Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:45

Ўзбек зиёлилари Россиянинг Украинага уруши ҳақида нима дейди?


Россиянинг Украинага расман эълон қилинмаган уруши ҳозирнинг ўзида ўн минглаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлди. Путин Украинага тажовузни уруш эмас, балки "махсус ҳарбий амалиёт" деб атаган ва рус матбуотида "уруш" сўзини расман тақиқлаган.

Аммо дунё жамоатчилиги Россиянинг суверен давлатга нисбатан бошлаган босқинчилик урушини қораламоқда ва Украинанинг ҳудудий бутунлигини дастакламоқда.

Кўпгина мамлакатларда нафақат сиёсатчилар, балки жамоат ва маданият арбоблари, ёзувчилар ва санъаткорлар урушга қарши ўз сўзларини айтмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати ҳозиргача Россиянинг Украинадаги ҳаракатларини уруш деб атагани йўқ; расмий баёнотларда фақат "Украинадаги вазият" ҳақида сўз боради. Тошкент Украинадаги вазият юзасидан "нейтрал ва босиқ" позицияни эгаллаганини айтади. Шу йил 17 мартида Ўзбекистон Сенатида Украина ҳудудий яхлитлигини дастаклашларини айтган Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов орадан бир ой ўтиб истеъфога чиқарилди. Айни пайтда Ўзбекистон Украинага гуманитар ёрдам йўллаган.

Украина мавзусини мустақил ёритган қатор маҳаллий журналист ва блогерлар ДХХ томонидан сўроққа чақирилгани ва огоҳлантирилгани ҳақида хабарлар олинган.

Расмий матбуот Украинадаги урушни ёритмаяпти ва жамоатчиликнинг бу борадаги фикрига ҳам ўрин бермаётир.

Аммо СССР парчаланиши арафасида фаол сиёсий мавқеъни эгаллаган ўзбек зиёлилари-чи? Улар Украинадаги уруш ҳақида қандай фикрда? Урушнинг Ўзбекистон ва минтақа учун оқибатлари қандай бўлади?

Озодлик ўзбек зиёлиларининг бу борадаги фикрларини сўради.

Эркин Аъзам, ёзувчи:

“Бу саволга жавоб бериш учун катта файласуф ёки доно бўлиш шарт эмас. Бу босқинчилик. Содда халқ тилида айтганда ғирромлик, номардлик бу. Россия дунёга қанча буюк одамларни берган. Мана шунча гуманистик адабиёт бағрида туғилган Путин бугунга келиб ўзининг биродарига болта кўтариб борди, шармандачилик қилди, бутун дунёда обрўси тўкилди. Рус халқи эришган буюк маданиятни ҳам ер билан яксон қилди.

Эркин Аъзам, ёзувчи.
Эркин Аъзам, ёзувчи.

Миллатнинг обрўси, миллатнинг нуфузи, обрў-эътибори барибир ҳукумат тепасида турган одамларга боғлиқ экан. Биз ҳали Европадек халқ бошқарадиган даражага етганимиз йўқ, бу Шарқ. Россия Европада бўлгани билан барибир Шарқ эканда. Халқ ҳали ўрганмаган, тепадаги тўрт-бешта одамнинг раъйига қараб масса - авомга айланиб қолади экан.

Мен ҳозир кузатиб боряпман, пропаганданинг нақадар хавфли куч эканлигини кўриб боряпман. Масалан, бизнинг Ўзбекистонда, теварак атрофимизда ҳам, давраларда ўтирганда ҳам “сен қайси тарафда” деб сўрасангиз Россияни қўллаб чиқадиганлар бор. Чунки бу пропаганда мияларга қўрғошиндек қуюлиб қолган, қонга аралашиб кетган.

Биз кўпинча ҳукуматимиз раҳбарларидан хафа бўламизки, нега ўзининг муносабатини дадил айтмайди, деб. Энди уларнинг ўзини ҳисоб-китоби борда. Катта давлатлар билан ўзаро муносабатларни раҳбарлар ўзлари билади. Биз креслода ўтириб олиб ҳар хил гапларни гапирамиз, лекин зиёли, номусли, виждонли одам, ўзининг миллатини қадрлайдиган одам ўзга миллатнинг қисмати ҳақида ҳам қайғуриши керак.

Зиёли ўзининг гапини айтавериши керак. Бу душманлик эмас, ҳукуматнинг тепасидаги одамлар ўзининг ишини қиляпти. Улар ҳам биз билмайдиган нарсаларни билса керак. Лекин зиёли унга қарамасдан жаҳонда бўлаётган воқеаларга ўзининг ҳалол, ўзининг мустақил фикрини айтавериши керак.

Шарқона зўравонлик бизнинг қон-қонимизга сингиб кетган. Юқорида ўтирган салгина амалдор одамга албатта қуллуқ қилишимиз керак. Албатта унинг гапини икки қилмасдан, бўйсунишимиз керак. Лекин қонун нима учун керак бўлмаса. Албатта, ҳаммаси қонун ва Конституция бўйича бўлиши керак. Зиёли ҳар қандай ҳолатда ўз гапини айтиши шарт.

Россиянинг Украинага босқинининг биринчи кунидан бошлаб мен бунга қаршиман. Мен буни қотиллик деб биламан, буни босқинчилик деб биламан! Бошқа гап бўлиши мумкин эмас!"

Улуғбек Ҳамдам, ёзувчи:

"Россия суверен давлат ҳисобланмиш Украинага бостириб кирди. Бунинг учун ҳар қанча сабабу баҳонаси топиб кўрсатилмасин, қўшни мамлакатга қурол кўтариб киришни оқлабу ёқлаб бўлмайди.

