Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:31

Фарғона вилояти ҳокими иш сўраб борган ошпазга соқолини олиб, “одам” бўлиб келишни буюрди


Фарғоналик ошпаз Шерзод Мадаминов
Фарғоналик ошпаз Шерзод Мадаминов

Фарғона вилояти Риштон туманида яшайдиган 37 яшар халқаро тоифадаги ошпаз Шерзод Мадаминов ҳукумат ошхоналарида меҳнат қилиш учун иш сўраб 1 апрель куни вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев иштирок этган туман ҳокимлигидаги халқ қабулхонасига мурожаат қилди. Ошпазнинг иддао қилишича, вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев соқол қўйгани учун уни кўпчиликнинг олдида камситган ва ҳақорат қилган.

Бир неча йил Россиянинг турли ресторанларида касб маҳоратини оширган, президент Путин расмий тадбирларига овқат тайёрлашда иштирок этган Шерзод Мадаминов Ўзбекистонга қайтганидан сўнг ишсиз қолганини ва ўзига мос иш топиш учун Риштон тумани халқ қабулхонасига мурожаат қилганини Озодликка айтди:

- Ўтган шанба куни Риштон ҳокимлигидаги халқ қабулхонасида бўш иш ўринлари таклиф қилишди. Вилоят ҳокими ҳам келган экан. Мен борсам, туман ҳокимимиз ана “кремлёвский повар” келди деб, қаршилади. Кейин мен ичкарига кирдим ва борини айтдим. Мен Кремлда ҳам овқат тайёрлаганман, ҳамма миллатнинг овқатини пиширишни биламан, менга ҳукумат ошхонасидан иш топишга ёрдам беринглар, дедим, дейди ошпаз.

Шерзод Мадаминовга Кремлга кириш учун рухсатномалар
Шерзод Мадаминовга Кремлга кириш учун рухсатномалар

Унинг айтишича, шундан сўнг ўша ерда ўтирганлардан бири кредит олишни таклиф қилган:

- Сизга кредит берсак, ўзингиз ресторан очсангиз, дейишди. Хурсанд бўлдим, майли жоним билан, дедим. Лекин шу пайт вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев ўрнидан туриб келди-да, бу нима деб қўли билан иягимни кўрсатди. Мен соқолимни айтаётганини тушундимда, бу “эспаньолка” дедим. Ҳоким яна ғазаб билан яна сўради, мен яна буни номи “эспаньолка” дедим. Шунда ҳоким, соқолни олсангиз ва қачонки бизга ўхшаб одам шаклида бўлиб келсангиз ўшанда кредит оласиз, деди. Жаҳлим чиқиб, шартта у ердан чиқиб кетдим, дейди Шерзод Мадаминов.

Ошпазнинг айтишича вилоят ҳокимининг бу таҳқири уни туманда масхара бўлишига сабаб бўляпти:

- У ерда одам кўп эди, халқ бор эди, халқ. Ахир бу соқол менинг ҳужжатларимда бор, 2013 йилда хавфсизлик мени обдон текшириб, соқол қўйишга рухсат берган. Энди мени кўрган одам, ҳалиям одам бўлмадингизми, деб куляпти. Кўрдингизми, сизни раҳбар пастга уриб таҳқирласа, ҳамма шу ишни қилар экан. Ҳокимни судга бермоқчи эдим, лекин ҳоким билан судлаша оладиган адвокат топмадим. Ҳаммаси қўрқади, унга қарши бориб бўлмайди, дейди. Мен шунча жойда, Россияларда ишлаб юриб ҳеч ким мени бунчалик ҳақорат қилмаган, дейди ошпаз.

Ошпаз Шерзод Мадаминов билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:25 0:00
Бевосита линк

Шерзод Мадаминовнинг сўзларига кўра, у бир неча йил Россия президенти Владимир Путиннинг шахсий ошпази бўлган Евгений Пригожинга қарашли “Конкорд” фирмасида ишлаган:

- Шу одамнинг фирмасида бир французнинг қўлида ишладим. Уч марта Кремлдаги тадбирларга овқат тайёрлашда иштирок этдим. Менга, Россия фуқаролигини олгин, шу фирмада ишлаб қоласан дейишди. Лекин мен ватаним фуқаролигидан кечмадим ва бу иш билан хайрлашишга мажбур бўлдим. Лекин уч йил дунёдаги аксарият халқнинг таомларини тайёрлашни ўргандим. Бу ерда ҳам ҳамма мени “кремлёвский повар” деб ҳурмат қилади. Лекин вилоят ҳокими мени соқолим учун одам эмасга чиқариб ўтирибди, деди ошпаз Шерзод Мадаминов.

Шерзод Мадаминовнинг Россияда ишлаб юрган вақтдаги ҳужжати
Шерзод Мадаминовнинг Россияда ишлаб юрган вақтдаги ҳужжати

Озодлик ошпазнинг бу гапларига муносабат олиш учун Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев билан боғланишга ҳаракат қилди. Ҳоким қабулхонасининг ходими бизнинг Озодлик радиосидан қўнғироқ қилаётганимизни эшитиши билан гўшакни қўйиб қўйди ва бошқа қўнғироқларимизга жавоб бермади.

Фарғона вилояти ҳокимнинг ташкилот ва корхоналар раҳбарларини, фермерларни ва оддий одамларни сўкиб, ҳақорат қилиш одати борлиги ҳақида Озодлик илгари ҳам хабар берган эди.

Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг ўзи ўтган йилнинг 14 ноябрь куни, Фурқат туманида фермерлик қилаётган 70 яшар ногирон фермер Очил Бегматовни таклиф қилган, аммо мажлис бошланишидан аввал уни сенсираб мажлисдан ҳайдаб чиқарган эди.

Ўтган йилнинг июль ойида Фарғонада ўтказилган йиғилишда Шуҳрат Ғаниев врач ва аптекачиларни “... еган ҳайвонлар”га тенглаштириб, ҳақорат қилган эди.

2014 йилнинг сентябрь ойида эса Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев дўконлари бузилишига қарши чиққан тадбиркорларни “пешонангдан отаман” деб дағдаға қилган эди.

XS
SM
MD
LG