Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:32

Очлик, руҳий ва жинсий зўравонлик. Туркманистон Болалар уйларидаги аҳвол


Туркманистон президенти Сардор Бердимуҳамедов Ашхободдаги Болалар уйида. Май, 2022 йил.
Туркманистон президенти Сардор Бердимуҳамедов Ашхободдаги Болалар уйида. Май, 2022 йил.

Туркманистон давлат оммавий ахборот воситалари кўпинча мамлакатдаги Болалар уйларини болалар учун хавфсиз ва бахтли жой сифатида тасвирлайди.

Аммо Марв шаҳридаги болалар уйида ўсган 27 ёшли Моҳим (исми ўзгартирилди) айтишича, воқелик бундан бутунлай бошқача.

Моҳим оч қолдирилганини, жисмоний ва руҳий зўравонликка дучор бўлганини эслайди. У яна етим болаларни пахта далаларида ишлатишларини таъкидлади.

"Болалар уйида ҳар хил одамлар ишлайди – ёмони ҳам, яхшиси ҳам бор. Аммо болалар уйи раҳбари ва айрим тарбиячилар шунчаки ёвуз эди," дейди у Озодлик радиосининг Туркман хизматига.

Моҳимнинг айтишича, тарбиячилар ҳимоясиз, шикоят қилишга ҳеч кими бўлмаган етимларни "шафқатсизларча" калтаклайди ва қўрқитади.

"Агар бола бирор нарсани синдирса ёки тарбиячиларнинг кўрсатмаларига бўйсунмаса, улар бақириб, уриб, ҳақорат қилишарди," дейди Моҳим. "Аслида, барча тарбиячилар бизни мунтазам равишда калтакларди. Улар кўпинча сонимни ва кўкрагимни чимчилаб олишарди."

Туркманлар қашшоқлик ва қатағондан Ўзбекистонга қочмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:21 0:00

Авторитар Туркманистонда давлат муассасалари қарамоғидаги етим болалар сони ҳақида очиқ маълумот йўқ.

Давлат оммавий ахборот воситаларида кўпинча бенуқсон кийинтирилган болалар уйи тарбияланувчилари юқори мансабдор шахслар, шу жумладан, мамлакат президенти билан суратга тушгани, улар муассасаларга ташриф буюргани ёки Янги йил ва бошқа байрамлар муносабати билан уларга совғалар юборгани кўрсатилади.

Болалар баъзан мактаб саёҳатларида, концертларда ёки машҳур инсонлар билан учрашувда кўрсатилади.

Аммо ёпиқ эшиклар ортида ва камералардан узоқда етим болалар қўрқитилади, уларга таҳдид қилинади ва улардан фойдаланилади, дейди Моҳим. У яна болалар ҳатто бошланғич таълимдан ҳам мосуво эканини қўшимча қилади.

"Биз ўқитувчиларни ойига бир-икки марта кўрардик. Битта ўқитувчи бир нечта фанни ўқитарди, дейди Моҳим. – Шунинг учун болалар уйларида ўсган кўпчилик болалар саводсиз; улар ўқиш ва ёзишни билишмайди. Тарбиячилар бизга тез-тез таълим кераксиз эканини айтишарди."

Моҳим, шунингдек, ўзи яшаган Марв болалар уйидаги ходимларни, айниқса, ошпазлар ва тарбиячиларни болалар учун ажратилган озиқ-овқатни уйларига олиб кетишда айблайди.

Моҳимнинг айтишича, болаларга фақат қайнатилган макарондан сал кўпроқ нарса қоларди, етимлар фақат кимдир уларга хайрия сифатида овқат олиб келгандагина тўйиб овқатланишарди.

Жинсий таҳқир ва бола меҳнати

Моҳим етимхонадаги баъзи ўсмир қизларни ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходими билан жинсий алоқага мажбурлашганига гувоҳ бўлганини таъкидлайди.

Моҳим ўз етимхонасидаги жинсий эксплуатация қанчалик кенг тарқалгани ҳақида батафсил маълумот бермади. Бироқ, унинг айтишича, 2013 йилда ишга олинган аёл тарбиячи бир нечта қизни полициячи билан жинсий алоқага мажбурлаган. Моҳимнинг айтишича, бу полициячи тарбиячининг қариндоши бўлган.