21 асрда яшаб туриб ҳам инсониятнинг бир қисми ҳалигача ғор тафаккури ва тасаввури билан яшаётганлигининг исботи бу. Демак, башар аҳли қаршисида улғайиш томон чўзилган машаққатли узун йўл турибдики, уни босиб ўтиш керак бўлади.

Улуғбек Ҳамдам, ёзувчи.
Улуғбек Ҳамдам, ёзувчи.

Агрессияни ҳатто кўнгилда ёқлаш ҳам унга овоз бериш билан, агрессорнинг ёнида туриш билан баробар. Аслида, бундай агрессиялар кўнгилда агрессияга мойилликдан келиб чиқади. Ёмонликка, бузғунчиликка, урушга мойилликни йўқ қилиш учун эса, дунё миқёсида жуда катта маърифий ишлар олиб бориш кераклиги ҳам билиниб қолди.

Дунёда ҳали-ҳамон қўпол куч бирламчи эканлиги мени ташвишга солади. Инсониятнинг бунёдкор руҳга эга сара фарзандлари эмас, балки бузғунчиликка мойил, тафаккур бобида қуйи табақага тегишли тасодифий вакилларининг ҳокият тепасига келиб қолиши замонавий дунёнинг чинакам фожиаси.

Чунки юз йил олдинги диктатор истаса ҳам ер шарини ўз ўқи орбитасидан чиқариб юбора олмасди, бугун эса, ҳозирги қуроллар билан курраи заминни бир эмас, минг карра тескари айлантириб юбориш мумкин.

Яъни қарийб 7.5 миллиардни ташкил қиладиган ер аҳолисининг тақдири бир ёки бир неча кишининг кайфиятига қараб қолаётгани аянч. Бунга ҳеч қандай замону ҳеч қайси маконда йўл қўйиб бўлмайди.

Камина юртимиз мустақилликка ноил бўлиб, энди атак-чечак қилиб юра бошлаган 90-йилларда “Мувозанат” деган роман қоралаганман. Асар ҳозиргача 7 марта нашр бўлди.

Унда мустақиллик бизга Яратганнинг тортиғи бўлди, энди уни асраб, ҳимоя қилиш ва асралганни ривожлантириш ўз қўлларимизда; бунинг учун модда ва руҳ ўртасидаги мувозанатга эришмоғимиз лозимки, бунинг бирламчи шарти – илғор тафаккурли, бунёдкор руҳли инсонларни жамиятнинг тўрисига, яъни бошқарув нуқталарига олиб келадиган тизим яратишдир, дейилган.

Бунга яна қўшимча қилиб шуларни айтишим керакки, бугун давлатимиз ўзининг мудофаа қудрати устида кўпроқ қайғурмоғи, суверенитетни сақлаб қолишнинг замонавий йўлларию воситалари нима бўлса, ана ўшаларга эга бўлмоғи шарт, деб биламан. Яъни мамлакат мустақиллигини энди наинки амалда, балки сўзда ҳам бой бериб бўлмайди.

Сиз мендан бир ўзбек зиёлиси сифатида уруш, мустамлакачилик ва мустақиллик масалаларига қандай қарайсиз, дея сўрар экансиз, бу саволга менинг катта жавобим ана шу романда батафсил айтилган. Кичик жавобни эса, юқорида андак баён қилдим. Не бахтки, улар ўртасида ихтилоф йўқ. Соғ бўлинг!"

Бернора Қориева, балетмейстер, СССР ва Ўзбекистон халқ артисти:

"Йўқ, йўқ, мен сиёсатга аралашмайман. Мен ўзимнинг ишимни қиляпман, мен классик балетни сингдираётган шогирдларим бор. Менинг ёшимда энг муҳими ўзимнинг касбимдан бир яхши нарса қолдириш. Шунинг учун ҳозир фақат ўзимнинг ишим билан шуғулланяпман. Сиз айтган мавзунинг ҳар бир мамлакатда ўз мутахассислари бор, ҳар бир яхши ёки ёмон иш учун улар жавоб беришади".

Бернора Қориева, балетмейстер, СССР ва Ўзбекистон халқ артисти
Бернора Қориева, балетмейстер, СССР ва Ўзбекистон халқ артисти

Каримберди Тўрамурод, ёзувчи, журналист:

Бу ҳеч қанақа амалиёт ҳам эмас, кимларнидир қутқариш операцияси ҳам эмас, айни босқинчилик урушининг ўзгинасидир!

Жуда кўпчилик украинлар, афсуски, ёши улуғ кишилар умрларида иккита фашистик босқинчиликни бошларидан кечирмоқдалар!

Каримберди Тўрамурод, ёзувчи, журналист.
Каримберди Тўрамурод, ёзувчи, журналист.

Энг ёмони, Иккинчи жаҳон урушида немис фашистларидан кўрмаган ваҳшийликларни бугун ўз диндошлари, "дўст ва оғалари" бўлган рус фашистларидан кўришмоқда!

Бутун дунёда бу урушни қоралашмоқда ва урушни бошлаганларни лаънатлашмоқда!

Уруш Украинага мислсиз вайронагарчиликлар келтирди. Энди вайронага айланган шаҳарларни тиклаш амримаҳол.

Бундан ҳам ёмони, одамлар, болалар нобуд бўлди, минглаб инсонлар майиб-мажруҳ бўлди, жуда катта аҳоли ватанларини ташлаб кетишга мажбур бўлди.

Рус босқинчилари ўзлари суратга олиб, тарқатаётган зўрлашлар, қийноқлар бутун дунёдаги нормал фикрловчи одамларни ларзага солди.

