Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:06

Президент келишига экилган гулларни суғоришга чиқарилган уч ҳашарчи аёл, машина уриб, ҳалок бўлди


Андижон вилояти, Жалақудуқ тумани тиббиёт бирлашмаси ходимлари мажбурий ҳашарда
Андижон вилояти, Жалақудуқ тумани тиббиёт бирлашмаси ходимлари мажбурий ҳашарда

Андижон вилоят, Асака туманининг ободонлаштириш бўлимига ёрдам сифатида маҳалладан юборилган, катта йўл четидаги гулларни суғораётган уч нафар аёлни 16 май куни эрталаб Cobalt автомобили босиб кетди.

Аёллардан икки нафари воқеа жойида ҳалок бўлди, бир нафари эса касалхонада вафот этди.

Аёллар президент ўтиши эҳтимоли бўлган автомобиль йўли четида ишлаётган бўлган. Шу куни Андижон вилоятига президент Мирзиёев келди.

Асака туман ички ишлар бўлимидан олинган маълумотга кўра, автомобиль ҳайдовчиси воқеа жойидан қочиб кетган ва қидирув эълон қилинган.

Ўзбекистон президенти 16 май куни Андижон вилоятига сафар қилди.

Шу куни эрта тонгдан Асака туманининг ободонлаштириш бўлими ишчилари ва маҳалладан юборилган аёллар президент ўтиш эҳтимоли бўлган йўлларни тозалашга, экилган гулларни суғоришга сафарбар қилинди.

Асака туманининг Дастурхончи қишлоғида яшайдиган, исми сир қолишини сўраган маҳалла фаолларидан бирининг айтишича, уларнинг қишлоғидан юборилган уч аёлни машина босиб кетган:

“Бизнинг маҳалладан ҳам аёллар ободонлаштириш ишларига жалб қилинган эди. Йўл четидаги гулларга сув қуйишга чиқарилган. Бугун эрталаб, Қадим қипчоқ йўлида аёлларни машина уриб юборибди, деган хабарни эшитганимдан сўнг воқеа жойига бордим. Ўша ердаги қизлардан бири билан суҳбатлашдим. Унинг айтишича, катта тезликда келган Кобалт машинаси Омадхон, Фазилатхон, Барчин опаларни уриб юборибди. Омадхон билан Фазилатхон ўша жойнинг ўзида жон таслим қилибди, Барчин опани эса йўловчилардан бири машинада касалхонага олиб кетибди. Ҳозиргина у опанинг ҳам вафот этганини эшитдик. Кобалт ҳайдовчиси воқеа жойидан қочиб кетган”.

Асака туман ободонлаштириш бўлимида ишлайдиган, исми сир қолишини сўраган ишчилардан бирининг айтишича, бу аёллар доимий ишчи бўлмаган:

“Бу аёллар жамоатчиликдан келган аёллар, ободонлаштириш бўлимининг доимий маош олиб ишлайдиган ишчилари эмас. Уларни бригада қилиб, сариқ форма бериб ишлатишади”.

Ўзини Валижон деб таништирган Асака туман ободонлаштириш бўлимининг бошлиғи Озодлик саволларига жавоб беришдан бош тортиб, алоқани узиб қўйди.

Асака туман ички ишлар бўлимининг ўзини таништирмаган мулозими, бу автоҳалокатда уч нафар аёл ҳалок бўлганини тасдиқлади:

“Уларни Кобалт русумли автомобиль уриб юбориб, ҳайдовчи воқеа жойидан яширинган. Ҳозир прокуратура ва ички ишлар терговчилари бу воқеани биргаликда ўрганишмоқда. Бу аёллар ҳашарчилар бўлган, лекин устларида нурда товланадиган формаси бор экан. Айни пайтда, тезкор тадбир эълон қилиниб, ҳайдовчи ва унинг машинаси қидирилмоқда”.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизматининг Озодликка билдиришича, ҳалок бўлган аёллар ҳашарчи эмас, ободонлаштириш бўлимининг ишчилари бўлган.

