Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:53

Қўқон туғруқхонасида 27 яшар аёл "врачларнинг эътиборсизлиги" оқибатида комага тушиб вафот этди


Марҳуманинг яқинлари туғруқхонага кислород балонларини ҳам ўзлари сотиб олиб келганларини айтмоқдалар.
Марҳуманинг яқинлари туғруқхонага кислород балонларини ҳам ўзлари сотиб олиб келганларини айтмоқдалар.

Қўқонлик 27 яшар Муштарий Ғаниева, эрининг айтишича, шаҳар туғруқхонаси врачларининг эътиборсизлиги оқибатида туғруқдан сўнг вафот этди. Муштарийнинг ортида чақалоғи ва 7 ёшли қизи қолди.

Марҳуманинг эри Даврон Ғаниев касалхонада оғир аҳволда ётган хотини учун сунъий нафас олдириш аппаратини вилоятдаги бошқа касалхоналардан излаганини ҳам айтиб берди.

Фарғона вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъулларидан бири аёлнинг вафот этганини тасдиқлади, вилоятдаги касалхоналарда мавжуд техника воситалари эскирганини тан олди.

Бошқарма масъулларидан яна бирининг айтишича, ҳозирда Фарғона вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг раҳбарияти Қўқон шаҳрида бу ходисани жойида ўрганмоқда.

"Шифокорлар хотинимнинг комага тушиб қолишига сабаб бўлишди"

Муштарий Ғаниеванинг турмуш ўртоғи Даврон Ғаниевнинг Озодликка айтишича, 17 декабрь куни Қўқон шаҳар туғруқхонасига ётқизилган хотини 2 январь куни оламдан ўтган.

- Кўпайишганимиздан кейинги аҳволи жуда чатоқ эди. Кучанганда майда қон томирлари ёрилиб кетган экан. Врачлар “бу ўтиб кетадиган нарса”, деб эътибор беришмади. Аммо хотинимнинг ичидан қон келаверди. Врачларга “текширинглар” десам, “Бу туғруқники, ўтиб кетади”, деб жавоб беришди. 20 декабрда охири хушидан кетиб, комага тушиб қолди. Шундан сўнг Фарғонадан келиб операция қилишди. Аммо 2 январь куни хотиним узилди,- деди Даврон Ғаниев.

Муштарий Ғаниеванинг чақалоғи ҳозирда отаси қарамоғида. Даврон Ғаниевга кўра, қиз чақалоқнинг саломатлиги яхши. Муштарий ва Давроннинг бундан ташқари 7 ёшдаги қизи ҳам бор.

Даврон Ғаниевнинг айтишича, операциядан сўнг Муштарий Ғаниевани сунъий нафас олдириш аппаратига улаш керак бўлган. Бироқ туғруқхонада сунъий нафас олдириш аппаратигина эмас, кислород баллонлари ҳам йўқ бўлган.

- Шлангни оғзига тиқиб, бинт билан ўраб нафас олдиришди. Кислород баллонлари ҳам йўқ. Ҳар бир баллонни 50 минг сўмдан ўзим Данғарадан тўлдириб олиб келиб турдим. Шавкат Миромонович янги президент бўлганларида айни мана шундай туғруқхоналардаги муаммоларни кўтарган эдилар-ку?! Орадан икки йил ўтиб, эсдан чиқарилдими, ҳаммаси? Оддийгина нафас олдирувчи аппаратини ҳам Данғарадаги “экстренний”дан олиб келинглар деяпти. Уни ҳам ҳокимдан, ундан-бундан сўраш керак экан. Хуллас, икки ярим соатда аппаратни жияним орқали топиб келдим. Сизларга ташлаган видеода бор бу, ўша олиб келган аппаратим ҳам ишламаяпти, - деди Даврон Ғаниев.

"Туғруқхонада сунъий нафас олдириш аппарати ҳам, кислород баллонлари ҳам топилмади"
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:44 0:00

"Раҳбарларимиз икки кундан бери Қўқонда, воқеани ўрганишаяпти"

Қўқон шаҳар туғруқхонасининг бош шифокори ўринбосари бу воқеа юзасидан Озодлик радиосига маълумот беришдан бош тортди.

Озодлик мухбири Фарғона вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг масъул ходимлардан бири Қўқонда ҳақиқатан ҳам туғруқдан сўнг 27 ёшли аёл вафот этганини тасдиқлади, аммо воқеа тафсилотларидан хабарсиз эканини айтди.

Унга кўра,икки кундан бери вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарлари Қўқон шаҳрида юрибди ва у ерда туғруқхонадаги воқеа тафсилотларини ўрганмоқда. Бу расмийнинг билдиришича, Марғилон ва Қўқон туғруқхоналари ўтган йилда замонавий таъмирдан чиқарилиб, янги техник воситалар билан таъминланган.

"Сунъий нафас олдириш аппаратларимиз эски, кўпи ишламайди"

Бироқ Фарғона вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг бошқа бир масъул ходими вилоятдаги касалхоналарда сунъий нафас олдириш аппаратлари ва кислород баллонлари мавжудлигини, лекин кўп ҳолатларда улар ишламаслигини, яъни бузуқлигини айтди.

“Сунъий нафас олдириш аппаратлари йўқ деб бўлмайди. Бор. Лекин ишламаслиги мумкин. Жуда кўп аппаратларимиз эски, кўплари бузилган. Шунинг учун янги тиббий техник воситаларга буюрмалар берганмиз. 2020 йилдан бу воситалар вилоятимизга кела бошлайди. Уларнинг келишига қараб, касалхоналарга бўлиштириб берамиз”, - деди расмий.

Президентнинг қарори бор, аммо ҳозирча эски ҳаммом, эски тос

Президент Шавкат Мирзиёев 2019 йилнинг ноябрида "Репродуктив ёшдаги аёллар, ҳомиладорлар ва болаларга кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифатини ошириш ва кўламини янада кенгайтириш тўғрисида”ги қарорни имзолалаган эди.

Қарорда "ҳомиладор аёллар ва болалар учун ихтисослаштирилган юқори технологик тиббий хизмат кўрсатадиган муассасаларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, шунингдек, уларнинг биноларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва янгиларини қуриш”га кўрсатма берилган.

Аммо бугунги кунда Ўзбекистондаги туғруқхоналар ва касалхоналарнинг замонавий талабларга жавоб бермаётгани тўғрисида Озодликка хабарлар келиб турибди.

Жорий йилнинг январида Сурхондарёнинг Ангор туман марказий касалхонасида электр таъминотидаги узилишлар сабаб, сунъий нафас олиш қурилмаси ишламай қолаётгани, натижада шифокорлар ёки беморларнинг қариндошлари қурилмани қўли билан сиқиб, беморларга кислород беришга мажбур бўлаётгани хабар қилинган.

Жиззах вилояти Тиббиёт бирлашмасининг туғруқ комплексида 2019 йилнинг 21 декабрь куни 29 яшар ҳомиладор аёл оламдан ўтди. Унинг қорнидаги етти ойлик ҳомиласи ҳам нобуд бўлди.

Қашқадарёнинг Косон тумани Тиббиёт бирлашмаси туғруқ комплексида таъмирлаш ишлари ўтказилгани сабаб кўзи ёриган аёллар 2019 йилнинг октябрь ойида уч ҳафта давомида полда ётишга мажбур бўлганди.

2018 йилнинг декабрида Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманида 59 яшар ўқитувчи электри ҳар куни узилиб турган касалхонада 14 кун комада ётиб вафот этгани ҳақда Озодлик хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG