Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:28

Қашқадарë газ конларида 1000 дан ошиқ ишчи ноябрдан бери ойликсиз ишлаяпти


Иссиғу совуққа қарамай газ конларида ишлаëтган 1000 дан ошиқ ишчи тўртинчи ойдирки¸ меҳнати учун ҳақ оломаëтир.
Иссиғу совуққа қарамай газ конларида ишлаëтган 1000 дан ошиқ ишчи тўртинчи ойдирки¸ меҳнати учун ҳақ оломаëтир.

Косон нефть-газ қидирув экспедициясининг 1152 нафар ишчи-хизматчисига 2019 нинг ноябрь ва декабри ҳамда 2020 нинг январи учун иш ҳақи тўланмади.

“Аксариятимиз қишнинг совуғида газ конида бурғулаш ишларини қилаëтган оддий ишчилармиз”¸ дейилади Озодликка келган хабарда.

“Ўзбекнефтгаз” матбуот хизмати косонлик ишчи-хизматчилардан олинган бу маълумотни тасдиқлади.

Матбуот хизматидан Озодликка келган расмий маълумотномада бу ҳолат сабаблари тилга олинган.

Мавзу ўрганилган икки кун давомида ишчиларнинг бир ойлик маошини тўлаб ​бериш ҳақида қарор қабул қилинди.

Ишчиларнинг ёзишича, “Ўзбекнефтгаз” структурасида амалга оширилган ўзгаришлар ортидан бу экспедицияни бошқариб келган “Ўзбурнефтгаз” тугатилган ва унинг ўрнида ташкил этилган “Ўзбекнефтгаз пармалаш ишлари” МЧЖси ¸ эски қарздорликни ëпиш иддаоси билан¸ мингдан ошиқ одам ойлигини “гаровга олган”.

“Реструктуризация юкини бизга ташлашди!”

Қашқадарë вилоятидаги Косон нефть-газ қидирув экспедициясининг Озодлик гаплашган ходимлари таъкидича¸ 1000 дан ошиқ одамнинг тўртинчи ойдирки маошсиз қолаëтгани “Ўзбекнефтгаз” тизимидаги қисқартиш ва ўзгартишлардан сўнг бошланган.

Президентнинг 2019 йил 9 июль кунги қарори билан¸ тизим бошқарувида ортиқча бўғинларни қисқартириш мақсадида «Ўзбекнефтгаз» таркибидаги бир қатор акциядорлик жамиятлари тугатилиб¸ улар функциялари айрим янги тузилган МЖЧларга берилган.

Хусусан¸ Озодлик суҳбатдошларига кўра¸ «Ўзбурғунефтгаз» тугатилиб¸ унинг функциялари янги тузилган масъулияти чекланган жамиятга ўтказилган.

Шундан сўнг¸ октябрь ойлигини олиб¸ қолган ноябрь-декабрь-январь ойликларини олмаганмиз. Иш ҳақимиз “Ўзбурнефтгаз” собиқ раҳбари ташкил қилган “Ўзбекнефтгаз пармалаш ишлари” МЧЖга тушиб тушиб келган, аммо “Ўзбурғунефтгаз» собиқ раҳбари ташкилотларимиз пулини ушлаб турибди. “Ўзбурғунефтгаз» тугатилди, унда катта-катта ўғирликлар бўлган¸ давлатнинг миллиардлаб пулларини еб юборишган. Янги МЧЖни қарзсиз¸ нолдан бошлаш мақсадида булар қарзларни қарзи бўлмаган корхоналарга ҳам илиб қўйган. Бизнинг ташкилотларимизда умуман қарзи бўлмаган¸ лекин 84 миллиард сўмни бўйнимизга илмоқчи. Шунга рози бўлмаганимиз учун¸ ишчи-хизматчиларга ҳаққини бермаяпти. Тепадагиларнинг ўғирлиги учун совуқ қишда газ конида ишлаëтган шунча одам қозонини сувга ташлаб ўтирипти”¸ дейди Косон нефть-газ қидирув экспедицияси мутахассисларидан бири.

