Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:55

Ҳукумат Тошкент марказидаги устахонани “Вақф” фондига бириктирди. “Вақф” усталарни ҳайдашга киришди


“Вақф” ташкилоти вакили юздан зиëд ҳунарманддан ўз ижодхонасидан кўчиб кетишни  талаб қилди.
“Вақф” ташкилоти вакили юздан зиëд ҳунарманддан ўз ижодхонасидан кўчиб кетишни  талаб қилди.

"Вақф” ташкилоти вакили 24 июнь куни юздан зиëд ҳунарманддан ўз ижодхонасидан кўчиб кетишни талаб қилди.

Наққош¸ ўймакор уста ва каштачилар ижод қиладиган Бароқхон мадрасаси биносига келган “Вақф” вакили бу ижодхоналар ўрнида ўз ташкилоти офиси жойлашиши режаланганини айтди.

Озодлик билан суҳбатда “Вақф” расмийси бу бино Вазирлар Маҳкамаси фармойишига мувофиқ фонд балансига ўтиши кераклигини айтди.

Озодликка нусхаси юборилган фармойиш матнида балансга ўтказиш эмас¸ балки “бириктириб бериш” деган ибора қўлланган¸ айни пайтда "бириктириш"га ҳуқуқий аниқлама берилмаган.

Усталарга огохлантириш эълони
Усталарга огохлантириш эълони

Озодлик гаплашган "Вақф" расмийсига кўра¸ санъат ва ҳунармандлик марказидаги 100га яқин уста чиқарилиб юборилади ва ўрнига “Вақф” мулозимлари учун офис қилинади.

- Офисдан ортган бинолар тижорий тарзда ижарага берилиши мумкин. Аммо айнан кимга ва қайси ташкилотга берилиши номаълум¸ деди “Вақф” расмийси.

Озодлик билан устахонасидан буткул ажраб қолиш эҳтимоли боис шахси сир қолишини сўраб гаплашган ҳунармандлар 12 йилдан бери ижод қилаëтган устахонани фақат суд ҳукми бўлсагина бўшатишларини билдирди:

- 22 та устахонада ўзбек халқ амалий санъатининг барча турлари бўйича номи чиққан усталар ишлаб келади. 100 га яқин устамиз. Яна шунча шогирд бор. Бир-биримиз билан ижодий алоқада бўлган ягона оиламиз. “Вақф” расмийси келиб¸ "чиқиб кет"деб ëқамиздан олаяпти. Ижодга алоқаси йўқ одамларку улар! Тошкентдаги бошқа бинода ҳам офис очиб ўтирса бўлади бу мулозимлар. Аммо уларнинг назари ишлаб турган ҳунармандлик марказига тушди. Суддан қоғоз келмагунга қадар бинони бўшатмаймиз¸ дейди таниқли ëғоч ўймакори Озодлик билан суҳбатда.

"Вақф" фонди чиқиб кетишни талаб қилаëтган ҳунарманд уста ва рассомларга ҳозирча бошқа жой таклиф этилмаган.

Усталар мактаби ва нафис санъат марказига кимнинг назари тушди?

Ўзига хос ҳунармандлик академияси тарзида шаклланган мажмуада етук усталар, халқаро кўргазмаларда санъати намойиш қилинадиган усталар мактаби жойлашган.

Марказда ижод қилаëтган таниқли миниатюра рассомининг Озодликка иддао қилишича¸ “Вақф” раҳбарларидан бирининг хотини Бароқхон ҳунармандлик мажмуасида ишлайди ва 24 июндан кейин усталардан бўшатилган мажмуа биноси бошқаруви бу аëл қўлига ўтади:

- Бу коррупцион схемани ҳамма билиб турибди. Ўша аëл бинони биздан тортиб олиб¸ қайта ижарага бериб пул қилмоқчи. Ўзидан диндор ясаб олган бу амалдорларнинг мақсади ҳунармандлик маркази биносини ўз қўлига ўтказиб¸ пул қилиш. Санъатга тупурган булар¸ дейди ғазабини яшира олмаган уста Озодлик билан суҳбатда.

