Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:59

“Ўғлим фашист бўлмайди”. Украинада жанг қилишдан бош тортган аскарлар тақдири


 Россиянинг яксон этилган танки. Украина, Чернигов вилояти, апрель, 2022 йил.
Россиянинг яксон этилган танки. Украина, Чернигов вилояти, апрель, 2022 йил.

Россияда сафарбарлик бошланган 2022 йил сентябрдан то 2023 йилнинг апрел ойи охиригача ҳарбий судларга хизмат жойини ўзбошимчалик билан ташлаб кетиш, буйруқни бажаришдан бўйин товлаш ёки дезертирлик ҳолатларига доир 1064 та жиноят иши келиб тушган. Биргина март ойида судга юборилган жиноят ишлари салкам 400 тани ташкил қилади. Айни пайтда ҳарбий судларда ўнлаб ишлар кўрилмоқда.

“Сафарбар қилинганларни ҳар кўйга солишяпти”

32 ёшли Андрей Челноков 2022 йилнинг сентябр ойи охирида Владивостокда аскарликка олинган. Сафарбар қилингунича у вентиляция жиҳозларини ўрнатувчи бригада бошлиғи эди. Андрей муддатли хизматни 2012 йилда ўтаб, “А” тоифасини олган, аммо ўшандан бери соғлиғига анча путур етган: шифокорлар у гипертония ва остеохондрозга чалинганини аниқлаганлар. Сафарбарлик бошланган пайтда эса у кардиолог ҳисобида турар, қолаверса эндокринолог “диабет олди ҳолати ва 3-даражали семириш” деб ташхис қўйиб, касалхонага ётқизганди. Даволаниб чиққанидан сўнг уни ҳарбийга чақиришди. Андрей дастлаб ҳарбий қисмда бўлди, сўнгра 16 сентябрдан 17 октябргача госпиталга ётиб муолажа қилдирди. Натижада унинг тоифасини “Б”га туширишди, лекин бу Андрейни ҳарбий мажбуриятдан озод қилмайди.

“Мени 155-денгиз пиёдалари бригадасига жўнатишди, ҳолбуки муддатли хизматни қоровул ротасида ўтаган эдим. Бошқа бўлинмага, масалан, қурувчилар батальонига ўтказишларини сўраб рапорт ёздим, ахир мен қурувчиман-ку. Боз устига тез-тез тиббий ёрдам олиб туришим керак эди. Жанговар вазифаларни эса мунтазам армия бажариши керак. Лекин, “махсус операция”дан муддао нималигини, одам ўлдиргани ўзга юртга борадиганларни тушунмайман, очиғи. Шунингдек, рапортда ҳарбий чақирув ва касаллигимни яширган госпитал хулосаси устидан судга ариза берганимни эслатдим.

Командирлар буни “махсус ҳарбий амалиёт” ҳудудига жўнашдан бўйин товлаш, деб топди. Буйруқни бажаришдан бош тортганмишман. Вассалом. Иш прокуратурага оширилди, прокуратура терговчи тайинлади, терговчи эса жиноят иши очилгани муносабати билан мени “тўлақонли” ҳарбий-тиббиёт комиссиясига йўллади. “Тўлақонли” бўлгани билан комиссия мени атиги уч кун текширди: касалхонада ётганим йўқ, ҳарбийлар поликлиникасига олиб боришди”,- дейди Челноков.

Андрейнинг айтишича, госпиталда ҳам, кейинги ҳарбий-тиббиёт комиссиясида ҳам маълумотларни атай бузиб ёзганлар: масалан, октябрда ҳарбий госпитал врачлари унинг вазнини 111 кг деб кўрсатишган, ноябрда – ҳарбий-тиббиёт комиссияси терапевти эса 123 кг деб қайд этган. Андрей госпиталда кескин ориқлаганим мумкин бўлмаганидек, кейин бирдан семириб кетишим ҳам мумкин эмасди, дейди.

