Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:44

Туркманистондан "буюк кўчиш". Аҳоли қашшоқлик ва қатағондан қочмоқда. Ўзбекистон чегара пунктини ёпди


Шовот-Тошовуз чегара пункти.
Шовот-Тошовуз чегара пункти.

Ўзбекистон Туркманистон билан чегарасидаги “Фароб-Олот” чегара пунктини вақтинча ёпди. Сўнгги ойларда айнан шу ердан Туркманистондан Ўзбекистонга кўчиб ўтувчилар кўпайгани ҳақида хабарлар олинган.

Ўзбекистон ДХХ Чегара қўшинлари хизмати маълумотига кўра, назорат-ўтказиш пункти жорий йилнинг 20 ноябрида ўз фаолиятини тўхтатган.

Расмий баёнотда ўткир-респиратор касалликлар тарқалишининг олдини олиш мақсадида бундай чорага қўл урилгани айтилади.

Ҳозирча чегара пункти қачон қатнов учун очилиши ҳақида аниқ маълумот йўқ.

Туркманистоннинг Тошовуз ва Ўзбекистоннинг Хоразм вилояти орасидаги “Шовот” чегара пункти эса ёпилмаган. Ўзбекистон Чегара қўшинларининг Хоразм вилоятидаги ходими Озодликка бу ҳақда айтди.

“Лебап-Бухоро орасидаги чегара пункти ёпилган, Тошовуз-Хоразм пункти очиқ”, - деди Чегара хизмати ходими 7 декабр куни Озодлик билан суҳбатда.

Ўзбекистонга сўнгги ойларда айнан Туркманистоннинг Лебап вилоятидан этник ўзбеклар кўчиб ўтиши кўпайганди.

Бухоронинг Олот туманида яшовчи блогер Феруз Чориев Озодликка Ўзбекистонда хорижликларнинг кириш ва қайдга туриш тартиби юмшатилгандан сўнг, қўшни Туркманистондан келувчилар сони ортганини айтди.

“Турист визалари билан кўп ўтишяпти. Икки кун олдин Фароб чегара постидан икки йигитни олдим. Таксичилик ҳам қилиб тураман. Врач экан улар. Шаҳар марказигача гаплашиб кетдик. Уларда газ, свет бор ва коммунал тўловлар биздагига қараганда арзон ҳам экану, лекин, озиқ-овқат, ун ниҳоятда қимматлаб кетибди, ойликлар биздагига қараганда жуда кам экан. Туркманлар ҳам келяпти, ишлашга, сўнгги пайтда жуда кўпайган. Самарқанд ва Бухоро орқали самолётда Россия ёки Туркияга кетувчилар ҳам ўтади”, - дейди Чориев.

Озодлик Хоразм ва Бухоро вилоятларига кўчиб келган камида уч туркманистонлик билан суҳбатлашди.

“Тошовузга келин бўлиб тушганман, ўзим Шовотдан. У вақтда чегаралар очиқ эди. Эрим тошовузлик ўзбеклардан, у Тошкентда Ирригация институтида ўқиган, олий маълумотли. Мен Урганчдаги пединститутни тамомлаганман. Лекин, ишсиз қолдим. Чунки, Тошовуздаги ҳамма ўзбек мактабларини ёпишди. Эрим ҳам ишсиз қолиб кетди. Мен ўзбек фуқаролигимни йўқотмаганман. Ҳужжатларни расмийлаштириб турмуш ўртоғимни ҳам бу ерга кўчирдик. Қизимиз Урганчда олий ўқув юртида ўқиди. Шовотда ота ҳовлимизда яшаб турибмиз”, - дейди Норжон.

Ўзбекистонга Туркманистондан мавсумий иш учун келувчилар ҳам кўпайган.

“90 кунлик виза билан Хоразмга келиб, қурилишларда уч ой ишлаб қайтиб кетишяпти. Ойига эллик долларга ишлашга рози бўлишяпти. Қаерда қурилиш бўлса, Тошовуздан келган ишчиларни кўрасиз”, - дейди хоразмлик блогер Анвар Собиров.

Ўзбекистоннинг Хоразм ва Туркманистоннинг Тошовуз вилоятлари орасидаги чегара пункти ёпилмаган.
Ўзбекистоннинг Хоразм ва Туркманистоннинг Тошовуз вилоятлари орасидаги чегара пункти ёпилмаган.

