Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:55

Украинадаги урушнинг илк кунлари Бучада 11 нафар ўзбек муҳожири бедарак кетди (ВИДЕО)


 Бучада йўқолган муҳожирлардан бири - Фирдавс Мажидов.
Бучада йўқолган муҳожирлардан бири - Фирдавс Мажидов.

Россиянинг Украинага урушининг илк кунлари Киев ва атрофида ишлаб келган 11 нафар ўзбекистонлик бедарак йўқолди. Сурхондарё вилоятидан бўлган меҳнат муҳожирлари билан алоқа узилганига 1,5 ой бўлгани айтилмоқда.

Озодликка маълумот берган Украинадаги “Айдар” батальони собиқ жангчиси, асли жиззахлик Шавкат Муҳаммад муҳожир йигитлар яқинлари билан охирги марта Киев вилояти Буча тумани Бузовая қишлоғидан алоқага чиққанини билдирди.

Озодлик ихтиёрида Бузоваяга қўшни бўлган Колоншчина қишлоғида маҳаллийлар томонидан олинган видео ҳам мавжуд.

Шавкат Муҳаммад ўзбек муҳожирлари рус зобитлари томонидан асирга олинган бўлиши мумкинлигини ҳам тахмин қилди:

- Менга ижтимоий тармоқлардан шахсийга хат келиб тушдики, 11 нафар ўзбекистонлик йигит қаттиқ жанглар бўлган Киев остонасида бедарак йўқолибди, деган. Бу маълумотларни таниш-билишларга тарқатдим. Болаларни излашни бошладим. Уларнинг Ўзбекистондаги қариндошлари топилди. 11 йигитдан 7 таси Сурхондарё вилоятининг битта маҳалласидан экан. Уларни таниган бир киши 8 кишининг паспорт нусхаларини менга юборди.

Булар асирда бўлган, кейин асирликдан қочиб, Киев остонасидаги бир қишлоқда 3 мартгача яшашган, ўша ердан охирги марта алоқага чиққан. Ҳозир хабар йўқ. Бу аҳоли пунктларида жуда қаттиқ жанглар бўлган, жуда кўп инсонлар ўлдирилган. Шунга ташвишланиб ўтирибман – ўша ерга бориб, қидирмоқчиман. Улар оддий ишчи муҳожир бўлган. Улар, менимча, руслар томонида асирда бўлган, - дейди Шавкат Муҳаммад.

У ўзбекистонлик муҳожирларнинг тақдирига ойдинлик киритишда улар билан боғлиқ ҳар қандай маълумот аҳамиятли эканини таъкидлайди:

- Менга шундай маълумотлар керакки, улар Украинада қаерда яшаган, қачондан бошлаб яшаган, қаерда ишлаган, ишхонасинг номи нима, кимлар билан дўстлашган, қайси номердан уйга телефон қилган, бирор сурат видео бўлса, мен уларнинг қаердалигини қадамма-қадам тиклаб, қидирув ишлари билан шуғулланмоқчиман. Шунинг учун ҳар бир майда маълумот мен учун жуда муҳим.

Киев вилоятининг Бузовая қишлоғи урушнинг илк кунлари рус ҳарбийлари томонидан эгаллаб олинган эди. Айнан шу қишлоқдаги тинч аҳоли вакилларининг оммавий қирғини дунёни ларзага солди.

Буткул вайрон қилинган Бузоваяда Россия кучлари томонидан содир этилган оммавий қотилликлар Ғарб давлатлари раҳбарлари томонидан “геноцид” деб аталди. Халқаро ҳамжамият рус армияси ва Россия ҳукуматини ҳарбий жиноятларда айблади. Путин режими бу айбловларни қатъиян рад этиб келмоқда.

Озодлик Бузоваяда бедарак кетган мигрантлар иши Украинадаги Ўзбекистон элчихонаси назоратида эканини ҳам аниқлади.

Ўзини Аброр деб таништирган Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси вакили сурхондарёлик болаларнинг бедарак кетганини тасдиқлади ва уларнинг Ўзбекистондаги яқинлари билан алоқада эканликларини айтди.

11 нафар экани айтилаётган бу муҳожирларнинг аксари Сурхондарё вилоятининг Денов туманидан.

Йўқолган муҳожирлар рўйхати
Йўқолган муҳожирлар рўйхати

Денов туман ҳокими ёрдамчиси Абдужалил Қодиров Озодлик билан суҳбатда бу йигитлардан бирини танишини айтиб, улар билан Украинада уруш бошланганидан бери алоқа узилганини тасдиқлади.

- Ўша рўйхатдаги болаларнинг биттасини мен таниб қолдим – Мажидов Фирдавс Ҳусайнович. У менинг маҳалладошим. Ҳозир ота-онаси билан боғланолмадим. Биламанки, бу бола Украина ҳудудида бедарак кетган. У бола ҳақида Интернетда ўқиб қолдим. 20-25 кундан бери алоқа йўқ у билан, ҳақиқатан. 4-5 мартлардан дом-дараксиз, менимча. Бу бола Сурхондарё вилояти, Денов тумани, Сунбула маҳалла фуқароси. Уйланмаган, ёши 23-24ларда. Лаваш пиширган у ерда. Оилада иккинчи фарзанд. Зора, хабар чиқиб қолса у ҳақда, - дейди Денов туман ҳокимлиги мулозими.

