Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:58

"Ер сотишдаги коррупция". Мирзиёев ҳокимларга ўзи берган дахлсизликни бекор қилди


Текширишларга кўра, фермерларда 67 минг гектар расмий ҳисобда йўқ ери борлиги аниқланган.
Текширишларга кўра, фермерларда 67 минг гектар расмий ҳисобда йўқ ери борлиги аниқланган.

Президент Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалиги ерларини ялпи хатловдан ўтказиш бошланганини айтиб, ер сотган “катта-катта ҳокимларни” жавобгарликка тортиш ҳақида Бош прокурорга топшириқ берди.

Президентнинг ушбу кўрсатмаси 21 декабрь кунги ҳукумат йиғилишида янгради.

Ўзбекистонлик фермерларнинг айтишларича, уларнинг аксариятида расман қайд этилмаган қўшимча ери бор ва бу ер уларга мажбурий қўйилган режани бажаришда кўмак берган.

Фермерлар, жорий йилдан бошлаб пахта ва ғалла етиштиришда бозор механизми тўлиқ ишга тушса, яширин ерга ҳожат қолмаслигини айтади.

Президент, ер коррупциясида ҳокимларни айблар экан, уларни жазолашга бундан беш йил аввал қўйган тақиқни бекор қилди.

Шавкат Мирзиёев ер ҳисоби ва давлат кадастрларини тўлиқ шакллантириш, соҳага рақамли технологияларни жорий этиш масалалари юзасидан ўтказган йиғилишда айтишича, электрон ҳисобга олинаётган қишлоқ хўжалиги ерлари билан қоғозда юритиб келинган Ер фонди ҳисоботи орасида катта фарқ бор.

“Йиллар давомида шундай кетаверган, фермерга 5 гектар ўрнига 10 гектар берган, 10 гектар ёзилган бўлса, 12,5 гектар берилган. Ҳамма ер порахўрлик бўлган. Агар ростини айтсак, 30 йилда ернинг ҳисоби йўқ Ўзбекистонда. Масъулият ҳам йўқ, жавобгарлик ҳам йўқ. Парламент ҳам қарамаган, ҳеч ким қарамаган, ҳеч ким назорат қилмаган Ўзбекистон шароитида. Жуда катта коррупция ҳолатлари бор ер масаласида. Қонун қабул қилдик, лекин прокуратура бу қонундан фойдаланмаяпти, фойдалана олмаяпти”, деди президент.

Президентнинг айтишича, 30 мингта фермер ва деҳқонларга ажратилган ер майдони ҳужжатдагига нисбатан 67 минг гектарга кўплиги аниқланган:

“Ўртоқ Йўлдошев, шуни ҳаммага қаттиқ айтиш керак - бунинг орқасида пора турибди, коррупция турибди. Фақат мажлис ўтказиш эмас, жиноий жавобгарликка тортиш керак. Катта-катта ҳокимларни жиноий жавобгарликка тортсангиз, мен сизни ҳурмат қилишни бошлайман”.

Бухоролик фермер Шуҳрат Раззоқовнинг айтишича, фермер хўжаликларида ҳисоботда қайд этилмаган қўшимча ернинг бўлиши, собиқ иттифоқдан қолган мерос:

“Ҳақиқатан союз даврида ерлар харитада кам кўрсатилган. Масалан, битта контурда 2,5 гектар ер бўлган бўлса, харитада 1,8 ёки 2 гектар қилиб кўрсатилган. Чунки режани бажариш мушкул эди. Сабаби, 6 миллион тонна пахта берамиз деб янги ерлар ўзлаштирилган, улар харитага киритилмаган. Ва шу багаж билан биз мустақилликка ўтдик. Мирзиёев ўзи буни яхши билган ва шунинг учун ҳам ислоҳот ўтказяпти. Чунки мана бу йилдан бошлаб давлат режаси деган нарса йўқ бўлди. Фермерларга энди ерини яширишга ҳожат қолмади. Кластер билан шартнома қилиб, ўшани бажаришга ҳаракат қилади”.

Шуҳрат Раззоқов фикрича, ерни қайта хатлов қилишдан мақсад, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришда деҳқон хўжаликлари улушини оширишдир:

“Президентнинг 23 ноябрда чиқарган қарори бўйича фермер ва кластерларнинг паст ҳосилли пахта ва ғалладан қисқартирилган 200 минг гектар ери 2022-2025 йилларда захирага қайтарилади ва сабзавотчилик, мойли, дуккакли экинлар ва картошка учун фуқароларга 0.10 гектардан 1.0 гектаргача электрон танлов орқали ижарага берилади. Ҳозир фермерларнинг ҳисобда йўқ ортиқча ерларни захирага олишни бошлашди".

