Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:58

“Яхши ҳақ тўлашади, лекин кўплар ўлиб кетди”. Россия армиясига ёлланган марказий осиёлик муҳожирлар ҳикоялари


Омон – этник қозоқ, лекин Россияда туғилган, Россия фуқароси. Ярим йилдирки, у Украинада жанг қилмоқда. Унга кўра, урушга боришга қарор қилиш нариги дунёга чипта олиш билан тенг. Омон айтишича, ҳозирда кўплаб марказий осиёликлар пул ишлаб олиш учун Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаяпти.

Муҳожирлар “Озодлик”нинг қирғиз хизмати билан суҳбатда ўз саргузаштларини сўзлаб бераркан, бошқаларга фронтга жўнашдан олдин “минг карра ўйлаб кўриш”ни маслаҳат беришди.

Миллиондан бири тирик қолади, омади чопса. Қирғизлар, тувалар, ҳатто негрлар, бу ерда турли миллатлардан бор эди. Ҳаммаси ўлиб кетди – кимдир бу ерда ётибди, кимдир фронтда, кимдир эса темир тобутда уйига жўнади”, дейди Омон.

Ҳозир Омон фронтнинг олдинги чизиғида, Донецк вилоятида. У Россия Мудофаа вазирлиги билан февраль ойида шартнома тузган. Йигит нега бунга қарор қилганини айтмайди, лекин “обдон ўйлаганман”, дейди. Омоннинг айтишича, урушга борганларга каттагина пул тўлашади, вақтида тўлашади. Шунга қарамай, Омон бошқаларга урушга келишни маслаҳат бермайди.

Бу Чеченистон эмас, Сурия ҳам эмас. Бу ерда, менимча, автоматнинг ҳам ҳожати йўқ, – дейди у. – Фақат снарядлар у ёқдан бу ёққа виз-виз учади. Танкка тегади – танк ичидаги одамлари билан ёниб кетади. Худди космодром бу ер: ҳамма “учади”. Олдинги чизиққа боришгаям улгурмаслигинг мумкин. Жудаям қўрқинчли”.

Омон – Россияда туғилган этник қозоқ. Унинг айтишича, фронтда Марказий Осиёдан келган муҳожирлар кўп, кўпчилиги бу ёққа пул дардида келмоқда, лекин соғ-саломат қайтаётганлар жуда кам.

“Келган одамни қўйиб юборишмайди, – дейди Россия армияси аскари. – Шундай экан, бу ерга келишга талабгорлар келишдан аввал минг карра ўйлаб кўришсин. Москвадан талай йигитлар келишган эди, қанчаси ўлиб кетди. Қишлоқлардан келганларнинг кўпи қирилди. Бедарак йўқолганлар қанча. Излаган билан топиб бўлмайди. Олдинги чизиқда кўплаб жасадлар ётибди, уларни олиб келишнинг ҳечам иложи йўқ”.

Москвада шартнома имзолаш – энг жозибали вариантлардан бири. Пойтахт мэри фармойишига кўра, шартнома тузган одамга дарҳол салкам икки миллион рубль пул берилади.

Рекрутчиларнинг эълонлари барча ижтимоий тармоқларда тарқалмоқда, жумладан муҳожирларнинг мессенжерлардаги гуруҳларида ҳам. “Озодлик” радиоси Россия Мудофаа вазирлиги чет эл фуқаролари билан ҳам шартнома имзолаётганини аниқлади.

Қаранг, тўлиқ ҳужжатлар тўплами керак: паспортнинг рус тилига таржимаси, патент ва ҳоказо, – дейди аскарликка одам ёллайдиган рекрутчи. – Фуқароликни олиш учун мана шу ҳужжатларнинг ҳаммаси зарур. Кейин уларни олиб, Москва вилоятига борасиз. Москва вилоятида шартнома имзолаган ҳар бир кишига 1 миллион 700 минг рублдан беришяпти. ФСБ сизни икки ҳафта текширади”.