Мен ҳам бу видеолавҳаларни кўрдим ва бу ишни қилганларни лаънатладим!"

Фаррух Зокиров, Ўзбекистон Халқ артисти:

"Энди минг бор узр, шу саволни менсиз ўтинглар. Бу масалада бошқалар жавоб беришсин. Тўғри тушунинг, ўзимнинг фикрим ўзимда қолсин. Мен доим қатнашардим, энди бу жуда нозик масала, нозик масала. Тинчлик бўлсин!"

Ўзбекистон Халқ артисти Фаррух Зокиров.
Ўзбекистон Халқ артисти Фаррух Зокиров.

Карим Баҳриев, шоир ва журналист:

Бир зиёли сифатида золимларга қаршиман ва мазлумлар томонидаман. Агар Украина Россияга бостириб кирганда, унинг халқини қирганда, Украинага ҳам қарши бўлардим. Бораётган жараённи тўлақонли уруш деб ҳисоблайман. “Ҳарбий операция” деб вертолётдан тушган тўрт-беш десантчининг маҳбусни озод қилиши каби бир неча соатллик ёки икки-уч кунлик операцияга айтилади.

Ўн минглаб, балким юз минглаб қуролли аскарлар билан БМТ аъзоси бўлган суверен бир давлатга бостириб кириш, минглаб инсонларни, бир неча юзлаб болаларни ўлдириш жиноят ҳамдир. Аслида масала музокараларда имкон қадар тез ҳал этилиши керак ва ҳал этилади, чунки беш йиллаб давом этган урушлар ҳам музокаралар ва шартномалар билан тугаган.

Баъзи нобакор аёллар эрига таъсир ўтказиш учун боласини уради ёки қабиҳ қайноналарнинг қизим, сенга айтаман, келиним сен эшит, деган гапи бор. Музокаралар оҳангига қарасак, бу аслида Россия ва АҚШ ҳамда Европанинг низосидир, чунки Украинанинг олдига қўйилаётган асосий талаб НАТОга аъзо бўлмаслик ва ўз худудида унинг ҳарбий базаларини жойлаштирмасликдир.

Россия қудратли бўлса, бевосита НАТОга айтсин, АҚШ билан, НАТО билан урушсин-чи?! Аслида дунё Молдовадан Днестрбўйи тортиб олинганда, Гуржистондан Абхазия ажратилганда, Украинадан Қрим босиб олинганда деярли жим ўтирди ва мана, ниҳоят, суверен Украинанинг ярми ямлаб борилмоқда. Украинада барча постсовет давлатларнинг тақдири ҳал бўлмоқда. Ё босқинчи ўз ўрнига қўйилади ва эгалланган худудлар қайтарилади ёхуд бошқаларнинг сираси ҳам келади.

Даъвога эътибор беринг: “Украинага қурол ва ёрдам бериш, операциянинг чўзилишига олиб боради”, - эмиш.

Яъни Украина заиф, қуролсиз бўлса, босиб оламиз ва таслим қиламиз, агар уни кучлантирсанглар, уруш чўзилади ва қурбонлар бадтар кўпаяди, дейилмоқда.

Бошқача айтганда, бир қудратли давлат бошқа қудратли давлатга яқинимдаги, манфаатларим доирасидаги кичик давлатга тегма, демоқда. Афғонистон ҳам, Сирия ҳам шу манфаатлар майдони бўлган ва бўлмоқда.

БМТ дунёни мавжуд чегараларда тан олиниши ва бошқа ҳеч кимнинг ҳеч кимга худуд даъвоси қонуний эмаслигини эътироф этиши лозим. Ким бунга қарши ҳаракат қилса, бутун дунё бирлашиб, тўхтатиши керак.

Даъволар ҳаммада бор, масалан, мен Ўзбекистонни Амир Темур давридаги чегарасида тиклаш тарафдори бўлишим мумкин. Нега эллик йил - юз йил олдинги салтанат тикланар экан-у, уч юз-беш юз йил олдинги салтанат тикланмаслиги керак. Меъёр қайда?!

Хато аслида СССР тугаганида БМТнинг Россияни ворис деб эътироф этишида бўлган. СССР таркибида бор барча давлатлар СССРнинг вориси эди ва БМТнинг Хавфсизлик Кенгашига аъзо қилиниши ҳамда вето ҳуқуқига эга бўлиши керак.

Халқаро ҳамжамият тинчлик учун реал замин яратиши лозим ва ҳеч бир худудда диктаторлик тузумлари мавжуд бўлишига, бир давлатнинг бошқасини тобе қилишига, шу билан бирга муайян давлатнинг ичидаги халқ ҳокимият эгаларига тобе бўлишига, қул қилинишига кўз юммаслиги, керак".

Шоир ва журналист Карим Баҳриев.
Шоир ва журналист Карим Баҳриев.

Элдор Азимов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, “Туркистон” номли камер оркестри бадиий раҳбари ва дирижёри:

“Жуда чўнқир қарасак бу эскитдан пайдо бўлган муаммо. Мен сизга тўғрисини айтаман. Армияда хизмат қилганимда мен билан анчагина украиналик йигитлар хизмат қилган. Гапнинг очиғи, улар менга ёқмаган. Уларнинг муомаласи, бошқаси, айниқса русларни “кацапа” (кацапа – қассоб, таҳр) дегани ёқмаган. Шундан хулоса чиқараверинг. Менинг назаримда Россиянинг Украинага босқини тўғри бўлган. Ўртадаги муаммони вақтида ҳал қилишганда яхши бўларди. Шу, мен ўзимнинг фикримни айтдим!”

