Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:50

Давлат солиқ қўмитаси раиси истеъфо сўраб ариза ёзгани айтилмоқда


 Генерал-лейтенант Ботир Парпиев
Генерал-лейтенант Ботир Парпиев

Ўзбекистондаги энг қудратли генераллардан бири сифатида танилган Давлат Солиқ қўмитаси раиси, 71 яшар Ботир Парпиев истеъфога чиқиш ҳақида президентга ариза топширган. Бу ҳақда Озодликка Ўзбекистон ҳукуматидаги бир-биридан мустақил икки манба хабар қилди.

Озодлик суҳбатлашган мулозимларга кўра, генерал-лейтенант Парпиев истеъфо сўраб ёзган аризасини президент Мирзиёевга икки ой муқаддам топширган.

Давлат Солиқ инспекцияси юқори мартабали ходимининг Озодликка билдиришича, генерал-лейтенант Парпиев истъефога чиқиш истагини соғлиғи ёмонлашгани билан изоҳлаган.

"Икки ой олдин Парпиев мазаси йўқлиги сабабли истеъфога чиқишни сўраб, президент Мирзиёевга ариза топширганди. Охирги пайтларда Парпиев оёғи оғриётганидан шикоят қилади. Лекин, президент ҳозирча ишлаб турсин, деб унинг аризасини қабул қилмаган," деди Давлат Солиқ инспекцияси мулозими.

Ўзбекистон ҳукуматидаги мулозимнинг таъкидлашича, Ботир Парпиев "28 декабрь эрталаб ўз иш жойида эди".

Ботир Парпиевнинг истеъфога чиқишни сўраб ариза топширгани ҳақидаги хабар мамлакат солиқ тизими кадрлари орасида йирик қисқартиришлар юз бергани ортидан кузатилмоқда.

Солиқ тизимидаги қисқартишлар¸ расмийларга кўра¸ Ўзбекистон презденти қарорига мувофиқ амалга оширилди.

1 август куни имзоланган мазкур қарорга кўра¸ солиқ хизмати жами ходимлари сони 12 131 нафар, марказий аппарат бошқарувидагилар сони эса¸ 263 нафар этиб белгиланган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 12 июлида ўтказилган видеоселекторда солиқ тизими ходимларининг тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ноқонуний аралашишлари ва асоссиз текширувлар ўтказишини танқид қилар экан¸ яқин фурсатда Ўзбекистон солиқ тизимида жиддий ўзгаришлар бўлишини айтган эди.

Айни мажлисда Давлат Солиқ қўмитаси раиси Ботир Парпиев президент танқидларини тан олиб, текширувлар тадбиркорликнинг ривожланишига ҳақиқатдан тўсқинлик қилишини айтган эди.

Солиқ қўмитаси раҳбари бу каби текширувларга чек қўйилиши, қонунга амал қилмаганларга нисбатан чора кўрилиши, тадбиркорлар эса, қўллаб-қувватланишига ваъда берган эди.

Ботир Парпиев Ўзбекистон бюджетига асосий тушумни таъминловчи муассаса - Давлат солиқ қўмитасига 2004 йилдан буён раҳбарлик қилиб келмоқда. У Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматига 1995 йилдан бери узлуксиз раислик қилиб келаëтган мамлакатдаги энг қудратли генерал - Рустам Иноятовнинг қудасидир.

XS
SM
MD
LG