"У 15 ёшдан 17 ёшгача бўлган чиройли қизларни танлаб, уларни [полициячи] билан ётишга мажбур қиларди, – дейди Моҳим. – Бўйсунмаганларни урарди."

Марв шаҳри расмийлари Озодлик радиосининг изоҳ сўровига жавоб бермади. Озодлик радиоси Моҳимнинг айбловларини мустақил равишда тасдиқлаш имконига эга эмас, аммо илгари бошқа бир неча туркман етимхоналаридан чиққанлар ҳам муассасаларда ўзлари бошдан кечирган ёки гувоҳ бўлган зўравонликлар ҳақида гапирган.

Марвдаги 12 ёшдан катта етимлар пахта терими мавсумида давлат учун пахта теришга мунтазам равишда мажбурланарди, деб таъкидлайди Моҳим.

"Биз пахта даласида тушлик қилиб, кечқурун етимхонага қайтардик, – дейди у. – Баъзи тарбиячилар болаларни уйларида уй ишларини бажаришга ҳам мажбур қилишарди."

Туркманистон ҳукумати ўқувчиларни, давлат ва хусусий сектор ходимларини ҳамда аскарларни жазо таҳдиди остида пахта теришга мажбурлагани учун танқидга учраган.

Отасидан Туркманистон президенти лавозимини олаётган Сардор Бердимуҳамедов ҳақида 5 факт
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:42 0:00

Жазосизлик

Моҳимнинг фикрича, Туркманистондаги Болалар уйлари ходимлари ҳимоясиз, шикоят қилишдан қўрқадиган ва ҳимоя қиладиган ҳеч кими бўлмаган болаларга нисбатан зўравонлик деб таърифланган қилмишлари учун жазодан қутулиб кетишади.

У болаликдаги дўсти Оиша ҳақида ҳикоя қилади. Оиша етимхона ўғил болаларидан бири билан учрашишни бошлаган ва 15 ёшида ҳомиладор бўлган. Оиша етимхона директорининг аборт қилиш талабларига қаршилик кўрсатган, аммо ҳомиласи тушиб қолган, дейди Моҳим.

"Миш-мишларга кўра, ходимлар Оишанинг овқатига аборт дориларини қўшишган. Фарзандини йўқотгандан сўнг, Оишада руҳий муаммолар пайдо бўлди ва у руҳий касалликлар шифохонасига ётқизилди," дейди Моҳим ва дўстининг кейинчалик шифохонада вафот этганини қўшиб қўяди.

"Директор ва тарбиячилар бизни, агар Оиша ҳақида бирор кишига айтсак, ҳаётимизни жаҳаннамга айлантиришларини айтиб қўрқитишди," дейди Моҳим.

Етимхона тарбияланувчиларининг муаммолари улар 18 ёшга тўлганларидан кейин ҳам давом этади, чунки муассасалар уларни мустақил ҳаётга тайёрламайди, дейди Моҳим.

Молиявий маблағлар ва қўллаб-қувватлаш тизими йўқлиги сабабли, етимхона битирувчилари кўпинча жамиятга мослаша олмайди. Баъзилари жиноятга қўл уради.

Қонунга кўра, Туркманистондаги Болалар уйлари битирувчилари ижтимоий уй-жой олиш ҳуқуқига эга, аммо уларнинг кўпчилиги, давлат қарамоғида ўсган, Лебап вилояти турғуни сўзларига кўра, яшаш жойи учун бир неча йил кутишга мажбур бўлади.

Бунинг ўрнига, ҳокимият Болалар уйларидан чиққан аёлларни қариялар уйларига жойлаштиради ва ўғил болаларни мажбурий равишда ҳарбий хизматга юборади, дейди лебаплик аёл шу йил бошида Озодлик радиосига.

Моҳим ҳам, Лебапдаги Болалар уйларининг собиқ тарбияланувчиси ҳам давлат қарамоғидаги туркман етимларининг аҳволига эътибор қаратиш учун ўз тажрибалари ҳақида гапиришга қарор қилганларини айтишди.

Форум

XS
SM
MD
LG