Қашшоқлик ва қатағондан қочиб

Туркман инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи раҳбари ва "Хроника Туркменистана" сайти бош муҳаррири Фарид Тухбатуллиннинг Озодликка айтишича, Туркманистондаги нафақат қашшоқлик, иш ҳақи пастлиги, балки этник камситиш ва қатағонлар ҳам этник ўзбекларни кўчишга ундаётган омиллардан.

“Лебап ва Тошовуздан кўплаб этник ўзбеклар кетишяпти. Олдинига 90 кунлик сайёҳлик визасини олиб Ўзбекистонга ўтишади, Бухоро ёки Хоразмдаги қариндошлариникида яшашади, вақтинчалик прописка қилдиришади. Кейин расмий ҳужжатларни тўплаб, қонуний йўллар билан Туркманистондан оилаларини олдириб келишяпти. Уйларини сотиб, бутунлай Ўзбекистонга кўчиб ўтишяпти. Ёз ойларидан бери сўнгги олти ойда кўчиш кўпайди. Аниқ сонини айтолмайману, лекин жуда кўп одам кўчиб ўтяпти. Иқтисодий қийинчиликлардан ташқари, этник ўзбеклар юз тутаётган муаммолар бор, фарзандлари ўқийдиган ўзбек мактаблари йўқ. Ўзбек телеканаллари блокланган. Ўзбеклар кўп яшайдиган туман ёки маҳаллаларга қўшни туманлардан туркманларни кўчириб келиб раҳбар лавозимларига қўйишяпти. Ишга ҳам биринчи навбатда туркманлар олиняпти. Мактабларда, жамоат жойларида туркман либосларини кийишга мажбурлашяпти. Бундай шароитда этник озчиликларни тарихий ватанларига кетишдан бошқа чораси қолмаяпти”, - дейди Тухбатуллин.

Расман Туркманистонда 6,5 миллиондан зиёд аҳоли истиқомат қилади, уларнинг 8-10 фоизи ўзбеклар экани айтилади.

Ўн йил аввал бу мамлакатда мактабларда ўзбек тилида таълим бериш бутунлай тўхтатилганди.

Совет даврида очилган ўзбек мактабларининг ҳаммаси туркман тилида сабоқ беришга ўтказилган.

Сўнгги йилларда эса ўзбек тилидаги оммавий ахборот воситалари ёпилди, ўзбек каналлари ёйинлари тўсилмоқда.

Туркман инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи раҳбари ва "Хроника Туркменистана" сайти бош муҳаррири Фарид Тухбатуллиннинг Озодликка айтишича, Туркманистонда ўзбеклар кўп яшовчи ҳудудларда маҳаллий раҳбарлик лавозимлари ҳам туркманларга берилади. Шу асно айрим ўзбеклар миллатларини ўзгартириш босими остида қолишган.

“Азалдан ўзбеклар яшайдиган қишлоқ ёки туманларга бошқа вилоятлардан туркманлар раҳбар этиб тайинланяпти. Ўзбек марказлари ёпилган. Яқин-яқинларгача Туркманистондаги этник ўзбеклар Ўзбекистон телеканалларини кўриш имконига эга эди. Ҳозир бу ҳам имконсиз, Ўзбекистондан теле ва радиосигналлар тўсиляпти. Ўзбекча газеталар йўқ”, - дейди Тухбатуллин.

Ўзбекистондаги расмий статитикага қаралса, 2023 йил январь–сентябрь ойларида Ўзбекистонга хориждан кўчиб келганлар сони 168 минг кишини ташкил этган.

Мамлакатга хорижий давлатлардан кўчиб келганларнинг асосий қисми, яъни 38 фоизи Россия фуқаролари бўлган.

Кўчиб келганганларнинг 1,6 фоизи туркман фуқаролари.

Кўчиб келганларнинг ўсиш суръати энг юқори даражаси Бухоро, Самарқанд, Навоий, Хоразм вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистонда кузатилган.

Ўзбекистоннинг Хоразм, Қашқадарё ва Бухоро вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Туркманистон билан умумий чегарага эга. Икки мамлакат ўртасидаги чегара узунлиги 1 минг 650 километрни ташкил этади.

Туркманистонга, асосан, тўртта чегара пости орқали ўтилади. Булар Хоразмнинг "Дружба" ва "Шовот" постлари, Бухоронинг Олот тумани Фароб чегара пости ҳамда Қорақалпоғистоннинг Хўжайли чегара постларидир.

