Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:03

"Шу янгамга – шу поччам". Тармоқлар BYD автомобиллари импорти чекланиши ҳақида


BYD. Иллюстратив сурат
BYD. Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда Хитой автосаноатининг етакчи бренди саналган BYD автомобиллари импорти чекланиши мумкин. Ҳукумат бу ҳақдаги қарорини "импорт автомобиллар бозорини тартибга солиш" билан изоҳламоқда. Аммо истеъмолчилар ва тармоқ фаоллари ҳукумат қароридан мақсад Ўзавтосаноат монополиясини кучайтириш, деган фикрда.

Президент Шавкат Мирзиёев 18 март куни имзолаган қарорда BYD ширкати Ўзбекистон ҳукуматига электромобилларнинг “маҳаллий иқлим ва йўл шароитларига мослаштирилмагани ҳамда расмий кафолатга эга бўлмагани учун тартибсиз импортни чеклаш” юзасидан мурожаат қилгани қайд этилади. Аммо ҳозиргача на BYD ва на Ўзбекистон ҳукумати бу мурожаат матни ёки унга доир бирон ҳужжатни эълон қилгани йўқ.

Президент қарорига кўра, масъул идоралар ушбу талаб юзасидан 2024 йил 1 июлга қадар таклиф ҳозирлаши лозим.

Кейинги йилларда Ўзбекистонда BYD русумли электромобиллар сони ошиб бораётгани кузатилмоқда. Таҳлилчилар нисбатан чўнтакбоп нархдаги Хитой автоулови монопол “Ўзавтосаноат” ширкатига маълум маънода рақобат уйғотмоқда деб ҳисоблайди. Шунга кўра, ҳукуматнинг электромобиль импортига чеклов ташаббуси ижтимоий тармоқларда “монополия тегирмонига сув қуйиш”, “куппа-кундузи қароқчилик” дея баҳоланди.

UzAuto машиналари учун навбат интернетга кўчди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:33 0:00

Иқтисодчи Отабек Бакиров таъкидича, қайси бренд бўлишидан қатъи назар, “Ўзавтосаноат” рақобатни мутлақо истамайди.

“Ўзбек монополистлари, олигархлари ва чиновникларини нима бирлаштириб туради, биласизларми? Уларнинг ҳаммаси рақобатдан ҳаддан ташқари қўрқишади. Чунки рақобат уларнинг аслида ким эканини очиқ-ойдин кўрсатиб қўяди. “Ўзавтосаноат”, албатта бу рўйхатда истисно эмас”, дейди иқтисодчи.

Унга кўра, эндиликда BYD автомобилларини фақат “Ўзавтосаноат” ёки келишиб олинган олигархлар импорт қилади. Бу эса қимматлашувга олиб келади.

“Ўзавтосаноат” назаридаги “тартибли импорт” бу – Хитойда 10 минг доллар бўлган электромобиллар импортини тўхтатиш, 15 минг долларлик электромобилни эса 30 минг доллардан бир қўлли қилиб сотиш дегани. Яъни ўзбекистонликларни аёвсиз талаш, тинимсиз талаш, танловсиз талаш дегани”, дейди О.Бакиров.


Журналист Муҳрим Аъзамхўжаев ҳам “Ўзбекистонда давлатнинг инсофсиз автомонополияси яқин орада тугамас”лигидан хавотирда.

“Шу бизда нима қилишсаям охири бориб монополияга айланиб қолаверади-я... Демак, олдинда бизни танловсиз ҳолда сифатсиз, баъзи деталлари йўқ электромобилларга олдиндан пул тўлаб, ярим йиллаб кутиш каби кулгили шартлар кутиб турибди”, дейди собиқ депутат ва жамоат фаоли Расул Кушербоев.


“Шу янгамга – шу поччам” деган мақол бежизга эмас. Бизга келадиган инвесторлар ҳам худди ўзимизнинг компаниялар каби ишини тақиқлашдан, чеклашдан бошламоқчи. Ажойиб, таърифлашга тил ожиз”, дея киноя қилди блогер ва ҳуқуқшунос Хушнуд Худойбердиев.

2023 йил январь ойида “Ўзавтосаноат” ва Хитойнинг “BYD Auto” ширкати электромобиль ишлаб чиқарувчи “BYD Uzbekistan” қўшма корхонасини ташкил қилган эди. Устав капитали 55 миллиард сўм бўлган корхонада “Ўзавтосаноат”нинг улуши 60 фоизни, Хитой томони улуши эса 40 фоизни ташкил этади.

Блогер Умид Ғафуров импортни чеклашга доир қарордаги нозик нуқтага эътибор қаратди.

“Менимча, “Monopolystan” фуқаролари учун бугунги янгилик янгилик эмас. Чунки “Ўзавтосаноат” қўл урган жойдан бир кунмас бир кун албатта рақобатнинг мурдаси чиқади. Ва бугун ўша мурданинг оёқлари кўриниб қолди. Билмасангиз билиб олинг, Ўзбекистонда расман фаолият юритаётган ВYD компаниясининг 60 фоизи “Ўзавтосаноат”га тегишли, “Ўзавтосаноат” эса ҳукуматга тегишли. Яъни ҳукумат ҳукуматга мурожаат билан чиқяпти”, дейди У.Ғафуров.

Телеграмдаги “Platforma” канали чекловга асос қилиб кўрсатилган важ-корсонни савол остига олган.

“Иқлимимиз ва йўл шароитимизга мослаштирилмагани ва расмий кафолатга эга эмаслиги деган важ кишида савол туғдиради. Қани бунга асос? Тест драйв қилиб кўрилганда буни сезиб қолишдими, нимадир бўлдими ёки машиналари ўйдим-чуқур йўлларимизда, иссиқ иқлимимизда юролмадими? Аниқроқ асос керак-да. Ваҳоланки, BYD миниб юрганлардан ҳозирча жиддий эътироз сезилганича йўқ”, деб ёзади “Platforma”.

Президент Шавкат Мирзиёев жорий йил январь ойида Хитойга сафари доирасида BYD’нинг Шэньчжэнь шаҳридаги бош қароргоҳига ташриф буюрган эди. Ўшанда компания Ўзбекистонга 10 мингинчи автомобилини етказиб бергани рамзи сифатида Мирзиёевга YANGWANG U8 машинасини ҳадя қилганди.

Аксар фаоллар мамлакатга минглаб автомобиль кириб келгунича, уларнинг маҳаллий иқлим ва йўл шароитига мос ёки мос эмаслигига эътибор қаратилмаганидан таажжуб изҳор қилган.
Иқтисодчи Миркомил Холбоев эса Ўзбекистон автосаноатидаги маҳаллийлаштириш ҳаракатини саратон касаллигига ўхшатган.

Аввалроқ Ўзбекистонда автомонополияга чек қўйиш учун маҳаллий маҳсулотларга бойкот эълон қилиш таклифи илгари сурилганди. Аммо бу чақириқлар истеъмолчилар томонидан қўллаб-қувватланмаган. Бойкот тарафдори бўлган фаоллар ҳукумат монополия сиёсатидан воз кечмаётганида фуқароларни ҳам айбдор деб билади. Хусусан, сўнгги чекловларга муносабат билдирган журналист Шуҳрат Шокиржонов “машинага сажда қилувчи миллатга бу ҳам кам” эканини таъкидлайди.

Форум

XS
SM
MD
LG