Исми сир қолишини сўраган жиззахлик фермернинг айтишича, ерлар ҳоким ва кадастр билан келишган ҳолда расмий ҳисобдан яширилган:

“Масалан, менинг ерим 50 гектар бўлса, келишиб 45 қилиб олганман. Бу ерга ер, сув солиғи ҳам тўламайман, шунинг ҳисобидан планимни бажариб келардим. Чунки бизда центнерни баланд қўйишади. Ернинг бонитетини, ҳосилдорлигини ҳисобга олишмайди. Ҳамма ерга бир хил центнерни босаверишади. Ҳолатнинг шундай эканлигини, ҳамманинг қўшимча ери борлигини ҳокимлар ҳам жуда яхши билади ва бу уларнинг қўлидаги фермерга босим ўтказиш учун ричаг бўлиб туради. Ҳозир Дўстлик туманида бизнинг ерларни Тошкентдан мутахассислар келиб GPS билан ўлчаб кетди ва ҳаммадан ортиқча ер чиқди”.

Президент ўз чиқишида ернинг балансини тўғри юритмаган ҳокимларни танқид қилди:

“Ер балансини тўғри юритиш, ерни асраб-авайлаш ҳокимларнинг конституциявий мажбурияти ва асосий вазифасидир. Буни уддалай олмайдиган ҳоким менга керак эмас”.

Исми сир қолишини сўраган фермернинг айтишича, ер коррупциясининг бошида президент ўзи тайинлаган ҳокимлар турган:

“Президент 2017 йилдаги чиқишида прокурорларга юзланиб ҳокимлар менинг вакилим, бирортанг уларга тегмайсан, бирортасини қамасанг, мен сени қамайман, деб ҳокимларни дахлсиз қилиб қўйган эди. Мана, кеча ўзи ҳам тан олиб турибди, ер сотишдаги энг катта коррупционерлар ҳокимлар эканлигини айтди. Прокурорлар ўтган беш йил ичида бирорта ҳоким устидан жиноят иши очмади, бирортасини жавобгарликка тортмади, чунки президент тегмайсан деб қўйган эди. Ҳокимлардан энди ер бериш ваколатини олиб қўйди. Лекин улар шу кунгача нима бало қилса қилди, ер талон торожининг 80 фоизи ҳокимларга бориб тақалади”.

Навоий вилоят ҳокимининг собиқ ўринбосари Исмоил Оспановнинг айтишича Ўзбекистонда ер билан ишлашнинг аниқ ҳисоботи йўқлиги учун ер талон-торож бўлиб кетди:

“Биринчидан, ҳар йили ернинг “инструментальный поконтурный обмен” деймиз биз, яъни ер бир йилда бир марта корректировка қилинади, кетган бўлса суғориладиган ер ҳисобидан чиқарилади, янги бўлса киритилади. Мана шу нарсалар ташлаб қўйилган. Суғориладиган ерлар ҳисобидан хоҳлаган одамларига хоҳлаган жойидан бериб ётибди. Бу катта муаммо. Иккинчидан, давлат буюртмаси йўқ бўлмаган, пахта экасан, буғдой экасан деб мажбурлаяпти. Фермерлар энди кластерларнинг босимига учраб давлат буюртмасини бажарадиган аввалги ҳолатидан баттар бўлди. Учинчидан, президентнинг Бош прокурорга “ҳокимларни жиноий жавобгарликка тортсангиз, мен сизни ҳурмат қилишни бошлайман”, дегани бу жуда хунук гап бўлди. Қонун устувор бўлмаган давлатдагина президент бу гапни айта олади”.

Кластердан норози фермерларнинг кооперация тузиш аризаси рад этилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:12 0:00

Президент ер ва кадастр масалаларига бағишлаб мажлис ўтказган куннинг ўзида ДХХ Тошкент, Сирдарё, Наманган ва Самарқанд вилоятларида ер майдонларини сотмоқчи бўлган яна бир қатор мулозимларнинг ҳибсга олингани ҳақида ҳисобот берди.

Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, Қибрай туманидаги 13,7 гектар унумдор ерни 3 миллион 425 минг долларга сотмоқчи бўлган Тошкент вилояти Инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси ходими 500 минг АҚШ доллари миқдоридаги аванс тўловини ўтказиш вақтида сотувчи ва харидор қўлга олинган.

XS
SM
MD
LG