Eldor Azimov, uzbekistan
Eldor Azimov, uzbekistan

Исажон Султон, ёзувчи:

Жавоб шу. Навоийдан ўтказиб нима ҳам дердик.

“Олам аҳли билингизким, иш эмас душманлиғ,

Ёр ўлунг бир-бирингизгаким, эрур ёрлиғ иш”.

Uzbek poet Isajon Sulton
Uzbek poet Isajon Sulton

Сирожиддин Саййид, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири:

“Бир юмуш билан бандмиз. Ҳозир жуда бандман. Кейин гаплашамиз”.

(Озодликнинг бошқа куни қилган қўнғироқлари жавобсиз қолди)

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид.

Ҳожиакбар Ҳамидов, хонанда:

"Кўпчилик қатори ўзини ақлли билган одам урушнинг ёмонлигини, урушнинг даҳшатлигини, уруш одамга фақат бахтсизлик келтиришини билади. Энди мен сиёсатга аралашмайман, вақтим ҳам йўқ. Илмда, санъатда, ёзув чизиш, дарслик тайёрлаш, шу ўзимнинг ишим билан овораман. Тўғри тарих фани сиёсий фан, лекин бизнинг асосий ишимиз халқимизнинг болларига дарсни бериш. Энди, мен сиёсатдан узоқроқдаман, ўғил бола гапни айтиб қўя қолай. Мен таъриф берганим билан ҳеч нарсани ўзгартира олмайман, бўлаётган воқеалар ўз изида кетаверади".

Ҳожиакбар Ҳамидовнинг "Наво" телеканалидаги концертидан скриншот.
Ҳожиакбар Ҳамидовнинг "Наво" телеканалидаги концертидан скриншот.

Зафар Солижонов, журналист, блогер:

"Ёвузлигини бошқа номда ниқоблаш Кремлга теккан касаллик ва Кремль ўзгармаган. Биз уни яхши таниймиз ва эслаймиз. Кремль қанчалик уринмасин дунё жамоатчилиги кўз олдида Украинага бостириб кирган бир босқинчи сифатида гавдаланаверади. Путин Россияси бегуноҳ минглаб мазлумлар, аёллар, болалар қотили. Буни оқлаш учун камида манқурт ёки хоин бўлиш керак. Мен босқинчилик урушига қаршиман, уруш зудлик билан тўхтатилиши керак. Уруш бошлаганлар халқаро судда жавоб бериши шарт.

Кремль бир вақтлари Ўрта Осиёни истило қилиш вақтида ҳам "ихтиёрий қўшиб олиш" деган бошқа иборани қўллаган. Юз минглаб содда ва чапани халқимизни қириб ташлаш, қуролсиз мард-ўғлонларимиз жасадларини симёғочга илиб чиқиш ва ёш келинларни бева қилиш вақтида айнан шу номдан фойдаланган. Мажид Ҳасаний бу ҳақда фактлар келтирган. Тарихни қанчалик алдашга уринмасин миллатлар учун улар босқинчи номи билан ёдда қолди. Ислоҳотчи эмас".

Ўзбекистонлик блогер, журналист Зафар Солижонов.
Ўзбекистонлик блогер, журналист Зафар Солижонов.

Абдулазиз Муборак, журналист.

Қисқача айтганда мустақил давлатга нисбатан босқинчилик ҳаракати бу! Аммо ушбу ҳаракат 2022 йилнинг 24 февралида эмас, 2014 йилдан бошланган. Украинлар тарафини олиб айюҳаннос солаётган дунё мамлакатларининг Фаластин, Сурия, Ироқ, Афғонистон, Ливия каби мусулмон диёрларда бўлган босқинчилик ҳаракати ва унинг вайронакор оқибатларига нисбатан бефарқ бўлгани эса, алоҳида масала.

Ўзбекистонлик журналист Абдулазиз Муборак.
Ўзбекистонлик журналист Абдулазиз Муборак.

Баҳодирхон Элибоев, инсон ҳуқуқи ҳимоячиси, журналист:

Бу уруш. Сўзсиз уруш бу! Бу масалада Россия ОАВси айтаётган фикрларга қўшилиб болмайди. Қанақа операция ҳақида гап кетади агар бошқа бир суверен давлат ҳудудига бостириб кириш ҳақида гап кетаётган болса.

Путин ахборот урушига етарлича баҳо бермади. Умуман Собиқ Иттифоқ давлатлари ҳамма нарсани куч ҳал қилади деб ахборот майдонига етарлича эътибор бермайдилар. Агар гап Украинадаги рус миллатли фуқароларга бўлган зулм ва дискриминация ҳақида кетганида 8 йил давомида бу ҳақда бонг уруши керак эди. Шундай қилиши керак эдики, 8 йил давомида Украинадаги этник озчиликка нисбатан руҳий, сиёсий ва бошқа барча кўринишдаги босимлар бўлаётганини дунё жамоаатчилиги билиб бориши керак эди. Афсуски, собиқ тузумдагилар доим ўз халқини халқаро сиёсатдан узоқ ушлаб келишган. Ва бу Россияни ахборот урушида мағлубиятига сабаб бўлди. Энди у денацификация шиори остида кириши жуда кўпчиликда ҳайронликка сабаб бўлиши аниқ эди.

Ёки худди шу мантиқдан, айримлар биладики Ғарб Украинани бундай урушга олдиндан тайёрлаб келган. Ҳарбий дарслар ўтиб, керакли қуролларни ишлатишдан сабоқ бериб келган. Ҳатто инсониятга қарши вируслар ишлаб чиқиш ҳақидаги гаплар кўтариляпти. Биолабораторияларни Ҳантер Байден ва бошқа Ғарбдаги элитага алоқадор кишиларнинг молиялашиши хавотирли. Бу масалада ҳам етарлича ахборот тарқатилмагани учун демилитаризация деган гаплари кўпчиликка ғалати эшитилди.