“Вақф” расмийси Озодлик билан суҳбатда бу иддаони рад қилмади ва бино “тасарруфга ўтгандан кейин унинг эгаси хоҳлаган одамни бошқарувчи қилишга ҳақли” дея таъкидлади.

"Вақф" расмийси Озодлик мухбирига "Сиз билан раҳбаримиз Искандар Қўйсиновичниниг ўзлари қайта боғланиб¸ барча саволларга янада батафсил жавоб беради" дея ваъда қилди. Аммо 24 июнь куни оқшомга қадар "Вақф" жамғармасидан ҳеч ким қайта телефон қилмади.

"Маданий меросга клерикаллар эга чиқмасин!"

Тошкентлик меъмор Абдумалик Турдиев “Ўзбекистонлик муллаларнинг маданий обидаларга ортиқча иштаҳа билан кўз тикаëтганидан” ташвиш билдирди:

- Россиядаги РПЦ (Россия патриархал черкови)нинг тарихий ва маданий биноларни олиб қўяëтгани рус зиëлилари норозилигига сабаб бўлди. Аммо ўзбек зиëлилари обидаларни Маданий мерос идорасидан муллалар олиб қўяëтгани борасида негадир жим. Салафийлик форматидаги клерикаллар Бароқхон мадрасасида рассом ва наққошлар ижод қилишини истамайди. Шу маънода улар Вазирлар Маҳкамасидаги муридлари ëрдамида бу санъат марказини йўқ қилиш йўлида илк қадамни қўйишди. Кейинги қадам сифатида барча музейлар диний идора ва ҳар хил исломий вақфлар қўлига ўтадими? Бу хатарли сигнал. Буни тўхтатиш керак, дейди меъмор.

"Вақф" ташаббуси туристлар йўлини тўсади"

Айни пайтда¸ ҳунармандлар ижод қилаëтган бино Ўзбекистон Маданият вазирлиги балансида қолмоқда.

Ўзбекистон Маданият вазирлиги Тошкент шаҳри ва Сирдарë вилояти бўйича минтақалараро инспекцияси вакили Озодлик билан суҳбатда “Вақф” ташкилотининг ҳунармандларни ижодхонасисиз қолдираëтганини қоралади:

- Мажмуа халқаро туризм маршрутига кирган. Туристлар келиб усталарнинг бевосита иш жараëни билан танишиши ва асарларни сотиб олиши йўлга қўйилган. Уста-шогирд мактаби ишлаб турибди. 12 йил давомида қанча ҳурматли меҳмонлар¸ давлат раҳбарлари келиб кетган гавжум жойни хайрия ташкилоти офисига айланиши на туризм ва на маданият ривожи учун хизмат қилмайди¸ деди инспекция расмийси.

Унинг яна айтишича¸ “Вақф” идораси расмийларида қадимий биноларни бузмасдан фойдаланиш тажрибаси ва кўникмаси йўқ.

"Вақф" хатари

Ўзбекистон Маданият вазирлиги жорий йилнинг март ойида Хива шаҳрига уюштирган пресс-турда "Вақф" хайрия жамоат фондига ўтказилган обидалар талон-торож қилингани ва хароба ҳолда эканига” эътибор қаратилган эди.

Озодлик манбаларига кўра¸ “Мусулмонлар идораси, хусусан, "Вақф" хайрия жамоат фондига ўтказиб берилган кўчмас мулклар ва таъмир учун ажратилган катта маблағ билан боғлиқ коррупцион схемалар текширилмоқда”.

Озодлик Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари¸ "Вақф" хайрия жамоат фонди куратори Дилшод Ҳошимов иқтисодий жиноят фигурантига айлангани ортидан 18 март куни вазифасидан озод қилингани ҳақида ëзган эди.

"Вақф" хайрия жамоат фонди Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил 16 апрелдаги "Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонига мувофиқ ташкил этилган.

Ташкилотга масжидлар ва диний таълим муассасалар биноларини қуриш, таъмирлаш, реконструкция қилиш учун давлатдан катта маблағ ажратилган.

Апрель ойида "Вақф" раҳбарларининг ўзига давлат ва солиқ тўловчилар ҳисобидан 276 миллион сўмлик Малибу 2 машинасини сотиб олгани жамоатчилик эътирозига сабаб бўлган эди.

XS
SM
MD
LG