Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:02

“Газ йўқ, бўлмайди” - Хоразм вилоят ҳокими норози аҳолининг электр муаммосини ечишга ваъда берди


Чолишликларнинг вилоят ҳокими билан учрашуви.
Чолишликларнинг вилоят ҳокими билан учрашуви.

19 январь куни Хоразм вилояти Урганч тумани Чолиш шаҳарчаси аҳолиси газ ва электр тақчиллигига норозилик билдириб, Чолиш-Урганч трассасини тўсиб қўйди.

Норозилар билан учрашган вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов шаҳарчада электр энергиясини яхшилаш учун янги трансформатор ўрнатишга ваъда берди.

Шунингдек, ҳоким шаҳарча аҳлини қийнаётган йўл, ичимлик суви каби муаммолар ҳам ҳал қилинишини таъкидлаган.

Чолишликлар айтишича, ҳоким табиий газ муаммосини ҳал қилолмаслигини тан олган.

Чолишликлар норозилиги

20 январь куни Телеграмдаги Xorazmliklar канали орқали ёйинланган видеода ўнлаб кишининг йўлни тўсиб тургани ва мутасаддилар келиб, уларни йўл четига чиқишга кўндиришга уринаётгани акс этган.

Видеодан маълум бўлишича, воқеа Хоразмнинг Урганч тумани Чолиш шаҳарчасида содир бўлган.

Озодлик боғланган чолишликларнинг айтишича, 19 январь кунги норозилик ва уларнинг сабр-косаси тўлишига Амударё бўйидан ўтин териб келаётган икки ўсмирнинг жаримага тортилгани сабаб бўлган.

“Намунали уйларда яшаймиз, лекин газ йўқ. Нимаси унинг намунали? Кўмир жуда сифатсиз. Одамлар Амударё бўйларидан ўтин териб келиб, уйларини иситади. Куни кеча экология ходимлари ўтин териб келаётган икки болани ушлаб штраф қилибди. Шундан кейин одамларнинг жаҳли чиқиб кетди. Кейин келишиб, кўчага чиқдик”, - дейди Озодлик суҳбатлашган Чолиш яшовчиларидан бири аноним қолиш шарти билан.

Ўзини депутат деб таништирган аёл.
Ўзини депутат деб таништирган аёл.

Видеотасвирларда норозилар уларга дашном берган депутат аёлни ҳайдаб солгани ҳам акс этган.

“Депутат сифатида сени ҳозир кўриб турибман. Келиб бировдан ҳол-аҳвол сўрадингми? Сени бу ерда ҳеч ким танимайди. Нима иш қилдинг депутат бўлиб?”, - дейди норозилардан бири.

Норозиларни тинчлантиришга келган Хоразм вилоят газ таъминоти идораси бошлиғи Шерзод Собировни эса чолишликлар саволга кўмиб ташлашган.

“Биз сиёсатга қарши эмасмиз, бизга фақат газ керак. Қайси уйга кирсангиз, йиғлаб юборасиз. Сизнинг уйингизда газ бор, ювиниб-тараниб келганингиздан кўриниб турибди. Менинг бўйнимнинг кирига қаранг”, - дейди норозилардан бири кўйлаги ёқасини очиб, бошқалари уни қўллаб қарсак чалишади.

Ҳоким ваъдаси

Воқеа тафсилотларини Озодликка гапириб берган бошқа бир чолишликка кўра, норозилар билан учрашиш учун вилоятнинг барча мутасаддилари Чолиш шаҳарчасига келган:

“Дастлаб УВД зами, Урганч туман ҳокими, облгаз ва электросет идоралари бошлиқлари келди. Эртасига вилоят ҳокими Фарҳод Эрмонов вилоят идораларининг ўндан зиёд бошлиғи билан Чолишга келди. Ҳоким билан учрашув мактаб залида ўтди”.

Чолишлик йигитнинг айтишича, ҳоким Эрманов шаҳарча аҳлининг бир қатор иқтисодий-ижтимоий муаммоларини ҳал қилиб беришга ваъда берган:

“Биринчи ваъдаси свет билан боғлиқ бўлди. “Янги трансформатор қўйиб бераман”, деди. Намунали уйлар орасида йўл йўқлигини айтдик. Буни ҳал қилишни ўзи билан бирга олиб келган йўл идораси бошлиғига топширди. Кечаси кўчаларни ёритиш муаммосини айтгандик, “буни комхоз ҳал қилади”, деди. Водопровод муаммосини айтгандик, водоканал бошлиғини уришиб, “уйларининг ичигача киргизиб, берасан сувни”, - деди. Ҳоким ўзи билан банк мутасаддиларини ҳам олиб келган экан, кимга кредит керак бўлса, ўша жойнинг ўзида расмийлаштириб ҳам беришди. Ишсизларни ҳам рўйхатга олиб, “иш топиб берамиз” дейишди. Кўмирнинг сифатсизлигини айтгандик, кўмирга мутасадди идора бошлиғига “кўмирни элакда элаб, кейин берасан”, деди. Роса ваъда берди ҳоким бува”.

