриб, ёпиқ сессия қилиб, фермер хўжаликларини тугатиш ҳақида қарор қилган. Бизда ҳақиқат, қонун йўқми? Барча фермер норозимиз”, - дейди қизириқлик фермерлардан бири.

Фермерлар иддаосига кўра, декабрь бошида тумандаги фермер хўжаликлари фаолиятини бутунлай тугатиш ҳақида қарор чиқарилиб, кейин фермерлардан мажбурий равишда ариза олиш жараёни бошланган.

Озодлик бу мавзу юзасидан 30 декабрда эълон қилган мақоласида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев қизириқлик фермерлар муаммосига эътибор қаратгани, бу борада Бош прокуратурага сўров хати киритганини маълум қилгани тўғрисида хабар берганди.

“Бизларга келаётган мурожаатлар Сурхондарё вилоятида қишлоқ хўжалиги соҳасида қонун устуворлигини таъминлаш масаласида хавотирлар пайдо қилмоқда. Ҳудуд ва соҳа масъулларидан мазкур масалалар бўйича қонуний иш кўриб, асосли изоҳ беришларини сўраймиз”, дея ёзди Расул Кушербаев.

Қизириқлик фермерлар иши юзасидан Huquqshunos kundaligi шарҳи

Фермерлар Олий Мажлисда қабул қилинган куни (5 январь) Telegramдаги Huquqshunos kundaligiҲокимлар фермер хўжаликларини тугатиб, ерни олиб қўйиш ваколатига эгами?” деган сарлавҳа остида ўз шарҳини эълон қилди.

Сарлавҳага чиқарган саволига ўзи жавоб берар экан, канал “Қизириқ туманида фермерларнинг ерларини ҳоким томонидан мажбурий олиб қўйиш ҳолатлари авж олаётганини” хабар қилади.

Каналнинг тушунтиришича, Ер кодекси ва Фермер хўжалиги тўғрисидаги қонунларга кўра, ер участкалари очиқ танлов асосида ижарага эллик йилгача бўлган, лекин ўттиз йилдан кам бўлмаган муддатга бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқувчи туман комиссияси ҳамда туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг хулосасига биноан халқ депутатлари туман кенгашининг қарори асосида қабул қилинган туман ҳокимининг қарори бўйича берилади.

“Сўнг ер участкасини ижарага олиш шартномаси фермер хўжалигининг бошлиғи ва туман ҳокими томонидан имзоланади. Шартнома тарафларнинг келишувига биноан, тарафлар келишувга эришмаган тақдирда эса, суд томонидан ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин”, деб эслатади Huquqshunos kundaligi.

Қонунларни шарҳлашда давом этар экан, канал кластерни рўкач қилиб фермерлар ерини тортиб олиш қонунга зид эканини урғулайди: “Юқоридаги вазиятда, фермерлар билан туман ҳокими ўртасида ер участкасини ижарага олиш шартномаси тузилган. Ҳоким қонунга кўра, фермернинг хатти-ҳаракатларидан норози бўлса (пахта, ғалла режасини бажармаган ва ҳ.к) ер участкасини ижарага олиш шартномасини бекор қилиш бўйича судга мурожаат қилиши керак. Яъни фермерларнинг ерини олиб қўйишга фақат суднинг ваколати бор, бошқа ҳеч кимга бундай ваколат берилмаган. Шунга кўра, ҳоким томонидан фермерларнинг давлат режасини бажармаганлиги сабабли уларнинг ер участкаларини кластерга алмаштирганлигини рўкач қилиб, ерларини тортиб олиши ҚОНУНГА ЗИД. Амалда ҳокимларни назорат қиладиган ва қонун устуворлигини таъминлайдиган тизим бўлмаган юртда мулк дахлсизлиги ана шундай тарзда оёқ ости қилинаверади”.

Урфга айланаётган “Тошкентга саёҳат”

Ўзи яшаб турган туман ёки вилоятдан ҳақиқат тополмаётган фуқароларнинг адолат излаб Тошкентга юриши кейинги йилларда тез-тез кузатилмоқда.

Бундай сафарлар ҳар доим ҳам қизириқлик фермерларнинг сафаридай юқори идорадаги қабул билан тугамаяпти.

2019 йилнинг июнида бир гуруҳ аёллар Республика хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева қабулига борганида Миллий Гвардия томонидан қўлга олинганлари ҳақида Озодлик радиосига гапириб берганди.

2020 йилнинг сентябрида Сирдарё вилоят, Сардоба тумани, Дўстлик маҳалласида яшайдиган ўн аёл ва эркак Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Ариповга бешинчи марта арз қилиб борганди. Арзчиларнинг Озодликка айтишича, уларни ҳеч ким қабул қилмаган ва орган ходимлари тазйиқида яна Сирдарёга жўнатиб юборилган. Сардобаликларнинг Тошкентга сафари билан боғлиқ шунга ўхшаган яна бир воқеа октябрнинг бошида содир бўлган эди.

Қизириқлик фермерларнинг Озодликка билдиришича, улар 6 январда Президент администрациясига ҳам бормоқчи.

Ўзбекистонда фермерларнинг ерларини ноқонуний ёки турли босимлар остида тортиб олиш ҳоллари кенг тарқалган. 2000-йиллар бошида "фермер хўжаликлар ерларини оптимизация қилиш" дан бошланган жараён охирги йилларда кластерлаштириш билан давом этмоқда.

29 декабрь куни Олий Мажлисга мурожаатида президент Мирзиёев ерларни "бозор активи"га айлантириш ҳақида гапирди, аммо бунинг қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ерларга қандай таъсир кўрсатиши маълум эмас.

XS
SM
MD
LG