Ҳар қандай урушга ҳар қандай ақли бор одам қарши чиқиши аниқ. Гап бу ерда фақат Украина-Россия ўртасидаги урушда эмас. Бизга таниш бўлмаган майда давлатлар орасида уруш бўлсаям соғлом фикрли одам бунга қарши гапириши аниқ. Лекин бу уларнинг позицияси қандайлигини билдирмайди. Путин ҳам, Зеленский ҳам, Байден ҳам урушга қаршимиз дейди. Лекин уруш давом этаверади. Демак, гап урушда эмас, унинг сабабларида экан. «Нега бу уруш келиб чиқди?» деган саволга жавоб топилса, ҳаммаси аён бўлади-қолади.

Ўзбекистон ташқи сиёсатда фикр фаолларини босимга олганича йўқ. Ҳар ким ўзи тўғри деб билган позициясида фикрини билдирмоқда. Кимдир бу урушда қарши томонлар сифатида Россия ва Украинани эмас, балки Ғарб ва Россияни кўряпти. Украинага Ғарбнинг қармоғига илиниб қурбон бўлаётган мамлакат деб қараяпти.

Фикрлар турличалиги шу урушда янаям яққол кўриниб қолди. Назаримда, Ўзбекистон ҳукумати ёзарларнинг муносабатларига ортиқча эътибор беришмаяпти. Чунки ҳар ким ўзи маъқул кўрганнинг томонида туради ва ҳукумат қайси бирининг оғзини ёпади? Ғарб деса миллионлаб мигрантлар бор ва Ватандаги қанча оила шу Россия таклиф қилган иш ўринлари орқали қозонини қайнатмоқда. Америка уммон ортидан келиб бизга ёрдам берармиди дегувчилари ҳам бор. Афғонистондаги қочишдан кейин Америкага ишонч пасайган.

Ғарбнинг истаган пайтда ўзидаги пулларни музлатиб қўйиши мумкинлиги бошқа давлатларни ҳам ўйлантириб қўйгани ҳақида гаплар бор.

Бошқа мамлакатлар деганда қайси давлатлар назарда тутилаётгани муҳим. Бугун дунё тартиби ўзгараётган палладамиз. Ғарб истаган пайтда ўзига эътироз билдирган ёки қарши чиққан давлатга босим қила оладиган кунлардамиз. Мисол учун Туркияни олайлик. Америка Юнонистон ва Туркияга бир хил муносабатдами? Сурия ва Ироқ шимолидаги «Пенcэ Килит» ҳарбий операцияси орқали Американинг ПКК ва ЙПД нинг қўллаётганига қарши чиқяпти. Эвазига Америак Юнонистонни гиж-гижлаш билан овора. Қолаверса туркларни арманларга нисбатан геноцид қилганлигини гапириб юрибди. Бу НАТОнинг аъзоси болган Туркияга нисбатан хавотирли сиёсат деб қаралади. Мақсади эса яқин ойларда аниқ бўлади ҳам.

Ёки Араб давлатларини олайлик, у ерда ҳам худди шундай ҳолат кузатилмоқда. Покистон Россия билан муносабатларини тиклайман деса озига ҳайрихоҳ болган одамни ҳукумат тепасига келтириб қўйди.

Хитойнинг Тайван бошоғриғини айтмасаям бўлади энди.

Африкадаги кўплаб давлатлар Украинадаги воқеалар орқали оўларига бўлган зулмларни эслашмоқда.

Шунинг учун Туркия президенти «дунё 5 тадан катта» деган иборани ишлатди. Яъни бундан кейин дунё сиёсатини бешаланг ҳал қилмайсан деган ўзига хос хабарни йўллади.

Бири истаса Косовони мустақиллигини тан оларкан, бошқаси Донбассни тан оларкан... Зўрку а?! У давлат халқлари нимани хоҳлайди, биров суриштирмайдиям.

Ахборот уруши авжига чиққан пайтида имкон қадар ҳушёр болиш керак. Сиз билан биз ахборот яратувчилармиз. Ахборотни еб кетадиганлардан эмасмиз. Шундай экан, қайси ахборот қаердан чиқяпти ва қачон чиқяпти қарашимиз керак. Украина ёки унга ҳайрихоҳ давлатданми? Россия ёки унинг манфаатларига хизмат қилувчи томондан чиқяптими? Буларга қарашимиз керак бўлади. Шунинг учун уруш пайтида воқеа жойларига имкон қадар ўта холис болган тарафларни жалб қилиш керак. Европа мутахассисларини жалб қилиш бу ҳали холислининг белгиси эмас. Чунки 40 тача Европа давлати бирлашиб Россияни қанақа қилиб тиз чўктирсак экан деб бош қотириб турганда улардан холис фикр чиқишига шубҳа бор. Ёки Украинани қанақа қилиб енгсам экан деб турган Россия комиссиясининг холислигига ростдан шубҳа болиши аниқ.

Фарғоналик инсон ҳуқуқи ҳимоячиси, ўқитувчи Баҳодирхон Элибоев
Фарғоналик инсон ҳуқуқи ҳимоячиси, ўқитувчи Баҳодирхон Элибоев

Шораҳмат Қурбонов, блогер:

Иккинчи жаҳон урушида 50 миллион инсонни ёстиғини қуритган фашизимни яна авж олишига йўл қўйиб бўлмайди.

