Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:37

Наманганда ўқитувчилардан қариндошлари паспорти нусхасини топшириш талаб қилинди


Мактаб, синфхона
Мактаб, синфхона

Наманган шаҳридан Озодликка мурожаат қилган ўқитувчининг айтишича, халқ таълими бўлими ўқитувчиларнинг барча қариндошлари паспорт нусхаларини топшириш ҳақида шошилинч кўрсатма берган.

Бу топшириққа кўра, ўқитувчи ота-она, фарзандлари, ака-ука, опа-сингиллари ва ҳатто қйнона-қайнотасининг паспорти нусхасини топшириши шарт.

Ўқитувчилардан бунинг сабабини сўрамаслик илтимос қилинган.

Вилоят Халқ таълими бўлими бошқармаси мулозими қариндошлар паспорти нусхаси электрон меҳнат дафтарчасини тўлдириш учун кераклигини билдирди.

Хорижда ишлаётган Ўзбекистон ватандоши укасидан паспорти нусхасини унга юбориши ҳақида хат олганини Озодликка ёзди:

Мактаблар қачондан буён ДХХ вазифасини бажаришни бошлади?


“Давлат ишида (ўқитувчи) ишлаётган шахслар яқин қариндошларининг паспортлари нусхасини (манзили кўрсатилган ҳолда) топшириш талаб қилинмоқда. Мақсад, қандайдир Интернет порталига юклаш керак экан. Агар шахсларнинг паспорти уларни қизиқтираётган экан, бунинг ўқитувчиларга нима алоқаси бор? Мактаблар қачондан буён ДХХ вазифасини бажаришни бошлади?”

Наманган шаҳридаги мактаблардан бирининг директор ўринбосари, Telegram каналида ўқитувчиларга шундай хабар юборган (хабарнинг имло ва стилистикаси таҳрир қилинмади – таҳр.):

“Барча укитувчилар диккатига. Эртагача барча якин кариндошларингиз яьни ота- она, ака -сингил, кайнона-кайнота, турмуш уртогингиз ва фарзандларингиз паспорт копияларини метод бирлашма рахбарингизга топширасиз. Янги очилган сайтга информатика укитувчилари томонидан жойланади. Паспорт копия албатта манзили курсатилган бети билан ксеро килинган булиши керак. Устозлар!Бу топширик барча давлат ташкилотларига берилган. Республика буйича. Илтимос изох сураманг. Бизга НШХТБ нинг кадрлар булими томонидан айтилди, биз бажартирамиз!!!!!Укув булими.”

Наманган шаҳридаги мактаблардан бирида ишлайдиган ўқитувчининг айтишича, у Андижонга бориб ота-онасининг паспорти копиясини олиб келишга мажбур бўлган:

Қайнота-қайнонамнинг паспорт копиясини менга нима алоқаси бор?


Масалан, менинг қариндошларим бири Андижонда, бири Тошкентда ва яна бири хорижда яшаяпти. Туғилган уйимга бориб, ота-онам паспорт копиясини олиб келдим. Энди бошқаларникини йиғяпман. Товба, қайнота-қайнонамнинг паспорт копиясини менга нима алоқаси бор, тушунмадим. Директордан сўрасак, мен ҳам билмайман, буйруқни бажарувчиман, холос, дейди.”

Наманган вилоят Халқ таълими бошқармаси, кадрлар бўлимининг ўзини таништирмаган мулозими ўқитувчилардан қариндошларининг паспортлари копияларини топшириш талаб қилинаётганини тасдиқлар экан, бунинг сабабини янги электрон меҳнат дафтарчаси билан боғлади:

“Меҳнат дафтарчасини электрон базага киритиш мақсадида қилиняпти”.

Ўқитувчи қариндошларининг, қолаверса қайнота-қайнонасининг унинг меҳнат дафтарчасига қандай алоқаси бор, деган Озодлик саволига мулозим жавоб бермади:

“Бошлиғимиз Тошкентга кетган эдилар, бу саволга улар жавоб беришади, мен билмайман”

Озодлик Тошкент шаҳри ва Андижон вилоятидаги ўқитувчилар билан боғланиб, уларда ҳам қариндошларнинг паспорти нусхаси талаб қилинаётгани ёки йўқлиги ҳақида сўради. Ўқитувчилар бундай тадбирдан бехабар эканлигини айтдилар.

XS
SM
MD
LG