Мартда у қайта комиссия тайинланишига эришади, комиссия унга “Д” тоифа бериб ҳарбий хизматга яроқсизга чиқаради. Бироқ Владивосток гарнизони ҳарбий суди 2023 йил июнда Челноковни барибир командир буйруғини бажармасликда айбдор деб топади, чунки “МҲА” ҳудудига жўнашга буйруқ берилган пайтда аскар расман “Б” тоифада эди. Суд уни 2 йилу 10 ой манзил колонияда жазо ўташга ҳукм қилади.

“Сентябрда ҳарбий қисмимизда “МҲА” ҳудудига бормаганлар 15 киши эдик. Ҳар кимнинг ўзига яраша сабаби бор эди, айримларни ҳатто уйига жўнатворишди. Кимгадир брон келди, кимнидир соғлиғи важидан бўшатишди, кимнингдир оғир жиноят учун ўталмай қолган жазо муддати бор эди. Билишимча, кимни қўйиб юбориш кимга жиноят иши очиш кераклиги бўйича уларга қандайдир кўрсатма келарди, улар бажаришарди, холос. Гепатитга чалинган йигитларни сентябрдан февралгача ушлаб туришганини кўрдим, аммо айримларга бир ой ичида жавоб бериб юборишди. Ҳозир у ерда иккита астма касал бор, уларга ҳам жиноят иши очишмоқчи. Уларни дастлаб таъминот ишларига ёрдамлашсин деб маҳаллий полигонга жўнатишганди. Лекин кейин, одам етишмаётгани учун урушга юборишга қарор қилишди. Бири одам ўлдирмайман, деб туриб олди, билмадим энди уни нима қилишаркин. Иккинчисига командир МҲА ҳудудига бориб келасан, кейин комиссия тайинлаб, хизматга яроқсизга чиқариб бераман, дея ваъда қилган. Аммо комиссия энди ҳеч кимни яроқсизга чиқармайди, менимча”.

Ҳукм эълон қилинганидан сўнг Андрейни ҳарбий қисмдан бўшатишган, ҳозир у уйида: апелляция берган, суд аризасини кўриб чиқишини кутяпти. Челноковнинг хотини ва онаси бор, у оилада ягона ўғил.

“Сафарбар қилинганларни истаган кўйларига солишади. Госпиталда ётар эканман, фронтдан ярадорлар келишарди: кимдир оғир, кимдир енгилроқ жароҳат билан. Госпиталда қариндошлар билан кўришиш буткул тақиқланган. Мен шу ерлик бўлатуриб хотиним билан панжара оша гаплашардим. Шаҳарга чиқиш асло мумкин эмас. Рухсат берсак, ҳамма қочиб кетади, фронтга жўнатадиган одам қолмайди, деб қўрқишади. Бир танишимнинг бўйнидан бешта чурра олишди. Аввал тикланишига икки ой беришганди, бироқ кейин тез одам жўнатинглар, деган буйруқ келди. Натижада реабилитацияни бир ойга қисқартиришди, тиғ теккан жой буйруқ билан битмайди-ку ахир. Шартнома бўйича ҳарбийларни кўрардим штабда, фронтга жўнатишмасин деб юрак ҳовучлаб юришарди. Сафарбар қилинганларга ола қарашарди, чунки биз кўпроқ ойлик оламиз-да.

Командирлар урушга боришдан бош тортганларга таъна қилади, ҳатто ҳақоратлайди. Бир аскар ҳамманинг олдида “ўлакса” деб атагани учун “замполит” устидан прокуратурага шикоят қилган эди, шундан кейин комиссия унинг қаттиқ шамоллашдан кўзи хира тортганини тан олди. Шахсан ўзимга келсам, урушга боришдан бўйин товлаганимга ачинмайман. Суд қамоқни шартли жазога алмаштиради, деган умидим бор. Алмаштирмаганда ҳам майлига, қамоқда ўтираман, аммо бир куни оилам бағрига тирик қайтаман”.