Президент келишига одамлар бутун вилоят бўйлаб мажбурий меҳнатга жалб қилинди

Андижон вилоятида президент ташрифидан олдин бюджетдан маош олиб ишлайдиган ташкилотлар ходимлари мажбурий меҳнатга жалб этилгани ҳақида Озодлик 15 май куни мана бу хабарни олган эди:

“Жалақудуқ туманида Президент ташрифидан олдин барча ташкилот ходимлари магистрал йўлни тозалашга ҳоким томонидан жалб қилинмоқда. Энг ачинарлиси тиббиёт ходимлари, барча ҚВП мудиралари раҳбарлигида, рўза оғиз билан офтобда иш қилишиб юришибди. Бу маддоҳ раҳбарчаларнинг харакати натижасида, фуқароларда давлат раҳбарига нисбатан салбий фикр пайдо бўлишига олиб келади. Муносабат билдирай десам, бизникилар индама дейди. Биргина тиббиётнинг ўзидан юзлаб ходим Жалақудуқдан Қўрғонтепагача бўлган масофани бўлиб олишиб, йўлни тозалашга ва фермер ерларидаги ўтларни юлишга мажбурланмоқда”.

Муштарий бу айтганларига исбот сифатида тиббиёт ходимлари мажбурий меҳнатга жалб қилингани ҳақидаги суратларни ҳам илова қилди.

Андижон вилояти, Жалақудуқ тумани тиббиёт бирлашмаси ходимлари мажбурий ҳашарда
Андижон вилояти, Жалақудуқ тумани тиббиёт бирлашмаси ходимлари мажбурий ҳашарда

Ўзбекистонда мажбурий меҳнат олиб чиқилган ходимларнинг бахтсиз ҳодисага учраши биринчи марта содир бўлаётгани йўқ.

Ўтган йилнинг 14 март куни Самарқанд вилоят, Каттақўрғон туманидаги мактаб ўқитувчиси, 23 ёшли Диана Еникеева президент келишига кўчаларни супириб-тозалашга мажбуран чиқарилганда,уни юк машинаси уриб юборган, ўқитувчи воқеа жойида ҳалок бўлган эди.

Президент кўзбўямачиликни танқид қилган, лекин бу давом этяпти

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 13 апрель куни Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида ўтказилган йиғилишда Диана Еникееванинг кўча супуришга чиқарилганида машина уриб кетганини билишини айтар экан, бу учун президент ўзини ҳам айбдордек ҳис қилган:

“Мен самарқандлик ўқитувчининг вафоти ҳақида эшитдим. Қанақадир директор, раҳбар ёки ҳоким қачондир меҳмон келади, деб икки-уч кун олдин айтган. Лекин, менинг юрагимда бу худдики, мен туфайли юз бергандек туюлди. Яна бир бора ва сўнгги марта барча раҳбарларни алоҳида огоҳлантираман: бундан буён биронта ҳудудда ўқитувчи, шифокор ёки талабалар ободонлаштиришга жалб этилса, жазо жуда қаттиқ бўлади. Ишдан олиш билан бирга ўша раҳбар қонун олдида жавобгар бўлади. Менга фарқи йўқ, жуда катта хизмат қилган ҳоким бўлса ҳам, у ишдан кетади. Мен буни айтишга мажбурман, чунки бу давом этмоқда”, деган президент.

Шавкат Мирзиёев унинг вилоятларга боришига тайёрланаётган кўзбўямачилик ишларни ҳам танқид қилар экан, жойлардаги аҳволни ўзи жуда яхши билишини айтган:

“Мен осмондан пайдо бўлиб, тушиб келмайман: бир кун олдин қайси вилоятга ташриф буюришим ҳақида маълумот етказилади. Лекин, кўп жойларда кўзбўямачиликка йўл қўйилмоқда. Очиғи, менга бу ноқулай, менда нафрат уйғотмоқда. Ўқитувчиларни мажбурлаб чиқариб қўйиб, ободонлаштириш, уларга кўча супуртириш, тайёргарлик​ка жалб этиш - сиёсатга хиёнат. Бу ҳаракатлар фақат менга эмас, сиёсатга ҳам хиёнат”, деб айтган президент.

Президент фикрича, ҳокимлар мажбурий меҳнат билан ўзларига раҳмат эмас, балки лаънат олмоқда:

“Мен девор ортида нима борлигини, Ўзбекистонда қайси кўча супурилгани ё ободлигини жуда яхши биламан. Битта нарсани айтмоқчиман: йўлни супурганингиз билан ҳеч нима ўзгармайди, одамлар раҳмат демайди, лаънат айтади. Бизни дўстларимиз ҳам кўп, душманларимиз ҳам. Сиз мана шу ишларингиз билан душманларнинг тегирмонига сув қуймоқдасиз. Бутун вилоятлар ва туманлар раҳбарлари, мана шуни билиб олинг”, деган эди президент.

XS
SM
MD
LG