Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:31

Хиванинг Ислом Хўжа минораси биқинидаги уйда газ портлади. Камида бир киши ҳалок бўлди (ВИДЕО)


Ислом Хўжа минораси биқинида жойлашган уй портлаш оқибатида буткул вайрон бўлган
Ислом Хўжа минораси биқинида жойлашган уй портлаш оқибатида буткул вайрон бўлган

Хоразм вилоятининг Хива шаҳридаги уйлардан бирида газ портлаши оқибатида камида бир киши ўлган, яна бир одам қаттиқ куйиш жароҳати билан касалхонага ётқизилган.

Ҳодиса 8 январь куни эрта тонгда Хиванинг Ичан қалъа ҳудудидаги Ислом Хўжа минорасидан эллик метр масофадаги уйлардан бирида рўй берди.

Хивадаги уйлардан бирида газ портлади. Камида бир 15 яшар қиз ҳалок бўлди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:53 0:00

Портлашга табиий газдан нотўғри фойдаланиш сабаб бўлгани айтилмоқда.

Оқибатда уй ер билан яксон бўлган. Гувоҳларнинг Озодликка айтишича, вайрон бўлган уй ичидан 15 ёшли қиз ҳамда 50 ёшлар атрофидаги аёлнинг жасади олиб чиқилган.

"Газ босими жуда паст. Кечаси ётганда газ жўмрагини бураб қўйишни унутишган. Газ чиқиб ётаверган”, - деди хиваликлардан бири.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Хоразм вилояти бўлими расмийлари эса портлашдан бир одам - хонадон эгасининг қизи ҳалок бўлганини маълум қилган.

ФВВ расмийларига кўра, уй эгасининг ўзи эса ўттиз фоиз куйиш жароҳати билан шифохонага етказилган.

Вазирлик вакиллари тахминича, портлашга “сизиб чиққан табиий газ ва ҳаво аралашмаси натижасида содир бўлган чақнаш” сабаб бўлган, ҳодиса “табиий газдан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши” туфайли рўй берган.

"Ҳозир ўрганиляпти, конкрет сабабини айтолмаймиз. Маълум нарса шуки, газ чиқиши сабаб портлаш бўлган", - деди ФВВ Хоразм вилояти бўлим ходими.

Гувоҳларнинг Озодликка айтишларича, Ичан қалъа ҳудудидаги Ислом Хўжа минорасидан бир неча метр нарида рўй берган портлаш кучидан қўшни бино биноларининг деразалари синиб кетган.

Озодликка юборилган видеода Хивадаги Ислом Хўжа минораси биқинида қутқарувчилар портлаш рўй берган уй вайроналарини тозалаётганини кўриш мумкин.

Хиванинг Ичан қалъа музейи раҳбарияти портлашдан тарихий обидаларга зиён етмаганини айтмоқда.

"Портлаш тўлқинидан айрим уйларни деразаси синган, лекин тарихий обидаларнинг биронтасига зиён етмади", - деди Ичан қалъа музейининг Озодлик мухбири суҳбатлашган ходими.

Бир ҳафтада бешта портлаш

Бу сўнгги ҳафта ичида Ўзбекистонда рўй берган бешинчи ҳалокатли газ портлашидир.

3 январь куни Самарқанддаги мактаблардан бирида газ портлаши оқибатида бир одам нобуд бўлганди. Орадан бир кун ўтиб, Хоразм вилоятининг Боғот туманида ис газидан она-бола вафот этди. 6 январь куни эса Қарши шаҳридаги хонадонларнинг бирида газ сизиши оқибатида юз берган портлашда камида икки инсон ҳалок бўлгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

Айни пайтда 5 январь куни Фарғона вилоятининг Риштон туманидаги касалхонада газ портлашидан камида икки киши ҳалок бўлгани ҳақида хабарлар олинган.

Ўтган йил 16 декабрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳукумат йиғилишда 2020 йил бошидан бери 106 инсон ис гази ва газ чақнашидан ҳалок бўлгани, 190 нафар инсон эса заҳарлангани ва куйиш тан жароҳати олгани ҳақида айтган эди.

Мирзиёев ҳукуматга газ экспорти ҳажмини қисқартириб, ички истеъмолга йўналтириш ҳақида топшириқ берганини айтган эди. Аммо ўтган вақт мобайнида бу топшириқ бажарилиб-бажарилмагани ҳақида расмий маълумот йўқ.

Ўзбекистоннинг аксар вилоятларида газ тақчил, аҳоли совуқда қўлбола иситгичлардан фойдаланади.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳар йилгидек, мавсум бошида аҳолини газ ва электр ускуналардан ҳамда иситиш мосламаларидан фойдаланишда ёнғин хавфсизлиги талабларига қатъий риоя қилиш ҳақида огоҳлантирди.

"Қўлбола ҳамда носоз газ ва электр иситиш мосламаларидан фойдаланманг; иситиш мосламаларидан фойдаланишда уларни ишлаб чиқарган корхонанинг тавсияси ва йўриқномаси талабларига риоя қилинг; иситиш мосламалари яқинида ёнувчан буюм ва осон алангаланувчи маҳсулотларни сақламанг; газ ускуналарни улаш тартиб қоидаларига риоя қилинг; мабодо газ ҳидини сезсангиз, чироқ ва учқун чиқарувчи мосламалардан асло фойдаланманг, дарҳол хонани шамоллатиш чорасини кўринг ва бу ҳақда газ хизматига хабар беринг; иситиш печлари ва уларнинг мўриларининг созлигига эътибор беринг", - дейилади ФВВ баёнотида.

Хоразмлик онахон: газ йўқ, свет йўқ, гуноҳимиз нима?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:50 0:00

Ўтган йил ноябрь ойининг сўнгги ўн кунлигида ҳаво ҳароратининг кескин пасайиб кетиши ортидан Ўзбекистон бўйлаб электр ва газ таъминотидан узилган аҳолининг қатор норозилик чиқишлари юз берди.

Охирги кунлардаги аномал совуқ манзарасида ўзбекистонликларнинг ижтимоий тармоқларда газ ва электр учун масъул расмийларга ғазабнок мурожаатлари кўпайган.

Кўпчилик ўзбекистонликлар учун гвз ва бошқа энергия манбаларига бой мамлакатда нима учун ҳар йили аҳоли совуқдан азият чекишга маҳкумлиги тушунарсиз. Расмийлар ҳозиргача мамлакатдаги энергетика инқирозининг асл сабаблари юзасидан маънили баёнот бермаган. Энергетика вазирлиги тизимдаги муаммоларга ҳаво ҳароратининг пасайиб кетиши ва газ ҳамда электрдан ноқонуний фойдаланишлар сабаб эканини айтиб келади. Президент Мирзиёев ўтган йилларда энергетика инфратузилмасига етарли сармоя киритилмаганини бир неча бор танқид қилган. Аммо бу йилги инқироз соҳага киритилаётган миллионлаб доллар сармояларнинг қаерга ва қандай сарфланаётгани борасида саволларни пайдо қилган.

XS
SM
MD
LG