“Бу келаётганларни орасида статистикага тушмаганлар анча кўп бўлиши мумкин. Чунки айтганимдек, олдинига булар сайёҳлик визаси билан турист сифатида боришяпти. Шунинг учун стаститикада кўпчилиги қайд этилмаган бўлишлари мумкин”, - дейди Тухбатуллин.

Туркманистонлик ёзувчи ва журналист Худойберди Ҳоллининг айтишича, Ўзбекистон ва Туркманистон чегараси атрофида яшовчи минглаб аҳолини қариндош-уруғчилик ришталари боғлаб туради.

“Туркманистонда ўзга элат мактабларини ёпиб қайтанга мамлакатни хароб қилишяпти. Олдин қозоқлар кетиб олди, мана энди ўзбеклар кетяпти. Туркманистонда Совет давридан буён оила қуриб яшаётган ўзбеклар бор. Туркманистоннинг Лебап ва Тошовуз вилоятларида этник ўзбекларнинг авлодлари яшаб келади. Улар асосан деҳқончилик билан шуғулланишади. Қозоқлар кетиб чорвачилик барбод бўлди, мана энди пахтачилик, деҳқончилик барбод бўлиш ёқасида”, - дейди Худойберди Ҳолли.

Айни пайтда Туркманистонда қарийб ярим миллион этник ўзбек истиқомат қилиши ва улар Туркманистон жами аҳолисининг 12 фоизини ташкил этиши айтилади.

Ўзбекистоннинг Хоразм, Сурхондарё вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида эса 150 мингдан зиёд этник туркман яшайди.

“Ҳозир Туркманистон чегараларини очиб ташласа аниқ айта оламанки, аксар аҳоли мамлакатдан кетади. Ҳозир эллик ёшдан тепадагилар ҳам кетяпти. Ўттиз долларлик нафақага ким кун кўриши мумкин? Яқин-яқинларгача туркманлар учун қочиш нуқтаси Туркия бўлган бўлса, ҳозир қаерга имкон туғилса, туркманлар шу ерга кўчяпти. Россия, ҳатто Жанубий Корея, Мексика орқали Америкага, Дубайга кетаётганлар кўп”, - дейди Мятиев.

Тақиқлар мамлакати

Туркманистон дунёнинг энг ёпиқ, инсон ҳуқуқлари қўпол равишда поймол этилувчи давлатларидан бири ҳисобланади.

Туркманистоннинг собиқ президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ит ва отлари, Рембога ўхшаш ҳарбий кўринишида ўқ узиши, DJлик қилиши, спорт машиналарида пойга ўйнаб, қирувчи самолётларда кино қаҳрамонлари сингари осмонга кўтарилиши билан ном чиқарган эди.

Бердимуҳамедов шеърлар ёзади, отлар ҳақида реп айтган, шунингдек чой, доривор гиёҳларга бағишлаб китоблар ёзган.

Туркманистон ажабтовур тақиқлар мамлакати ҳамдир.

Бу давлатда аёлларга машина ҳайдаш тугул автомобил воситасининг олд ўриндиғида ўтириш ҳам тақиқланган.

Қолаверса, бу мамлакатда аёлларнинг тор кийим кийиши, киприк ёки тирноқ ўстириши, пластик операциялар қилдириши, лабини ботокс қилдириш тақиқлангани жаҳон матбуоти эътиборига тушган.

Давлат матбуотни тўла назорат қилади, хориждаги ахборот сайтларига тўсиқ қўйилган.

Туркманистондаги ўзбеклар асосан, Ўзбекистонга билан чегарадош ҳудудларида яшашади.

Туркманистон Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев 2016 йилда ҳокимиятга келганидан бери энг кўп сафар қилган минтақа давлатларидан биридир.

Ўтган 7 йилда ўзаро борди-келдилар кўпайган.

Гарчи томонлар ўрталарида ҳал этилмаган бирор бир масала қолмаганини айтишса-да, виза ва чегара муаммоларига оид кўплаб саволлар очиқ қолмоқда.

Икки давлат чегараолди ҳудудлари аҳолиси учун визасиз уч кунлик ўтиб-қайтиш тартиби амал қилган пайтлар ҳам бўлган.

Ҳозир бу тартиб амалда эмас. Чегараолди аҳолиси ҳам виза олишга мажбур. Тошовузда яшовчилар Хоразмга бориш учун Ашхободдаги ўзбек консуллигига бориб тўқсон кунга виза олишлари керак.

Чегара пункти ёпилиши ортидан визаси борлар Ўзбекистонга фақат учоқда сафар қилишлари мумкин бўлади.

Форум

XS
SM
MD
LG