Махсус хизмат текширувидан сўнг муҳожирлар ҳужжатларга имзо чекиб, урушга йўл олишади. Рекрутчи куни кеча бир тожикистонлик билан бир қирғизистонлик фронтга жўнатганини айтади.

У ерда ҳамма нарсага тайёр бўлиш керак. Чунки бу “СВО” (“Махсус ҳарбий амалиёт”), уруш бу. Икки ҳафта автоматдан отишни ва бошқа нарсаларни ўргатишади. Кейин – олға. Ҳа, жуда хавфли, қўрқинчли. Лекин уруш ўз номи билан уруш-да: у ерда ўлдиришади. Дронларнинг парчалари ва замбарак ўқларидан ярадор бўласиз, ўласиз...” дейди рекрутчи.

Аммо шунча хавф-хатар деярли ҳеч кимни тўхтата олгани йўқ. Урушга бориш учун таклиф қилинаётган пул муҳожирлар учун бутун бошли сарват. Чатларда уларга: “Кредитни ёпиш ёки уй сотиб олиш учун ўзингизни қимматроққа сотинг”, деб маслаҳат берувчилар бор. Буни ўзини Абдулла деб таништирган тожикистонлик йигит ҳам тасдиқлайди.

Тожикистондан, Ўзбекистондан, Қирғизистон ва Қозоғистондан келган йигитлар бор, – дея ҳикоя қилади у. – Мен, очиғи, боламни деб келдим. Фарзандим касал. Бошқа чорам йўқ эди. Пул топиш учун келдим. Ҳозир ҳамма пулни деб келяпти”.

Журналистлар урушда қатнашаётган яна бир неча мигрантлар билан ҳам гаплашишди. Улар саволларга батафсил жавоб беришдан қочишди, лекин бошлари қотганини яширишмади. Уйга қайтиб кета олишмайди, эртага нима бўлишини ҳам билишмайди. Ҳаммалари уруш тугашини кутишмоқда.

Пул – Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузиш учун ягона сабаб эмас. Россия фуқаролигини олган марказий осиёликларга, агар урушга бормасалар, қамоққа тиқиш билан таҳдид қилишади. Қирғизистонлик Айжарқин эрини худди шу йўл билан қўрқитишганини айтади. Улар 10 йилча олдин Россияга кўчиб келишган экан. Яқинда эрига: “Ё урушга борасан, ё етти йилга қамаласан”, деб шарт қўйишибди. Эри тўрт фарзандини Айжарқинга ташлаб, фронтга кетишга мажбур бўлибди.

Сен ҳарбий мутахассиссан, деб олиб кетишди. Мудофаа вазирлигининг мукофот пуллари ҳақида ҳеч нима дейишгани йўқ. Яқинда Қирғизистонга бориб келдим, ваҳимали гаплар эшитдим: кимдир ўлган, кимдир ярадор бўлибди, дейишяпти. Шартнома бўйича кетса, ҳақ тўланиши керак экан. Лекин мен қизиққаним йўқ. У қаердалигини суриштиришга ҳам қўрқаман”, дейди Айжарқин.

Россия Тергов қўмитаси раҳбари Россия фуқаролигини олганларни биринчи галда фронтга жўнатишни таклиф қилганди. Александр Бастрикинга кўра, Россия паспортини бериш тартиб-таомиллари сирасига ҳарбий рўйхатга қайд этиш талабини ҳам киритиш керак. Қўмита раиси Россия фуқаролигини олган 30 минг муҳожир аллақачон “ушланган”и, улардан 10 минг нафари фронтга жўнатилганини айтган эди.

Ҳуқуқ фаоллари Россия ҳукумати Украинага қарши урушга жалб қилишда қўрқитишдан сотиб олишгача – барча усулларни қўллаётганини таъкидлашади. Уларга кўра, ҳар гал Россия Мудофаа вазирлиги тўлов суммасини оширганида армияга хизматга киришга талабгорлар кўпаяди. Бунинг ортидан, ўз навбатида, Россиядаги муҳожир қариндошларини излаётганлар сони ҳам ошади.

Форум

XS
SM
MD
LG