Ўз хавфсизлигидан чўчиб¸ Озодлик билан шахси сир қолишини сўраб гаплашган қашқадарëлик мутахассислар¸ биргина Косон экспедициясида 1152 одам ишлаши ва улардан бирортасининг тўртинчи ойдирки¸ меҳнати учун ҳақ олмаганини иддао қилди.

Озодлик ишчилар тилга олган маълумотлар юзасидан “Ўзбурнефтегаз”дан “Ўзбекнефтегаз пармалаш ишлари” МЧЖга айланган ташкилот мутасаддилари билан бевосита боғлана олмади - “Ўзбурнефтгаз” расмий сайти ëпилган¸ янги тизимнинг эса на сайт ва на боғланиш учун бошқа манзиллари ҳозирга қадар жамоатчиликка маълум қилинган эмас.

Озодлик 3 февраль куни боғланган “Ўзбекнефтгаз” матбуот хизмати мулозими косонлик ишчилардан келган маълумот ва эътирозларни атрофлича ўрганиб¸ сўнгра изоҳ беришни ваъда қилди.

4 февраль куни Озодликка юборилган қуйидаги расмий "Маълумотнома"да¸ косонлик ишчиларнинг октябрь ойидан бери ойликсиз ишлаëтгани тасдиқланди:

"Ҳақиқатда ҳам ишчи-ходимлар 2019 йилнинг октябрь ойи ойликларини олганларидан сўнг, уларга шу вақтга қадар ойлик маошлари берилмаган.

Сабаби, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 июлдаги "Иқтисодиёт ва аҳолини энергия манбалари билан барқарор таъминлаш, нефт ва газ саноатини бошқариш тизимини молиявий соғломлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-4388-сонли қарори билан “Косон нефт-газ қидирув экспедицияси” АЖ “Ўзбекнефтгаз” таркибидан чиқарилиб, Давлат активларини бошқариш агентлиги таркибига ўтказилган.

Биз бу ҳолат юзасидан ўрганиш олиб бордик ҳамда бугун 2019 йилнинг ноябрь ойи учун бугуннинг ўзидаёқ ишчиларнинг ойлик маошлари тўлиқ берилиши маълум қилинди.

Аммо, қолган ойлик маошлар тақдири Экспедиция раҳбариятининг ҳаракатига боғлиқ. Сабаби, Экспедиция бурғулаш ускуналарини “Ўзбекнефтгаз” АЖдан ижара асоси олиб ишлатиб келмоқда. Авваллари, корхона “Ўзбекнефтгаз”га қарашли бўлгани учун ижара ҳақи тўламаган.

Аввалги ижара пулидан қарздорлик тўланиб, қарздорлик бартараф этилса “Ўзбекнефтгаз” АЖ корхонага қилинган ишлари учун пул ўтказиб беришга тайёр (Ишчилар ойлигини берилишининг “Ўзбекнефтгаз”га алоқаси йўқ. Биз фақат қилинган иш учун ўзаро шартномага мувофиқ пулни ўтказамиз).

Шу сабабли, “Косон нефт-газ қидирув экспедицияси” аввало ўз қарздорлигини бартараф этиши керак. Ана шу қарздорликни бартараф этса, “Ўзбекнефтгаз” томонидан ҳеч қандай муаммо бўлмайди"¸ дейилади "Ўзбекнефтгаз" АЖси томонидан юборилган расмий жавобда.

Косон нефть-газ қидирув экспедициясининг Озодлик қайта боғланган мутахассислари¸ 3 февраль куни Тошкентдан зудлик билан ишчиларнинг бир ойлик маошини улар ҳисобига тушириш ҳақида топшириқ келганини тасдиқлади.

Масаланинг Озодликка чиқиб¸ катталашиб кетишидан қўрқиб¸ бир ойликни тўлашни айтишди. Бу ҳам бизни¸ ҳам журналистларни тинчлантириш учун қилинди. Лекин яна икки ойлик маошимиз қачон тушади¸ нега қарзи йўқ корхона 84 миллиардни тўлаб бериши керак¸ булар ҳақда ҳозирча гап йўқ”¸ деди Косон нефть-газ қидирув экспедициясидаги мулозим.

XS
SM
MD
LG