Бедарак кетган муҳожирлар рўйхати
Бедарак кетган муҳожирлар рўйхати

Бедарак кетган йигитларнинг кўпини шахсан таниганини айтган яна бир суҳбатдош эса, улар Киевда шаурма пишириб сотган бир тармоқ ишчилари эканини айтади.

- 1,5-2 ой бўляпти алоқага чиққанига. Охирги марта Бузоваяда бўлган. Свет ўчганидан кейин уларнинг телефон зарядкаси тугаган. Охирги марта телефонда гаплашганда, “Бизни жойимизга танклар келди”, деган. Шу телефон ўчганидан алоқа йўқ. Улар Киев шаҳридаги киоскаларда шаурма пишириб келган, бир-бирларини чақириб, ишлашаётганди. Киевда портлаш бўлганида улар қишлоққа қочган. 3 кунча қишлоқда турган. У ерда 50 тача одам бўлган. Уларнинг аксари машиналарда чиқиб кетган Польшага қараб. Бу 26-28 феврал кунлари содир бўлган. Булар аввал такси заказ қилган, лекин такси ўққа тутилган ва орқага қайтган. Йигитлар эса чиқиб кетмаган пиёда, қўрққан. Бу йигитлардан иккитаси йўлга чиқиб кетган ва Киев вокзалига етиб борган. Ҳозир улар Ўзбекистонга етиб келган, наригилар эса қолиб кетган.

Шавкат Муҳаммад Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси сурхондарёлик мигрантлар қидирувларида кўмаклашаётганини ҳам алоҳида таъкидлади.

Украинада 11 нафар ўзбекистонлик дараксиз кетди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:22 0:00

У 15 апрель куни Киев вилояти Буча туманига қарашли Колоншчина қишлоғида ўзбек муҳожирлари тушган видеотасвирни Озодликка тақдим этди. Видеода ўзбекистонлик эканини айтаётган йигитлар ўзларини таништиради:

- Амирқулов Улуғбек Нуриддинович. Ўзбекистон, Сурхондарё вилоятиданман. Мажидов Фирдавс Ҳусанович. Асқаров Алишер Алишерович. Сафаров Сиратулло Сайфуллоевич, Маҳмадражабов Камолиддин Усмонович, Сурхондарё вилоятиданман. Ботиров Муроджон Усмонович - Сурхондарё вилоятиданман. Ҳамраев Навруз Ҳасанович, Сурхондарё вилоятиданман. Сафаров Ҳумайни Абдураҳмонович. Абдуманноев Ҳамидулло Абдураҳмонович.

Озодлик видео 3 март куни Колоншчина қишлоғида олинганини аниқлади.

Абдуманноев Ҳамидулло
Абдуманноев Ҳамидулло

Қишлоқдаги ҳудудий ҳарбий бўлинманинг ўзини Леонид деб таништирган зобити мухбирларимиз билан телефон орқали суҳбатда ўзбекистонликларни кўрганини тасдиқлади:

- Бу йигитларни 28 еки 29 март куни учратиб қолдик. Улар Бузовой томонидан келяпти экан, у ерда бир неча кун ертўлада жон сақлашган экан. Улар Барязевка томонидан ариқ бўйлаб Колоншчинага келибди. Уларни маҳаллий база қоровули Илья ўз вагончасида жойлаштирди бир неча кунга. Уларга озиқ-овқат бердик, биттасини оёқ кийими лойга ботган экан – мен унга ўзимни этигимни бердим. Ҳужжатларини кўрсатишди, ҳаммаси жойида экан. 3 март куни чиқиб кетибди қишлоғимиздан, мен у ерда эмасдим. Биз транспорт билан уларга ёрдам беролмасдик, чунки отишма бошланди. Улар, билишимча, Киев трассаси томон Украина Қуролли Кучлари қўриқлаётган ҳудуд томон чиқиб кетган. Лекин кейинроқ менга у трассада рус снайперлари отаётгани, ҳеч кимни ўтказмаётганини айтишди. Ўзбек болалар тақдири кейин нима бўлди, билмайман, - дейди украиналик ҳарбий.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги берган расмий маълумотга кўра, уруш бошлангунча Украинада 4300 нафар ўзбекистонлик бўлган. Улар асосан, Украина университетларида ўқиётган талабалар, тадбиркорлар ва меҳнат муҳожирларидир. Ўзбекистон ҳукумати 26 та рейс билан 6 мингдан зиёд ўзбекистонликни уруш ҳаракатлари кетаётган ҳудудлардан олиб чиққанини маълум қилган.

Бироқ Озодликка келиб тушаётган хабарлардан Украина ҳудудида, жумладан, уруш ҳаракатлари кетаётган минтақаларда ҳануз ўзбекистонлик ватандошлар қолмоқда.

24 февраль тонгида Россия кучлари президент Путиннинг буйруғи билан Украинага бостириб кирди. Россия "махсус ҳарбий операция" деб атаган уруш ҳаракатларида ҳозиргача ҳар икки томондан минглаб ҳарбий ва тинч фуқаролар ҳалок бўлди. Ғарб давлатлари Россияни Украинага асоссиз ва ҳеч қандай сабабсиз уруш очиш, тинч фуқароларни нишонга олиш ва оммавий қотиликлар содир этишда айблайди. АҚШ президенти Жо Байден рус ҳарбийлари Киев яқинидаги Буча шаҳрида содир этган оммавий қотилликларни "геноцид" деб атади. Гаагадаги Халқаро жиноят суди Украинада содир этилган ҳарбий жиноятларни тергов қилмоқда.

XS
SM
MD
LG