“Кучук ва мушукларни қийнашни ўргатишим керак экан”

2023 йилда Байкалорти ўлкаси Борзинск гарнизони суди сафарбарлик чоғида “жанговар топшириқлар”ни бажаришдан бош тортгани учун бир ҳарбий хизматчини 2 йилу 3 ойга манзил-колонияга жўнатди. Суд матбуот хизмати хабарномасига кўра, у буйруқни бажаришдан ва “сафарбарлик даврида жанговар ва махсус вазифаларни бажариш учун хизмат сафарига жўнашдан” бўйин товлаган. “Сибирь.Реалии” у Петербург артиллерия академиясини тамомлаган офицер эканини аниқлади. Ота-онаси унинг исм-фамилиясини очиқламасликни илтимос қилишди.

“Биласиз-ку, бизнинг мамлакатда бунақа интервьюлар фақат кўнгилсизлик олиб келади, – дейди судланган офицернинг онаси. – Нега у хизматдан бош тортди? Чунки бизнинг оиламиз ҳар қандай агрессияга қарши. Менинг отам Улуғ Ватан урушида қатнашган, фашистларга қарши жанг қилган. Шундай экан, набираси фашист бўлишига мен қандай йўл қўяй? Менинг болам ҳеч қачон фашист бўлмайди. У ер юзида тинчлик бўлсин деб ҳарбийлик касбини танлаган. Кимгадир ҳужум қилиш учун эмас. Ўзга юртда ватанини ҳимоя қилармиш... Ол-а! Мен, онаси ўғлим одамларни ўлдиришни хоҳламагани учун уялишим керакмиш. Ёмон ўғил тарбиялаган эмишман. Демак, болалигидан мушук ва кучукларнинг кўзини ўйиб олишга ўргатишим керак экан. Ўшанда муносиб ватан ҳимоячиси бўларкан. Тарбияни эплолмаганим учун, мана, ўтирибман ҳасратда. Икки йилдан зиёд беришди. Эримнинг бир таниши қорадори билан тушганда икки йил шартли жазо беришганди. Ана сизга адолат! Йўқ, бекор айтибсанлар, мен ўғлим билан фахрланаман! У чин офицер ишини қилди”.

Аёл ўғли жазо муддатини ўтаб чиққанидан сўнг ва уруш тугагач армияга қайтишга умид қилаётганини, ўзгаришлар бўлишидан умидворлигини айтади.

“Хизматга қайтгиси келади, лекин қачонки сиёсат ўзгарса. Қандай ўзгаришини билмайман, лекин ҳозиргидақа бўлмаслиги керак. Болам ватанини чин дилдан севади. Уни ҳимоя қилишга доим тайёр, аммо кимнингдир манфаати учун одам ўлдира олмайди. Командирлари унинг МҲАга боришни истамаганини қандай қабул қилганидан хабарим йўқ, лекин терговчи ва прокурорлар анча тузук одамлар экан. Кутмагандим. Нима бўлаётганини тушунишаркан. Хизматдошлари ҳам хайрихоҳлик қилишди. Бир яқин ўртоғи бор эди, ажойиб йигит. Ўша ҳам фронтга жўнашдан бош тортибди. Мамлакатимиз мана шунақа одамларга суяниши керак аслида. Бироқ, афсуски, яхши одамлар бекорга ўлиб кетишяпти”.

Одам ўлдириш – гуноҳ, уни сира оқлаб бўлмайди”

2022 йил сентябрда Россия ҳукумати жиноят кодекси учун янги модда ўйлаб топди – сафарбарлик ёки ҳарбий ҳаракатлар даврида командир буйруғини бажармаслик (332-модданинг 2.1-қисми). Ушбу модда биринчи бўлиб урушнинг бешинчи ойида жанг қилишдан бош тортган лейтенант Дмитрий Василецга нисбатан татбиқ этилди.