Ана, Украина армияси аскарларига бир боқинг, баданига фашистлар атрибутларини чизиб ташлашган, фашистлар “хочи”ни тушириб олган расмлари интернетда тўлиб ётибди.

Мен фашизим ва нацизимнинг ер юзидан йўқ бўлишини истайман. Россиянинг бу борада қилаётган ишларини тўла қувватлайман.

Фашизим-инсоният танасига чиққан яра, мараз. Уни кесиб олиб ташлаш керак. Бошқа иложи йўқ. Йўқса бутун организм ўлимга маҳкум бўлади. Тўғри, қон чиқади, оғриқ бўлади, лекин шундай қилиш керак.

Мен Украинада бўлаётган ишларни 10 йилдан ортиқ пайтдан бери кузатиб келаман.

Ҳозирги Россиянинг Украинада ўтказаётган “денацификация” ва “демилирация” ҳарбий амалиётига олиб келган сабабларни ҳам яхши тушунаман.

Украинанинг Россия билан можароси 2008 йилдан бошланган. Асосан газ нархи ва Европага кетаётган газ транспортировкаси шартомасини қайта кўриб чиқиш талаблари ва Украинанинг Россиядан олган 3 миллард долларлик давлат қарзини қайтармаслик можароси ҳамон эсимда.

Олий Рададаги депутатларнинг бир бирини дўппослашлари, олигархлар фойдасига қабул қилинган қонунлар можаролари, баъзи депутатларни ҳатто буюрма билан ўлдириб юборилганлари ҳам ҳукуматга "криминал шахслар” кириб келгани белгиси бўлганди.

2012 йиллардан Украинада Иккинчи жахон уруши натижаларини қайта кўриб чиқиш, уруш қаҳрамонлари номини ўчириш, ёдгорликларни таҳқирлаш ҳолатлари кўпайиб кетди. Немис-фашист армиясига ҳизмат қилган сотқинларни "қаҳрамон” миллат озоздлиги учун курашганлар” деб тескари талқинлаш бошланди. Бунда Ғарбдаги кучларнинг моддий ва маънавий қўллови очиқ-ошкора бўлди.

Факелли юришлар, фашистик рамзлар, фашизм ғоялари кенг ёйилди, Гитлернинг "Майн Кампфф” китоби тарғиб қилина бошлади. Ёшларга фашизм ғоялари сингдирила бошланди.

2014 йилдаги Ғарбнинг очиқ ошқора қўллови, ёлланма қотиллар, фашистик ташкилот аъзолари ёрдамида ,,Рангли инқилоб” уюштирилди.

Бу ўзгаришларга, тартибларга қарши чиққан халқ террор қилинди. Одессада фашист ва банлерачилар тузимига қарши тинч намойишга чиққан юзлаб одамлар ўлдирилди, ,,Профсоюзлар уйи” га қамаб, тириклайин ёқиб юборилди.

Донбасс ва Луганскда бу зулмларга қарши чиққан халқ устига қуролли бандалар юборилди.Шафқатсиз қотилликлар, қирғин бошланди.

Лекин Ғарб ва АҚШ бу хунрезликларга кўз юмиб, миқ этмай туришди!

Саккиз йилдан бери Украинада бандерачи фашистлар томонидан юзлаб, минглаб тинч аҳоли ўлдирилди, журналистлар, сиёсатчилар қатл этилди, тинч аҳоли ўққа тутилиб, устига бомбалар ёғдирилди. Биров ғинг демади!

Украинадаги миллионлаб русларни она тили тақиқланди, фарзандлари мактабларда она тилида сабоқ олишдан маҳрум этилди. Рус миллатлиларни камситиш, хўрлаш, миллатчилк қилиб зулм кўрсатиш авж олиб кетди.

Жахон тан олган рус адабиёти вакиллари Пушкин, Лермонтов, Толстой, Чехов кабиларни номи ҳам, асарлари ҳам таъқиқланди. Уларга ўрнатилган ёдгорлик ва ҳайкаллар бузиб ташланди".

Uzbek bloger Shorahmat Qurbonov
Uzbek bloger Shorahmat Qurbonov

Дилором Каримова, актриса, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.

“Россия Украинага босқинини махсус операция деб атаганига бутун дунё таажжубда. Бу уруш, қирғинбарот уруши. Мен энг аввало аёлман, онаман. Оналар ҳеч қачон уруш тарафдори бўлмаган. Бу уруш оналар қалбига отилган ўқ бўлди. Албатта, она сифатида бу урушга бутун вужудим билан қаршиман. Агар мен эркак бўлиб яралганимда украинлар тарафида уришаётган грузиялик, белоруслик, чеченлар ёки бошқа миллат вакиллари қаторида қўлимга қурол олиб урушган бўлар эдим.

Россия шовинист бўлганидан кейин, дунёда ўзидан энг буюк миллат ясаб олганидан кейин, кўз кўр бўларкан, қалб кўр бўлар экан. У ўзининг энг қадрдон биродарини ҳам танимас экан, ота-онасини ҳам билмас экан. Тахт учун, ҳукмронлик учун курашганлар отани ҳам ўлдирган, ака-укаларини ҳам ўлдирган. Россия ҳам ҳозир дунёда ўзининг қудратлилигини намойиш қилиш учун худди шу вазифани бажаряпти.

Мен рус зиёлиларига қараб туриб жудаям хафа бўлиб кетяпман. Бунга битта мен эмас, бутун дунё хафа бўляпти. Биз рус адабиёти, санъатини катта бир ҳурмат билан, ҳайрат билан қабул қилардик. Мана шу миллатнинг баъзи зиёлилари Путиннинг бу агрессиясини маъқуллаб турибди. Миллатнинг ойдинлари эса чет элга чиқиб кетмоқда, чунки уларнинг урушни қораловчи чақириқлари қамоқлар билан якун топмоқда.

