Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:24

Андижонда ўқитувчилар Петербург губернаторининг бобоси ётган қабристонни тозалашга мажбурланди


8 ноябрь куни Санкт Петербург губернатори Георгий Полтавченко бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистонга уч кунлик расмий ташрифи бошланди. Делегация келишига Самарқандда меҳнат муҳожирларини Санкт Петербургга жўнатиш маркази очилди. Андижонда эса Полтавченко яқинларидан бири дафн қилинган қабристон обод қилинди.


Андижондаги тайёргарлик

Икки кундирки, андижонликлар петербурглик делегация ташрифига тайёргарлик кўрмоқда.

Санкт Петербург маъмуриятининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Самарқанд ва Тошкентда бир қатор учрашувлар ўтказилиши режаланган. Бироқ расмий маълумотларда делегациянинг Андижонга ташрифи борасида бирор хабар йўқ.

Андижон шаҳар ҳокимлигида ишловчи ходимнинг айтишича, петербурглик делегация расмий тадбирларини тугатгач, делегациянинг кам сонли аъзолари Полтавченко бошчилигида Андижонга ҳам келиши кутилмоқда.

Ҳокимлик ходимига кўра, делегация аъзолари Полтавченконинг бобоси дафн қилинган Андижондаги насронийлар қабристонида ҳам бўлиши режалаштирилган. Ҳокимлик ходими Полтавченконинг бобоси борасида бирор маълумотга эга эмаслигини билдирди.

Андижондаги “Садовая” номидаги насронийлар қабристонида Петр Сергеевич Полтавченко (1898 - 1975) қабри бўлиб, марҳумнинг Петербург губернатори Полтавченконинг бобоси экани борасида Озодликда бирор расмий ҳужжат йўқ. Санкт-Петербург шаҳри маъмурияти мулозимлари бу саволга аниқ жавоб бера олишмаслигини айтишди.

Делегация ташрифи олдидан ушбу қабристонда бўлаётган ободонлаштириш ишлари одатга кўра, яна ўқитувчилар зиммасига юклатилди. Бу ҳақда воқеа жойида бўлган андижонлик манба Озодликка маълум қилди:

“Андижонда бошқа миллат вакиллари жуда кам қолган. Русларнинг деярли ҳаммаси Россияга кўчиб кетган. Шунинг учун бу қабристон ташландиқ аҳволда ётганди. Чунки у ердаги маҳрумларнинг шаҳарда деярли яқинлари қолмаган. Петербург губернатори бобосининг қабрини зиёрат қилишга келиши маълум бўлгач, шаҳар ҳокимлиги ўқитувчиларни қабристонни ободонлаштириш ишларига жалб қилди. Ҳар мактабдан 5 тадан ўқитувчи икки кундирки, қабристонни тозалаяпти. Ташландиқ қабрларнинг панжараларини бўяб, гуллар ўтқазаяпти. Краскалар ҳам ўқитувчилар зиммасига юклатилган. Бугун иш ҳали тугамаган, эртага ҳам ўқитувчиларга тозалаш ишларини давом эттириш айтилган”, дея андижонлик манба ўзи олган суратларни ҳам Озодликка йўллади.

Самарқанддаги тайёргарлик

Режага кўра, делегация Самарқандда фуқароларни уюшган тартибда Санкт-Петербургга ишга юбориш маркази фаолияти билан танишади.

Делегация келадиган куни иш бошлаган ушбу марказ Санкт Петербург маъмурияти билан ҳамкорликда ташкил қилинган.

Петербург маъмурияти расмийларига кўра, марказ орқали Россиядаги ўзбекистонлик нолегал муҳожирлар кўламини қисқартириш режаланган.

Самарқанд шаҳар ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, марказда Петербургга ишлашга кетмоқчи бўлганлар дастлаб махсус суҳбатдан ўтади. Кейин эса тиббий кўрикдан ўтиб, рус тили бўйича тест топширишлари лозим бўлади.

Шаҳар ҳокимлиги мулозимига кўра, петербурглик делегация Самарқанд шаҳар маъмурияти билан учрашув ўтказиши ва шаҳардаги тарихий ёдгорликларни томоша қилиши ҳам режалаштирилган.

Самарқанддан Тошкентга қайтган делегация аъзолари учун расмий тадбирлардан сўнг Алишер Навоий академик театрида "Квинтет Андрея Кондакова" ансамблининг концерти намойиш қилинади.

Санкт Петербург губернатори Георгий Полтавченко
Санкт Петербург губернатори Георгий Полтавченко

Расмий ташриф

Санкт-Петербург губернатори Георгий Полтавченко бошчилигидаги делегация таркибида Петербургнинг деярли барча расмийлари бор. Жумладан, Қонунчилик йиғилиши раиси Вячеслав Макаров, вице-губернаторлар Олег Марков ва Анна Митянина, шунингдек, ҳукуматнинг бошқа бир қатор мулозимлари, турли ташкилот ва олийгоҳлар раҳбарлари бор.

Санкт-Петербург шаҳри маъмуриятидан олинган маълумотга кўра, Полтавченко Тошкентда президент Шавкат Мирзиёев билан учрашади. Шунингдек, губернатор Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов билан икки томонлама ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилади.

Ташриф доирасида 2017-2021 йилларга мўлжалланган савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий масалалар бўйича бир қатор шартномалар имзоланиши кутилаяпти. Тошкентда махсус бизнес форум ўтказилади. Петербурглик врач ва ўқитувчилар ўзбек ҳамкасблари учун мастер-класс ўтиши режалаштирилган.

XS
SM
MD
LG