Василец икки дўсти кўз олдида ҳалок бўлганини айтган эди. У таътил олиб фронтдан қайтгач буддизм динини қабул қилади ва 2022 йил августда хизматдан бўшатишларини сўраб, ариза ёзади. Аризаси катта кабинетларни айланиб юрганида эса сафарбарлик бошланиб, ҳарбийларга хизматдан бўшаш тақиқланади. Сентябрда Василецни яна фронтга жўнатмоқчи бўлишади, аммо у диний эътиқоди бунга йўл қўймаслигини айтиб, рад этади. Октябрда унинг устидан жиноят иши қўзғатилади. 2023 йил апрелда эса суд Василецга 2 йилу 5 ой манзил-колонияда жазо ўташга ҳукм қилади. Адвокати Элвира Тарасова “Сибирь.Реалии” билан суҳбатда Василец аллақачон колонияда эканини айтди.

Магаданлик авиадиспетчер Андрей Капацин ҳам одам ўлдира олмаслигини айтиб, урушга боришдан бош тортган. “Буйруқни бажармагани учун” суд унга 2 йилу 9 ой қамоқ жазосини тайинлаган.

“21 сентябрда сафарбарлик эълон қилинган бўлса, эртасига ишхонада чақирув қоғози олдим, – дейди Андрей. – Кадрлар бўлимига кир, дейишди. Кирдим, шу заҳоти қўлимга тутқазишди. Унда мен 3 соат ичида нарсаларим билан йиғув пунктига боришим кераклиги кўрсатилганди. Магаданда ҳарбий қисм йўқ, йиғув пунктида ҳарбий комиссариат вакили бизни Хабаровскка жўнатишларини айтди. Ўша ерда ҳамма текширилади, керагича одам олингач, қолганларга рухсат берилади, деди. Аммо ҳеч қанақа текширув бўлгани йўқ. Барча ёппасига Владивостокка жўнатилди.

Сафарбарликка қадар авиадиспетчер бўлиб ишлардим. Билишимча, бу касб эгалари урушга олинмайди. Бутун мамлакатда диспетчерларга брон қилинган эди. Магадан филиали эса сафарбарлик эълон қилинганидан сўнггина брон ёза бошлади. Беш кундан сўнг брон қилинганлар рўйхати билан мени қайтариш учун сўров йўллашди, лекин ҳарбий комиссариат бронимни тан олмади. 20 октябрда эса менга “МҲА” ҳудудига жўнайсан, дейишди, мен бош тортдим, чунки қўлимга қурол олиб бировни ўлдиришни хоҳламайман”.

Капацин комиссариат қарори устидан судга арз қилади, лекин даъвосини рад этадилар. У муқобил фуқаролик хизматини ўташ ҳақида ариза ёзмайди, балки командир номига тушунтириш хати битиб, ўз маслагини баён қилади. Андрей октябрда урушга жўнашдан бош тортган бўлса, унга нисбатан жиноят иши март ойида очилади. Капацин ҳукм устидан апелляция беради, лекин суд қарори чиқишини уйида кутишга рухсат бермай, уни Владивостокдаги 155-денгиз пиёдалари бригадаси базасида сақлашмоқда. Суд аризасини қачон кўриб чиқиши ҳам ҳозирча мавҳум. Уйда Капацинни хотини кутмоқда.

“Нега иш орадан беш ой ўтиб қўзғатилганини билмайман. Балки тепадан рухсат кутишгандир. Бу орада бизга бошқа ҳарбий қисмга ўтиб, сапёр бўлиб хизмат қилишни таклиф этишди. Бу ерда урушга боришдан бош тортганлар жами 10 кишимиз. Бизга бирон эҳтиёт чораси қўллангани йўқ. Мен тақводор одамман, Насроний евангелия черковига эътиқод қиламан. Эътиқодим менга одам ўлдиришни ман этади. Қароримдан афсусланмайман. Бошқача йўл тута олмасдим. Бу ерда танловнинг ўзи йўқ. Одам ўлдириш гуноҳ.

