Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:31

Фарғонада бир кунлик чақалоқ кўчага ташлаб кетилди


Фарғона вилоятининг Қўштепа туманида 30 март куни эрталаб янги туғилган чақалоқ Файз қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги эски туғруқхонанинг олдига ташлаб кетилди.

Бу хабарни тасдиқлаган, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг исми сир қолишини сўраган мулозимига кўра, чақалоқнинг ҳозирги аҳволи қониқарли:

"Эрталаб тонгда одамлар эски туғруқхона олдида латтага ўралган чақалоқни топиб олишган ва зудлик билан милиция ҳамда "тез ёрдам"га хабар қилинган. Тез ёрдам чақалоқни туман марказий касалхонасининг болалар бўлимига зудлик билан олиб келган. Шифокорларнинг айтишларича, бир ёки икки кунлик янги туғилган қизбола экан. Ҳозир унинг саломатлиги учун хавф йўқ, врачлар назорат қилиб турибди", деди мулозим.

Унинг айтишича, Қўштепа тумани ички ишлар бўлими ходимлари чақалоқнинг онасини қидириб топиш тадбирини олиб боряпти.

Ўзбекистонда оғир иқтисодий шароитларда қолиб ёки жамоатчилик қаҳридан қўрқиб туққан боласини ўз оналари томонидан ташлаб кетиш ёки ўлдириш ҳолатлари кўп кузатилади.

Ўтган йилнинг июль ойида Фарғона вилояти Риштон туманида яшайдиган 26 яшар аёл шаръий никоҳдаги эри ўз боласини тан олмагани ва алимент тўлашдан бош тортгани учун 11 ойлик ўғлини Катта Фарғона каналига ташлаб, чўктирган эди.

2 февраль куни эса, Қашқадарёнинг Чироқчи тумани Тиббиёт бирлашмаси Гинекология бўлимининг ҳожатхонасидан чақалоқ мурдаси топилган эди.

Ўтган йилнинг октябрь ойида эса андижонликлар орасида “Корейский сад” номи билан танилган микрорайондаги машҳур сауна олдига қўйилган ахлат қутисидан туғилиши билан бўғиб ўлдирилган чақалоқ мурдаси топилган эди.

XS
SM
MD
LG