Мен Россияда бутун халқ урушга қарши бўлиб, уруш бўлмасин, болаларимизни урушга бермаймиз деб кўчаларга чиқади, деб ўйлаган эдим. Йўқ бундай ҳодиса бўлмади. Россиядаки шундай бўлмагандан кейин, бизда нима бўлади экан деб ўйлайманда.

Тўғри уруш бошланган биринчи кунда бизнинг бир қанча ёзувчиларимиз, шоирларимиз, адабиётчиларимиз ўз сўзларини ижтимоий тармоқларда айтдилар. Лекин мени ҳайрон қолдираётган нарса шуки, жуда кўпчилик шу даражада бефарқ, шу даражада лоқайдки, буни кўриб оғир ўйга толаман. Лекин улар ҳам онаку, мен қатори аёлларку, мен улардан бир бошқа жиҳатим билан фарқ қилмайманку. Ўзининг фаразндини уларнинг ўрнига қўйиб кўрмасмикин, дейман.

Бундан ташқари ер жойининг бир жойида бомба портласа унинг чанги менга келади. Бир жойда уруш бўлса унинг таъсири айланиб-айланиб менга келади. Менга ҳеч нарса бўлмаяптику деб, бунақа лоқайд ўтириш ниҳоятда калтабинлик. Барибир уришнинг ўзими, таъсирими бизга ҳам келади. Шунинг учун лоқайд бўлмаслигимиз керак, қўлимизга қурол олиш имкони бўлмаса ҳам ҳеч бўлмаганда “ бўлмасин уруш, йўқ бўлсин уруш” деб ҳайқиришимиз керак. Айнан ана шу лоқайдлик мен учун жуда оғриқли нуқта ва мен бундан жуда қаттиқ риёзат чекяпман”.

Дилором Каримова, актриса, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.
Дилором Каримова, актриса, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.

Раҳимжон Раҳмат, адабиётшунос.

Россиянинг Украина давлатига ҳарбий босқини ҳеч қандай махсус амалиёт эмас, балки росмана урушдир. Балки Путин, тезда Киевни ишғол этамиз, ҳукуматни алмаштирамиз, бу жараён қисқа вақтни олади ва уни махсус амалиёт деса бўлади, деб ўйлагандир. Одам ҳар нарсани ўйлаши, хаёл қилиши мумкин, лекин реаллик, реал вазият, реал имкон деган гап ҳам бор.

Украинадаги уруш иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг йирик урушдир. Мана,кўрдик, Россия ҳарбийлари Украинанинг деярли ҳамма томонидан бостириб кирди-ку, буни нимаси локал ҳарбий амалиёт бўлсин. Шаҳарлар теп-текис бўлди, минглаб тинч аҳоли ўлди, миллионлаб украинлар қочоққа айланди. Украинанинг руслар кўпроқ яшайлиган шаҳарлари вайрон бўлди-ку, хўш, бунинг нимаси махсус ҳарбий амалиёт экан. Россия Украинага уруш очди ва уларнинг озод ва демократик давлатини ер юзидан супуриб ташлашга қасд қилди.

Уруш икки ойдан бери давом этяпти ва у яна анча чўзилиш эҳтимоли бор. Уруш рус халқига ҳам оғир келганини биламиз. Россия, тарихдан маълумки, ҳар доим кучсиз қўшни давлатларга ҳарбий агрессия уюштириб келади. Мен уруш бошланган биринчи кундан бошлаб Украина тарафида эдим, ҳозир ҳам ўз позициямда муқимман. Мен Россияга, рус халқига қарши эмасман, балки Путин агрессиясига қаршиман.

Uzbek poet Rahimjon Rahmat.
Uzbek poet Rahimjon Rahmat.

Жаҳонгир Қосимов, кинорежиссёр:

“Энди мен бир нарса дея олмайман, чунки мен сиёсатчи эмасман. Лекин бировнинг уйига босқинчилик билан кирган одам яхши одам эмас. Қонунчиликда ҳам шундай. Масалан, сизнинг минг нарсангизни олиб қўйган бўлса ҳам сиз босқинчилик қилолмайсизку. Чунки у ерда хотини бор, бола-чақаси бор. Муаммони бошқача йўл билан ҳал қилса ҳам бўлади.

Мен табиатан пацифистман, умуман урушга қаршиман. Бир донишманд урушлар бўлади, одамлар ҳалок бўлади, вақт ўтади, уруш бошлаган икки катта одам сулҳ тузади, аммо одамлар ўлади, болалар етим бўлиб қолади, деган экан. Барибир бу уруш бугунми, эртагами, тинчийди, аммо ўлган одамларни ҳеч ким қайтара олмайди, шуниси ёмон. Илоҳим, тинчлик бўлсин!”

Жаҳонгир Қосимов, кинорежиссер. Видеодан скриншот.
Жаҳонгир Қосимов, кинорежиссер. Видеодан скриншот.

Малика Иброҳимова, актриса, Ўзбекистон Халқ артисти:

“Биз урушдан кейин туғилган авлод бўлсак ҳам иккинчи жаҳон урушидан қайтмаган одамларнинг фарзандларини яхши танийман, улар билан мактабда ўқиганман. Болалигимдан мен тушларимда урушни кўриб чиқардим, қўрқиб кўрпани устимга ёпиб олардим. Бизларнинг авлодда урушнинг даҳшати, урушнинг қўрқуви кучлироқ бўлса керак деб ўйлайман. Онам 17 ёшларида ҳарбий госпиталда ишлаганлар. Онамни “солнышка” дейишган экан. Улар доим уруш даҳшатларини гапириб ўтирардилар.