Мен сафарбар қилинишим устидан фуқаролик тартибида судга арз қилмоқчи бўлдим. Брон қилинганлар рўйхатида бор эдим, раҳбарият мени ҳарбий қисмдан қайтаришни сўраб хат юборганди. Менинг ихтисослигим 100 фоиз брон қилинади! Бироқ суд даъвомни рад қилди. Рўйхат берилган пайтда мен ҳарбий хизматчи мақомида бўлгансан, одамлар фақат тинчлик вақтида брон қилинади, деб туриб олди. Нега муқобил фуқаролик хизматига ариза бермадингиз, дейсизми? Ўзим ҳам билмайман. Ҳозир бу ҳақида гапиришдан маъно ҳам йўқ. Биласизми, биринчи куни чақирув қоғози олмаган ҳамкасбларим ҳеч қаёққа боришмади. Беш кундан сўнг уларнинг бронларини тасдиқлашибди. Мен ҳам бош тортишимга тўғри келмайди, хизматдан озод қилишади, деб умид қилувдим”.

Иккинчи тўлқин бўлади”

Сафарбарлик шароитида командир буйруғини бажармасликка доим ҳукмлар одатда Украинага жўнатилишидан олдин ҳарбий ҳаракатларда иштирок этишдан бўйин товлаган ҳарбий хизматчиларга нисбатан чиқарилади, дейди Онгли итоатсизлар ҳаракати координатори Елена Попова. Бунақа ишлар бўйича жазо, масалан, дезертирлик учун белгиланадиган жазога нисбатан енгилроқ бўлади: одатда 2-2,5 йилга манзил-колонияга юборишади. Экспертга кўра, сафарбарлик бошланганидан сўнг ярим йил ўтиб “буйруққа итоатсизлар”га нисбатан муносабат ўзгарган: эътиқоди ёки соғлиғини важ қилиб ариза берган айримларни ҳатто сафарбарлик бўйича ҳарбий хизматдан озод қила бошлаганлар. Бироқ 2023 йил баҳордан бунақалар устидан жиноят ишлари очила бошланган.

“Биринчи босқичда кўпчиликни ҳарбий қисмда ушлаб туришди, фронтга жўнатишга ҳаракат қилишди, лекин иш очганлари йўқ. Айримларни эса қўйиб юборишди – шунақа воқеалар ҳам бўлди. Ҳаммаси одамнинг иродасига боғлиқ: бўйин товлаганларнинг кўпчилиги босимга чидай олмай, ахийри урушга боришга рози бўлди. Дастлабки кезлар бирон кишини хизматдан озод қилдира олсак ёки лоақал урушдан олиб қолиб, ўз қисмида қолдиришларига эришсак, бошим кўкларга етарди. Ҳукумат бунақаларни нима қилишни билмай гарангсиб қолгандек эди. Қисташ, қўрқитиш ҳозир ҳам бор, лекин жиноят ишлари кўпайган. Бундан кейин янада кўпайса керак”.

Елена Попова сафарбарликка қарши курашни ҳарбий қисмга жўнатишмасдан бошлаш кераклигини, ҳарбий хизматчи мақоми берилганидан сўнг кураш имкон деярли қолмаслигини урғулайди.

“Қўлни қон қилгандан кўра колонияда ўтирган минг марта афзал – ҳам маънан, ҳам амалий томонлама. Бироқ мен, агар яна бир сафарбарлик тўлқини бўлса, аввалига армияга кирмасликни маслаҳат берган бўлардим. Сафарбарликдан бўйин товлаганлик учун жиноий жавобгарлик ҳозирча йўқ. “Виждон амрига кўра хизмат қила олмайман”, деган мазмунда ариза бериш мумкин. Военкоматга чақиришса, ёлғиз эмас, қонуний вакил билан бирга бориш лозим! У ерда эса чақирув комиссияси кенгашини талаб қилиш керак – кенгашда сизни хизматга олиш-олмаслик масаласи ҳал қилинади.