Учрашувда иштирок этган чолишликларнинг айтишича, ҳоким биргина газ муаммосини ҳал қила олмаслигини айтган:

“Халқ нимага газ йўқ, бизга газ беринг, деб сўради. Лекин ҳоким “газ масаласи ҳал бўлмайди”, деди. Одамлар қайта-қайта сўради. Ҳоким “Газ йўқ, бўлмайди” деди қатъий қилиб. Лекин “пропан газини олдингидай ҳар ойда эмас, ҳар 15 кунда келтириб, бераман”, деди ҳоким бува".

Хоразм вилоят газ таъминоти идораси бошлиғи Шерзод Собировнинг чолишлик норозилар билан учрашуви акс этган видеода айтишича, вилоят аҳлини тўла табиий газ билан таъминлаш имкони мавжуд эмас.

“Вилоятда 365 минг хонадон бор, шундан 230 мингги табиий газ олади. Бошқа хонадонлар газдан қирқилган. Табиий газ ресурси етмайди”, - дейди Собиров.

Чолиш шаҳарчаси
Чолиш шаҳарчаси

Озодлик билан суҳбатда Чолиш аҳли мулозимлар уларни мунтазам алдаб келаётганини айтиб, ҳоким Эрмонов ваъдаларига ҳам ишонмасликларини айтишди.

“10 йилдан буён фақат алдашади. Шикоят қилсангиз бир халта ваъда беришади, лекин уни бажариш йўқ. Агар ҳоким ваъда қилган ишлар ҳам олдингиларидай бажарилмаса, халқ яна кўчага чиқади. Ҳар кун йўлни тўсамиз”, - деди исмини очиқламасликни сўраган чолишлик қария.

Энергетик бўҳрон ва норозиликлар

Чолишдаги норозилик газ билан боғлиқ сўнгги бир ҳафтада Хоразмда кузатилган иккинчи ҳолатдир.

14 январь куни Хонқа туманининг Сарапаён қишлоғи, “Пахтагул” маҳалласи аҳолиси айни муаммо сабаб Урганч-Ҳазорасп автомобил йўлини тўсиб қўйди.

Ўзбекистонда сўнгги бир ой ичида аҳоли норозиликларининг ёйилиши бошқа ҳудудларда ҳам кузатилди.

Жумладан, Бухоро вилоятининг Бухоро ҳамда Қоракўл, Сурхондарёнинг Музработ, Жиззахнинг Пахтакор туманлари, Андижон шаҳри, Фарғона вилоятининг Қўқон ва Олтиариқ туманларида ҳам аҳоли газ муаммоси туфайли йўл тўсди. Бу фақат Озодликка маълум бўлган ҳолатлар, холос.

Ўзбекча норозилик: Газ ва светсиз қолган аҳолининг йўл тўсиш акциялари...
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:05 0:00

Мутасаддилар норози аҳолини кўмир тарқатиш ёки бошқа вақтинчалик чора ҳамда турли ваъдалар билан тинчлантирмоқда.

Айни пайтда мамлакатнинг деярли барча ҳудудида энергетик бўҳрон давом этмоқда.

Ҳукумат бу инқироздан чиқиш борасида аниқ режани эълон қилганича йўқ.

Энергетика вазирлиги 21-23 январь кунлари Ўзбекистон ҳудудига ғарбий Қозоғистон орқали Россиядан совуқ ҳаво кириб келиши ҳақида огоҳлантирди. "Ўзгидромет" тарқатган хабарга кўра, ўртача ҳаво ҳарорати меъёрдан 8-10 даражагача паст бўлади.

Вазирлик тизимдаги корхоналарни "технологик режимларга риоя қилиш ва истеъмолчиларга барқарор энергия етказиб бериш бўйича тегишли чоралар кўриш" ҳақида огоҳлантирган.

Айни пайтда Ўзбекистон 2020 йилда 50,4 миллон долларлик газ импорт қилгани маълум бўлган. Газета.уз нашри Давлат Статистика қўмитаси келтирган рақам 2019 йилдагидан 237 баробар кўплигига эътибор қаратган. Нашрнинг ўз манбаларига таяниб хабар беришича, газ Туркманистондан сотиб олинган.

16 декабрь кунги ҳукумат йиғилишида президент Мирзиёев мамлакатда суткасига 20 миллион кубметр газ тақчиллиги мавжудлигини айтган эди. У газ экспорти ҳажмини камайтириш ва кунига 7-8 миллион кубметр қўшимча газни аҳоли эҳтиёжлари учун йўналтириш ҳақида ҳукуматга топшириқ берган. Ўтган вақт давомида газ таъминоти яхшилангани кузатилмайди.

XS
SM
MD
LG