Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:57

Фермерлар буғдойини ҳокимдан асраб қолиш учун ғаллазорга сув қўймоқда


Жиззах вилояти Зафаробод тумани ҳокими фермерларнинг режадан орттирган буғдойини мажбуран ўриб олишга киришди. Бу ҳақда Озодликка хабар берган фермерларнинг айтишларича, улар ҳокимнинг бу зўравонлигидан ўзига тегишли бўлган буғдойни қутқариб қолиш учун, ғаллазорга сув очиб юбормоқда ва ер лой бўлганидан сўнг, комбайнлар далага кира олмаяпти.

Зафаробод туманидаги исми сир қолишни сўраган фермерлардан бирининг Озодликка айтишича, улар режани бажарган бўлса ҳам, лекин вилоят ҳокимининг буйруғи билан режадан ортиб қолган буғдойи ҳам мажбуран ўриб олиняпти:

“Ҳаммаси вилоят ҳокимининг Синдоров совхозида ўтказган йиғилишидан бошланди. Кеча бўлди бу мажлис. 40та фермер йиғилишга бормабди, вилоят ҳокимининг жаҳли чиқиб, “нега булар мажлисга келмади, ҳаммасининг “оролча”ларда қолган буғдойини ҳам ўриб ол”, деб буйруқ берган экан. Шунинг учун кечадан бошлаб, 6та комбайн фермерларнинг режадан орттирган буғдойини ўриб олишга киришди”, дейди фермер.

Унинг айтишича, фермерлар бу зўравонликдан ўз ҳаққини асраб қолиш мақсадида, буғдойзорларига сув очиб юбормоқда:

“У фермер планини 100 қилиб бажарганми, 110 қилганми фарқи йўқ, бир чеккадан ўряпти. Бизнинг бўлимда 2 та "КЕЙС" комбайни ишлаяпти. Ярим соатда икки бункер қилиб, бўшатиб беряпти. Мошина тўғри қабул пунктига олиб бориб, фермернинг номидан топширяпти. Кеча биздаги бир фермернинг буғдойига комбайн тушди. Ишчи токи фермерга телефон қилиб, у етиб келгунча буғдойини ўриб бўлди. Бошини чангаллаганча қолди, бечора. Бу вазиятни кўрган бошқа фермерлар дарҳол буғдойзорга сув очиб юборяпти, чунки ер лой бўлса комбайн киролмайди. Ҳозирча шу йўл билан фермерлар ўзининг ҳаққини сақлаб турибди”, дейди фермер.

Зафарободлик бошқа бир фермер эса, ҳоким фермерларнинг бу “усул”ига қарши чора топишни ваъда қилганини айтади:

“Туман ҳокими, “сув қўйдингми, энди кўрасан, комбайн бермайман, қуриса ҳам барибир ўролмайсан”, деган. Чунки, одамларда хусусий комбайн йўқ, ҳаммаси МТПники”, дейди фермер.

Зафаробод тумани ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими, фермерларнинг “оролча”сидаги буғдойнинг ўриб олиниши тадбири қарздор фермерларга қаратилганини айтди:

“Тўғри, кеча шунақа воқеа бўлди. Вилоят ҳокими, прокурор, начальник милиция учаласи бир бўлиб пахтани ташлаб, томорқани гуллатиб қўйган, қарздорлиги бор уч-тўртта фермернинг буғдойларини ўриб олди. Ҳоким фермерликни ёпишга буйруқ берди”, дейди ҳокимлик мулозими.

Зафаробод тумани ғалла тайëрлаш штаби бошлиғи Шуҳрат Ҳайдаров, Озодлик билан ўтган галги суҳбатда фермерларнинг режадан ортган буғдойига комбайн берилмаётганини тасдиқлаган эди:

- Туманнинг буғдой топшириш режаси бажарилгандан кейин шартномани бажарган фермерга “оролча”(фермернинг режадан ортиб қолган буғдой ер майдони – таҳририят)ни ўришга рухсат берилади. Чунки, ҳали ўрилмаган минг гектар буғдой турибди. Аввал қолган фермерларнинг буғдойи ўриб олинади, туман режаси бажарилса, кейин уларнинг “оролча”сини ўришга киришади. Ўзи туманда 15 та комбайн қолган бўлса, комбайн етишмаётган бўлса. Бу, ҳар йили бўлаётган гап, деди штаб бошлиғи.

Бироқ, фермерларнинг айтишларича, режани ортиғи билан бажарган фермерларнинг буғдойи ҳам мажбуран ўриб олиняпти.

Фермерларнинг режадан ортган буғдойини ўрдирмаслик ва тортиб олиш ҳолатлари Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам кузатилмоқда.

Хусусан¸ ўтган ҳафта Фарғона вилояти Фурқат тумани ички ишлар ходимлари фермерларнинг комбайнларини “ҳибс”га олди. Бу ҳақда Озодликка хабар берган фермерлар¸ режани 110-120 фоиз қилиб бажарганларига қарамай, туман ҳокими фермернинг ўзига қоладиган буғдойини ўрдиришга рухсат бермаëтганидан шикоят қилган эди.

21 июнь куни Андижон вилояти Избоскан туманидаги “Чўнбоғиш Қутбиддин” фермер хўжалиги бошлиғи Ҳусниддин Ражабов¸ уни яқиндан билганларнинг айтишича, ўзини осиб қўйган. Ражабовга яқин фермерларга кўра, у режадан орттириб¸ ишчиларига тақсимлаш ниятида олиб қўйган буғдойини туман ҳокими тортиб олгандан сўнг, ўз жонига қасд қилган.

XS
SM
MD
LG