Ҳарбий қисмга тушган тақдирингизда ҳам қаршилик кўрсатиш йўли бор: бош тортаман дея рапорт ёзиш, жўнатиш бошланганида эса автобусга ўтирмаслик керак. Бу ерда оналар ва хотинларнинг ёрдами жуда муҳим, чунки эркаклар “ҳаммаси тамом” деб руҳан синиб бўлишади одатда. Аёллар эрларини ҳарбий қисмдан олиб, психиатрга элтганини, шифокор чуқур депрессия ҳолатини аниқлаб, уларга ярим йилгача муолажа тайинлаган ҳолатларни кўрдим. Хуллас, чора топса бўлади. Сафарбарликнинг иккинчи тўлқини бўладими? Ҳа, бўлади. Кўнглим сезиб турибди, шуни ҳисобга олиб тайёргарлик кўряпмиз”.

Россия ҳукумати сафарбарликнинг иккинчи тўлқинига ҳожат йўқ, дея бир неча марта баёнот берган. “На ялпи сафарбарлик бўлади, на иккинчи тўлқин. Нега бўлсин ахир? Ҳақиқий эркак, Ватан ҳимоячиси бу ҳақда ўйламайди ҳам. Агар вазият иккинчи тўлқинни талаб қилса, мутлақо ҳеч ким четда қола олмайди... Ҳозир ҳамма иккинчи тўлқин бўлармикан, йўқми, дея ҳалак. Бўлмайди. Аммо нима фарқи бор? Ватанни ҳимоя қилиш керак, келинглар, шунга ҳамиша шай бўлайлик”, - деб ёзди 24 июль куни ўз телеграм-каналида Давлат Думаси депутати Сергей Гурулёв.

Сафарбарликнинг биринчи тўлқинидан кейиноқ ОАВлар Россия ҳукумати иккинчи марта сафарбарлик ўтказмаслик учун 2023 йилда қарийб 400 минг кишини шартномавий хизматга олмоқчи экани ҳақида хабар берган эди. 2023 йил июнда мудофаа вазири Сергей Шойгу 114 минг киши – шартнома бўйича, яна 52 минг киши кўнгилли сифатида хизматга кирганини маълум қилди. Вазирга кўра, кунига 1336 киши шартнома имзолаётган эмиш.

Аммо Ғарб мамлакатлари разведкалари ва Украина ҳукумати Россияда сафарбарликка ҳозирлик кўрилаётгани ҳақида огоҳлантирмоқда. Дарҳақиқат, Кремль сафарбарлик имкониятларини кенгайтирувчи қатор чора-тадбирларни амалга оширди. Хусусан, бир неча кун олдин Владимир Путин захирада бўлишнинг энг юқори ёшини беш ёшга узайтириш тўғрисида фармон имзолади. Ёш чегараси биринчи тоифадаги ҳарбий хизматчилар учун – 35 дан 40 ёшга, иккинчи тоифадагилар учун – 45 дан 50 га, учинчи тоифадагилар учун 50 дан 55 га узайтирилди. Офицер унвонли россияликлар учун ҳам ёш чегараси узайтирилган: эндиликда кичик офицерлар 60 ёшгача, катта офицерлар эса 65 ёшгача захирада деб ҳисобланиши мумкин. Олий офицерларнинг захирада бўлиш учун энг юқори ёши 70 ёшлигича қолди.

Давлат Думаси чақирувдан бўйин товлаганлик учун жаримани оширди, шунингдек ҳарбий хизматга чақирилган шахсларнинг чақирув қоғози махсус реестрга жойланган ондан эътиборан мамлакатдан ташқарига чиқишини тақиқлади. Мазкур тақиқ фуқаро унга чақирув қоғози ёзилганини билиши ёки билмаслигидан қатъий назар, татбиқ этилади.

Форум

XS
SM
MD
LG