Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:55

Наманганда гўдакларга ОИТВ юқтирилган шифохона раҳбари лавозимига тикланди


Намангандаги болалар шифохонасида саккиз йил аввал гўдакларга орттирилган иммун тақчиллиги вируси - ОИТВ оммавий юқтирилгани ҳодисаси ортидан жиноий жавобгарликка тортилган ва қамалиб чиққан касалхона бош врачининг муовини қайтадан аввалги лавозимига тикланган.

Наманганлик шифокорлардан бирининг Озодликка айтишича, 2008 йилда 140дан зиёд гўдакга ОИТВ юқтирилишига жавобгар кўрилиб, беш йилга қамоққа ҳукм этилган Олия Шодиева қамоқдан озод этилгач ишига қайтган ва қисқа вақт ичида шифохона бош врачининг муовини лавозимига қайта тикланган.

- Бу аёл энди туғилган чақалоқларга ОИТВ юқтирилиши бўйича айбланиб, қамалган эди. Ўтган йили оҳирида ишга қайтди ва қисқа вақт ичида таниш-билишлари орқали яна аввалги ўрнига тикланди,- дейди исми сир қолишини истаган наманганлик шифокор.

2008 йилда Намангандаги болалар шифохонасида камида 147 болага ОИТВ вируси юқтирилган, оқибатда янги туғилган камида 15 чақалоқ ҳаётдан кўз юмган эди.

Шифохонада вируснинг болаларга юқтирилишига санитария-гигиена, дезинфекцион ва стерилизацион режимнинг бузилгани сабаб сифатида келтирилган ва 13 нафар наманганлик шифокор, жумладан болалар касалхонасининг бош врачи ва муовинлари устидан жиноий иш очилиб, улардан 12 нафари беш йилдан саккиз йилга қадар қамоқ жазосига ҳукм этилган эди.

- Шу қамалганларни орасида болаларга ОИТВ юқтирилишига масъул кўрилиб, беш йилга қамалган бош врач муовини Шодиева, бош врачимиз бор эди. Наманган Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ишдан олинган эди. Ўша пайтда қамалганларнинг кўпчилиги ҳозир ҳам қамоқда. Бу аёл эса қамоқдан чиқиши билан яна аввалги ўрнига қайтиб келяпти. Қандай қилиб шунча болани ўлимига жавобгар шахс яна шифохона бош врачи мувоинлигига тайинланиши мумкин?- дейди наманганлик шифокор.

Намангандаги болалар шифохонасидагилар Олия Шодиеванинг бош врач муовини лавозимига қайта тикланганини тасдиқлашди, лекин бу ҳақда изоҳ беришни исташмади.

Наманган вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармасидагилар ҳам бу ҳақда гапиришни исташмади.

Расмийлар саккиз йил аввал Наманганда оммавий равишда ОИТВ вируси юқтирилгани ҳодисасини кенг жамоатчиликдан яширишга урингандилар.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги мулозимлари мамлакатда ОИТВга чалиниш билан боғлиқ рақамларни ошкор этмай келади.

XS
SM
MD
LG