Украинада уруш бошланди деган гапни эшитиб, қотиб қолдим. Ёмон даҳшатга тушдим. Қандай қилиб 21 асрда битта жойни бориб, портлатиб, танклар кириб, одамларни ўлдириши мумкин? Мана шуни тушинишга миям ишламай қолди. Ақлга сиғмайдиган воқеа деб ўйлайман буни. Бу ваҳшийликдан ҳам даҳшат. Львовга бомбалар тушди деганда, мен йиғладим. Мен ўша ерларда юрганман, кўрганман, чиройли. Одамлари яхши. Киевнинг архитектураси бетакрор. Бундай гўзал жойларни қандай қилиб вайрона қилиш мумкин.

Куни-кеча «Илҳом» театрида спектакл ўйнаётган эдик, бирдан свет ўчиб қолди. Назаримда ўша пайт биз санъаткорларни ҳам, томошабинларни ҳам хаёли Украинага кетди. Биздаку ўн минутга ўчди, холос, лекин улар подвалларда светсиз ойлаб ўтирдику. Болларнинг қийналаётганини кўрсанг, эзилиб кетасан. Буларнинг эвазига нима олинади? Арзийдими шу бир гўдакнинг кўз ёшига? Рус халқининг ҳаммасини биз ёмон дея олмаймиз, лекин дунёда уларга нисбатан нафрат пайдо бўляпти.

Бир аёл, бир она сифатида тинчлик бўлсин, босқинчилар тўхтасин, тинчлик бўлсин, дейишга кучим етади, холос!"

Малика Иброҳимова. "Маҳалла" канали видеосидан скриншот.
Малика Иброҳимова. "Маҳалла" канали видеосидан скриншот.

Али Ҳамраев, кинорежиссёр.

“Менинг фикрим шундай. Дунёнинг ҳеч қаерида уруш бўлмасин. Россияда бўлмасин, Украинада бўлмасин, Ўзбекистонда, Афғонистонда бўлмасин, ҳеч қаерда бўлмасин. Одамларнинг касаллиги борда, ҳайвонлиги чиқяптида урушни бошлаб. Менинг асосий фикрим шу, сиёсатга ҳеч аралашмайман. Менинг қалбимга озодлик керак бўлганидек, ҳар бир халққа озодлик керак. Шу озодлик учун мен ишлайман ва яшайман”.

Али Ҳамроев, кинорежиссёр.
Али Ҳамроев, кинорежиссёр.

Санжар Шодиев, актёр:

“Шахсий фикримни айтсам, биргина мен эмас, мендан бошқа ҳамма ҳам урушни хоҳламайди. Бегуноҳ кўп инсонларнинг қурбон бўлаётгани ачинарли ҳолат. Бу уруш бутун дунё иқтисодиётига салбий таъсир қилади ва бу таъсир бошланди ҳам. Ижтимоий тармоқларни кузатиб бораман, Россия ўзини ҳақ деб билади, Украина эса ватанимни ҳимоя қиляпман, деяпти. Мен энди бирор томонни оқламоқчи эмасману, барибир бостириб кириб битта халқнинг бир-бири билан уруш қилиши хато йўл”.

Санжар Шодиев, актёр. МувадВидео, скриншот
Санжар Шодиев, актёр. МувадВидео, скриншот

Тоҳир Саидов, актёр:

“Ҳозир мен озгина хастароқ эдим, каллам ҳам ишламаяпти, ўзим ҳам гапиролмаяпман. Муносабатим, дунёнинг ҳеч ерида уруш бўлмасин, тинчлик бўлсин. Уруш умуман яхши нарса эмас, бир кунлик уруш бўлган жойда қирқ кунлик насиба кетади деб, бобларимиз тўғри айтиб кетган. Россиянинг нима сабабдан бостириб кирганини шарҳлолмайман”.

Тоҳир Саидов, актёр. МиллийТВдан скриншот.
Тоҳир Саидов, актёр. МиллийТВдан скриншот.

Баҳром Ирзаев, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

Шубҳасиз, бугун жаҳон ҳамжамияти эътибори Россия ва Украина можаросига қаратилган. Дунёдаги барча соғлом кучлар Россиянинг Украинага нисбатан ҳақсиз зўровонликларига қарши уюшган ҳолда “ЙЎҚ” демоқда.

Бу айни пайтда сайёрамизда янги бир умид, янги бир тўлқин бўй кўрсатаётганлигини англатади. Ишонаманки, энди башарият дунёнинг қайси бир бурчагида бўлмасин, қайси ирқ, қайси дин вакилларига қарши ноҳақликлар юз бермасин бир овоздан фаол ўз муносабатини билдиради ва вақтида бунга чек қўя олади.

Украина бу масалада илк тажриба деб ўйлайман. Мен таниган билган аксар Ўзбекистон ойдинлар адабиёт, санъат, илм аҳли, айниқса, зиёли ёшлар Украин халқи ўз ҳуқуқи, давлатчилиги учун муқаддас курашга бел боғлаган деб ҳисоблашади ва уларни қўллаб-қувватлашади.

Ташқаридан қараганда кўпдек таассурот уйғотаётган Россия тарафидаги кишиларнинг аксари ҳақиқатдан хабарсиз кишилардир. Улар ҳам тез орада ўзларининг адашган эканликларини англаб етадилар.

Баҳром Ирзаев, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори.
Баҳром Ирзаев, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори.

XS
SM
MD
LG